Ўзбекистоннинг турли ҳудудларида уй-жой сотиб олиш учун қанча вақт кетади?
2021–2024 йиллар давомида Ўзбекистонда аҳоли даромадлари 87% га ошди, уй-жой нархлари эса 44% га кўтарилди.
Айрим вилоятларда уй-жой харид қилиш учун 7 йил керак бўлса, бошқаларда бу кўрсаткич 15 йилга яқинлашади.

2021–2024 йиллар давомида Ўзбекистонда аҳоли даромадлари сезиларли даражада ошди. Жумладан, мазкур даврда аҳоли даромадлари 87% га ўсган бўлса, уй-жой нархлари 44% га кўтарилди.
Бу эса ўз навбатида, аҳолининг уй-жой сотиб олиш қобилияти яхшиланганини кўрсатади. Аммо бу умумий рақамлардир. Асл ҳолат ҳар бир ҳудудда турлича — кимдир 7 йилда уй олиш имконига эга бўлса, бошқаси учун бу орзу деярли 15 йилга чўзилади.
Масалан, Сирдарё вилояти аҳолиси ўртача ҳисобда 7 йилда уй-жой сотиб олиши мумкин. Бу республика миқёсида энг қисқа муддатли кўрсаткич бўлиб, 2021 йилда бу рақам 9 йилни ташкил этган. Хоразм ва Қашқадарё вилоятларида ҳам уй-жой хариди учун қулай ҳудудлардир. Мазкур вилоятларда уй олиш учун тегишли даромадни йиғиш муддати тахминан 7,6 йилни ташкил қилади. Фарғона вилоятида бу кўрсаткич 7,3 йилга, Сурхондарёда эса 8,2 йилга тенг бўлиб, аҳоли учун имкониятлар нисбатан яхшиланган.

Андижон, Наманган, Жиззах, Қорақалпоғистон Республикаси каби ҳудудларда ҳам ижобий силжишлар бор. Наманганда 2021-йилги 12,6 йиллик кўрсаткич 10 йилга тушган. Худди шундай, Андижонда 12,9 йиллик давр ҳозирда 10,2 йилга қисқарган. Қорақалпоғистонда эса бугун уй сотиб олиш учун 7,4 йил керак бўлади, бу эса ўтган йиллардагига нисбатан яхшироқ кўрсаткич.
Тошкент вилоятида ўртача кўрсаткич 11 йил атрофида. Навоийда эса бу рақам 11,3 йилга тенг. Бухорода эса бу муддат 10.4 йил бўлиб, деярли ўзгармаган.
Республика бўйича ўртача кўрсаткич эса 9,9 йилни ташкил этади. Бу 2021 йилдаги 11 йиллик даврга нисбатан яхшиланишни англатади.
Шунга қарамай, айрим ҳудудларда уй-жой олиш ҳамон жуда мураккаб. Жумладан, пойтахт Тошкент шаҳрида уй олиш учун ўртача 14,9 йил керак. Бу мамлакат миқёсидаги энг юқори кўрсаткичдир. 2021 йилда бу рақам 17,8 йил эди, яъни ижобий силжиш бор, аммо уй-жой нархлари даромадларга нисбатан жуда юқорилигича қолмоқда. Самарқанд вилоятида ҳам шунга ўхшаш ҳолат кузатилади. Мазкур ҳудда уй сотиб олиш учун 13.9 йил керак бўлади, бу эса аҳолининг уй-жой сотиб олиш имконияти пастлигини кўрсатади.