Марказий банк банкларга суд қароридан кейин ноқонуний ундирилган кредит фоизлари ва жарималарни қайтаришни топширди
Тижорат банклари 10 декабргача суд қарори чиқарилган кредитлар бўйича фоиз ва жарималар ҳисобланишини текшириши керак. Аниқланган қоидабузарликлар бартараф этилиб, 25 декабргача Марказий банкка ҳисобот тақдим этилади.
Бундай ҳолатга дуч келган қарз олувчилар Марказий банкнинг 71 200-00-44 ёки 18 00 рақамларига, шунингдек, Telegram’даги “Банкда нима гап?” ботига мурожаат қилиши мумкин.

Марказий банк тижорат банкларига суд қарори чиқарилган кредитлар бўйича фоиз ва жарималарни ҳисоблаш тартибини қайта текшириш ҳамда ноқонуний ундирилган маблағларни қарз олувчиларга қайтариш вазифасини юклади.
Регуляторнинг Банк назорати қўмитаси қарорига мувофиқ, банкларнинг кузатув кенгашлари ва бошқарувлари суд қароридан кейин кредит қарздорлигига қўшимча фоиз, жарима ёки пеня ҳисобланмаслигини таъминлаши шарт.
Фуқаролик кодексининг 744-моддаси учинчи қисмига кўра, кредит қарзини ундириш тўғрисида суднинг ҳал қилув қарори чиқарилганда, унда кўрсатилган ундириладиган суммага нисбатан фоизлар ва неустойка ҳисоблаш тўхтатилади.
Яъни банк кредит қарздорлигини суд орқали ундиришга эришганидан кейин қарорда белгиланган суммани янги фоиз ва жарималар ҳисобига ошириб бориши мумкин эмас.
Олий суд Пленумининг тушунтиришига кўра, агар кредит қарзини ундириш бўйича суд қарори 2024 йил 1 январгача чиқарилган бўлса, мазкур санадан бошлаб ундириладиган суммага фоиз ва неустойка ҳисоблаш тўхтатилиши керак. Ушбу қоида кредит қарздорлигини ундириш тўғрисида суд буйруғи берилган ҳолларга ҳам татбиқ этилади.
Банклар 10 декабргача текширув ўтказади
Марказий банкнинг Банк назорати қўмитаси қарори билан тижорат банкларининг ички аудит хизматларига 2026 йил 10 декабргача тегишли текширувларни ўтказиш топширилди.
Текширув давомида суд қарори чиқарилган кредитлар бўйича фоиз ва жарималарни ҳисоблаш ўз вақтида тўхтатилгани ўрганилади. Аниқланган қоидабузарликлар эса банкларнинг кузатув кенгашлари ва бошқарувлари муҳокамасига киритилиши керак.
Бунда қонунчиликка зид равишда ҳисобланган фоиз ва жарималар зудлик билан бекор қилиниши, мижозлардан ундирилган маблағлар эса қисқа муддатда қайтарилиши лозим.
Банк бошқарувлари амалга оширилган ишлар, аниқланган қоидабузарликлар ва қарз олувчиларга қайтарилган маблағлар юзасидан батафсил ҳисобот тайёрлаши керак.
Ушбу ҳисоботлар тасдиқловчи ҳужжатлар билан бирга 2026 йил 25 декабргача Марказий банкка тақдим этилиши шарт.
Шу билан бирга, Марказий банк ҳозирча қанча кредит бўйича қонунга зид равишда фоиз ёки жарималар ҳисоблангани, шунингдек, мижозларга қайтарилиши керак бўлган маблағларнинг умумий ҳажмини очиқламаган.
Қарз олувчилар нима қилиши керак?
Суд қарори чиқарилган кредит бўйича фоиз ёки жарима ҳисоблаш давом этган бўлса, қарз олувчи банкдан қарздорлик ҳисоб-китобини текширишни, ноқонуний ҳисобланган суммаларни бекор қилишни ва ортиқча ундирилган маблағларни қайтаришни талаб қилиши мумкин.
Бунда суд қарори чиқарилган сана, ундирилиши белгиланган сумма ва банк томонидан кейинчалик ҳисобланган тўловларни солиштириш муҳим.
Қоидабузарлик юзасидан Марказий банкнинг 71 200-00-44 ёки 18 00 қисқа рақамли алоқа марказларига, шунингдек, “Банкда нима гап?” Телеграм ботига мурожаат қилиш мумкин.
Таъкидлаш жоизки, суд қароридан кейин фоиз ва жарималарнинг ҳисобланиши тўхтатилиши қарз олувчини суд қарорида белгиланган асосий қарздорликни тўлаш мажбуриятидан озод этмайди. Банк мазкур суммани қонунчиликда белгиланган тартибда ундириш ҳуқуқини сақлаб қолади.









