11 789.330 so‘m

increase

4.030

13 702.740 so‘m

increase

7.040

136.480 so‘m

increase

0.350

11 789.330 so‘m

increase

4.030

2 соат аввал
Банк
50

Кредит ундиришда банклар мижоз картасида камида 680 минг сўм қолдириши таклиф этилмоқда

Марказий банк кредит ёки кафиллик бўйича қарздорликни мижознинг банк карталаридан унинг алоҳида топшириғисиз ундиришга янги чеклов жорий этишни таклиф қилмоқда.

Лойиҳа қабул қилинса, бундай операциядан кейин мижознинг карта ҳисобварақларида меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг камида ярми — ҳозирги ҳисобда 680 минг сўм сақланиб қолиши керак бўлади.

Айрим махсус бириктирилган карталар бундан мустасно қилиниши режалаштирилган.

Кредит ундиришда банклар мижоз картасида камида 680 минг сўм қолдириши таклиф этилмоқда

Марказий банк “Банк хизматлари истеъмолчилари билан ўзаро муносабатларни амалга оширишда тижорат банкларининг фаолиятига қўйиладиган минимал талаблар тўғрисида”ги низомга тегишли ўзгартириш киритишни таклиф қилмоқда. Лойиҳа ҳозирча жамоатчилик муҳокамасида.

Таклифга кўра, кредит ёки кафиллик шартномаси бўйича тўловлар мижознинг алоҳида топшириғисиз унинг банк карта ҳисобварақларидан ечиб олинаётган бўлса, банк карталардаги маблағларнинг барчасини қарздорликка йўналтира олмайди.

Ундиришдан кейин мижознинг карта ҳисобварақларида меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 50 фоизига тенг маблағ сақланиб қолиши керак бўлади.

2026 йил 1-сентабрдан Ўзбекистонда меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори 1,36 млн сўмни ташкил этмоқда. Шундан келиб чиқиб, ҳозирги ҳисобда ҳимояланадиган минимал сумма 680 минг сўм бўлади. МҲТЕКМ келгусида оширилса, ушбу чегара ҳам унга мос равишда ўзгаради.

Масалан, мижознинг карта ҳисобварақларида жами 1,5 млн сўм мавжуд бўлса ва банк кредит бўйича қарздорликни мижоз топшириғисиз автоматик ундирмоқчи бўлса, таклиф қилинаётган қоида доирасида маблағни тўлиқ ечиб олиш мумкин бўлмайди. Ҳисобварақларда камида 680 минг сўм сақланиб қолиши керак бўлади.

Бироқ лойиҳа айрим карталар учун истисно ҳам назарда тутмоқда. Хусусан, кредит ёки кафиллик шартномасида мажбурий реквизитлари кўрсатилган, шунингдек, қарздорлик бўйича тўловларни ундириш учун банкнинг мобил иловасига бириктирилган карталарга минимал қолдиқ талаби татбиқ этилмаслиги таклиф қилиняпти.

Яъни мижоз кредитни қайтариш учун муайян картани олдиндан шартномада белгилаган ёки банк иловасида тўлов картаси сифатида бириктирган бўлса, банк ўша картадаги маблағлардан қарздорликни ундиришда 680 минг сўмлик чегарага риоя қилиши шарт бўлмаслиги мумкин.

Айни пайтда картадаги маблағни қарздорлик учун автоматик ечишга ўхшаш чеклов UZCARD тизимида аллақачон мавжуд. 2026 йил 15 апрелдан UZCARD карталаридан автоматик акцептсиз ечиб олишда камида 3 БҲМ миқдоридаги камайтирилмайдиган қолдиқ сақланиши белгиланган.

2026 йил 1-сентабрдан БҲМ 440 минг сўм бўлгани ҳисобга олинса, UZCARD тизимидаги бу чегара ҳозир 1,32 млн сўмга тенг. Бироқ мазкур талаб айнан UZCARD тўлов тизими доирасидаги автоматик акцептсиз ечиб олиш операцияларига тегишли ва мижоз банкка ўзи тақдим этиб, ОТП орқали тасдиқлаган карта реквизитларига татбиқ этилмайди.

Марказий банкнинг янги лойиҳаси эса минимал қолдиқ талабини тижорат банкларининг мижозлар билан ишлашига қўйиладиган умумий норматив талаблар таркибига киритишни назарда тутмоқда.

Лойиҳа бўйича жамоатчилик муҳокамаси 14-сентабргача давом этади.

Pinkod.uz сайтида эълон қилинган материаллардан нусха кўчириш, тарқатиш ва бошқа шаклларда фойдаланиш фақат таҳририят ёзма розилиги билан амалга оширилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 15.10.2024 санасида №440126 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.

© 2026 Pinkod.uz.
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

18+