Банкдан кредит олганларнинг 53 фоизида бир нечта қарз мажбурияти мавжуд — Марказий банк
Бир нечта қарз мажбуриятига эга банк мижозлари улуши бир йил ичида 43 фоиздан 53 фоизга ошган. Жами қарздорларнинг 62 фоизи фақат банклардан, 20 фоизи нобанк ташкилотлардан, яна 18 фоизи эса ҳар икки турдаги ташкилотдан қарз олган.

Марказий банкнинг 2025 йил учун молиявий барқарорлик шарҳига кўра, йил давомида банкдан кредит олган аҳолининг 53 фоизида бир нечта қарз мажбурияти мавжуд бўлган. 2025 йил бошида бу кўрсаткич 43 фоизни ташкил этган.
Бунда қарздорнинг нафақат банклардаги кредитлари, балки микромолия ва бошқа нобанк ташкилотлар олдидаги мажбуриятлари ҳам ҳисобга олинган. Регулятор бир вақтнинг ўзида бир нечта кредитга хизмат кўрсатиш зарурати фуқароларнинг тўлов қобилиятини заифлаштириши мумкинлигини таъкидлаган.
2026 йил 1 январь ҳолатига жами қарздор аҳолининг 62 фоизи фақат банклардан, 20 фоизи фақат банкдан ташқари ташкилотлардан қарз олган. Яна 18 фоиз фуқаронинг ҳам банклар, ҳам нобанк ташкилотлар олдида мажбурияти мавжуд. Охирги кўрсаткич бир йил ичида 10 фоиз бандга ошган.
Шу билан бирга, банкдан кредит олган жисмоний шахсларнинг умумий қарз юки бироз пасайган. Уларнинг барча мажбуриятларини ҳисобга олган ҳолдаги ўртача ДСТИ, яъни ойлик қарз тўловларининг даромадга нисбати 38 фоиздан 37 фоизга тушган.
2025 йил якунида банк кредити мавжуд аҳоли сони 11 фоизга кўпайиб, 5,2 млн кишига етган. Ҳар минг нафар меҳнатга лаёқатли аҳолига 244 нафар қарздор тўғри келган.









