Августда йиллик инфляция 6,2 фоизгача пасайди
Ўзбекистонда йиллик инфляция август ойида 6,2 фоизгача пасайди. Истеъмол нархлари бир ойда 0,2 фоиз, йил бошидан буён эса 3,4 фоизга ошган. Таққослаш учун, 2025 йил августида йиллик инфляция 8,8 фоизни ташкил этган эди.

Миллий статистика қўмитаси Ўзбекистондаги август ойи инфляцияси бўйича маълумотларни эълон қилди.
Унга кўра, истеъмол нархлари августда 0,2 фоизга ошди. Июль якунида 6,4 фоизни ташкил этган йиллик инфляция 6,2 фоизгача пасайди. 2025 йил августида бу кўрсаткич 8,8 фоиз эди.
Йил бошидан буён товар ва хизматлар 3,4 фоизга қимматлашган. Таққослаш учун, ўтган йилнинг январь–август ойларида нархлар ўсиши 4,5 фоизни ташкил этганди.
Август ойида озиқ-овқат маҳсулотлари ўртача 0,4 фоиз, ноозиқ-овқат товарлари 0,2 фоиз, пуллик хизматлар эса 0,1 фоизга қимматлашди.
Йиллик ҳисобда озиқ-овқат нархлари 6,2 фоиз, ноозиқ-овқат маҳсулотлари 5,9 фоиз ва хизматлар 6,4 фоизга ошган. Хизматлар инфляцияси бир йил ичида кескин секинлашди — 2025 йил августида у 16,2 фоизни ташкил этган эди.
Озиқ-овқат маҳсулотлари орасида сабзи бир ойда 9,2 фоиз, тарвуз 7,5 фоиз, пиёз 6,2 фоиз ва гуруч ўртача 2,2 фоизга қимматлашди. Тухум нархи 0,8 фоиз, ун 0,5 фоизга ошган.
Гўшт нархларидаги ўсиш ҳам давом этди. Августда қўй гўшти ва суяксиз мол гўшти 0,7 фоиздан, суякли мол гўшти эса 0,4 фоизга қимматлашган. Йиллик ҳисобда қўй гўшти нархи 20 фоиз, суяксиз мол гўшти 18,8 фоиз ва суякли мол гўшти 16,2 фоизга кўтарилган.
Айни пайтда мавсумий омиллар ҳисобига узум 10,9 фоиз, булғор қалампири 9,2 фоиз, олма 7,2 фоиз, нок 6 фоиз, бақлажон 5,5 фоиз ва картошка 3,3 фоизга арзонлашди.
Ёқилғи нархларида эса ўсиш кузатилди. Бензин августда ўртача 1,9 фоизга қимматлашди. Хусусан, АИ-92 бензини нархи 1,1 фоиз, АИ-95 — 4,9 фоиз, АИ-98 ва АИ-100 эса 6,7 фоизга ошган.
Пропан нархи бир ойда 5,8 фоиз, йиллик ҳисобда 41,4 фоизга кўтарилди. Метан нархи августда ўзгармади, бироқ 2025 йилнинг мос даврига нисбатан 10,3 фоиз юқори бўлди.
Шу билан бирга, халқаро авиақатновлар нархи 1,7 фоиз, шаҳарлараро автомобиль транспортида йўловчи ташиш 0,6 фоиз ва уй-жой ижараси 0,4 фоизга ошди. Пул ўтказмалари учун хизмат ҳақи эса сўмнинг доллар ва рублга нисбатан мустаҳкамланиши ҳисобига 1,4 фоизга камайди.
Августдаги умумий нархлар ўсишига энг катта таъсирни озиқ-овқат ва алкоголсиз ичимликлар кўрсатди. Ушбу гуруҳ инфляцияга 0,16 фоиз пункт, транспорт эса 0,04 фоиз пункт қўшди.









