Марказий банк тижорат банкларини кредит шартномаларидаги шартлар бўйича огоҳлантирди
Марказий банк тижорат банкларининг айримлари кредит шартномаларига қонунчиликка зид ҳолда мижоз ҳуқуқларини чекловчи шартлар киритаётганини аниқлаб, 6 октябрь куни барча банкларга расмий огоҳлантириш юборди. Регулятор банклардан бундай амалиётни тўхтатишни ва кредит тўлов жадвалларидаги ҳар қандай ўзгаришлар ҳақида қарздорларга ўз вақтида ахборот беришни талаб қилган.

Сўнгги вақтларда айрим тижорат банклари томонидан расмийлаштирилган кредит шартномаларида янги ҳолатлар кузатилмоқда. Жумладан, кредитни қайтариш жадвалида кўрсатилган тўлов саналари ва миқдорлари кредитдан фойдаланиш жараёнида ўзгарган тақдирда, янгиланган жадвал фақат қарздорнинг сўрови асосида тақдим этилиши ҳақидаги шартлар киритилмоқда.
Марказий банк бу каби амалиёт қонунчилик талабларига зид эканини таъкидлади. Шу муносабат билан, регулятор 6 октябрь куни барча тижорат банкларига расмий огоҳлантириш хатини юборди.
“Банклар ва банк фаолияти тўғрисида”ги Қонуннинг 66-моддасига мувофиқ, банклар кўрсатиладиган хизматларнинг шартлари ва қиймати ҳақида мижозга ахборот беришни рад этишга ҳақли эмас. Кредит бериш шартлари бўйича барча зарур маълумотлар мижозга тўлиқ ва ўз вақтида етказилиши лозим.
Шунингдек, “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуннинг 6-моддасида ижрочи истеъмолчига кўрсатилаётган хизматлар ҳақида зарур, тўғри ва тушунарли маълумот бериши шартлиги, 21-моддасида эса истеъмолчи ҳуқуқларини чеклайдиган шартлар ҳақиқий эмаслиги белгилаб қўйилган.
Бундан ташқари, “Банк хизматлари истеъмолчилари билан ўзаро муносабатларни амалга оширишда тижорат банкларининг фаолиятига қўйиладиган минимал талаблар тўғрисида”ги низомнинг (рўйхат рақами 3030, 2018 йил 2 июль) 121-бандига кўра, банклар шартнома имзоланган кунда истеъмолчига шартноманинг битта асл нусхасини тақдим этиши шарт.
Марказий банк қайд этишича, кредитни қайтариш жадвали — кредит шартномасининг ажралмас қисми ҳисобланади. Унда қарздор учун муҳим бўлган маълумотлар — кредит қолдиғи, асосий қарз ва фоиз тўловлари миқдорлари ҳамда уларнинг амалга оширилиш саналари келтирилади. Шу сабабли, жадвалдаги ҳар қандай ўзгаришлар кредит шартларига тегишли бўлиб, улар истеъмолчига ўз вақтида етказилиши лозим.
Акс ҳолда, қарздорнинг тўлов саналари ёки суммалари ҳақида хабардор бўлмаслиги тўловларнинг кечикишига, ортиқча фоизлар ҳисобланишига, жарималар қўлланишига, кредит тарихининг ёмонлашишига, шунингдек банк ва қарз олувчи ўртасида низолар келиб чиқишига олиб келиши мумкин.
Шу муносабат билан, Марказий банк барча тижорат банкларига қуйидагиларни топширди:
- кредит шартномаларига истеъмолчи ҳуқуқларини чекловчи шартларни киритиш амалиётини дарҳол тўхтатиш;
- аввал тузилган кредит шартномаларига бундай шартларни бекор қилувчи ўзгартиришлар киритиш;
- кредит тўлов жадвалида кредит қолдиғи, тўлов санаси, асосий ва фоиз қарзи бўйича тўлов миқдорларига оид ҳар қандай ўзгаришлар бўлган тақдирда, қарздорга янгиланган жадвални мажбурий равишда тақдим этишни таъминлаш.
Марказий банк тижорат банкларининг кредит шартномаларида устунлик кучидан фойдаланиб, жавобгарликни ўзидан олиб истеъмолчига юклашини қонунчиликка зид деб ҳисоблайди. Шунингдек, бундай шартлар истеъмолчиларнинг қонуний ҳуқуқларини чеклаш сифатида баҳоланади.
Аввалроқ Марказий банк томонидан TBC банк, Даврбанк ва Ҳамкорбанк’га нисбатан умумий 2,5 млрд сўм жарима қўллангани хабар қилинган эди.