Кўмир, пропан, газ ва электр: июнь ойида энг кўп нималар қимматлашди?
Ой давомида кўмир нархи 2,1 баробарга ошди, пропан 11,3 фоизга, тармоқ гази 10,7 фоизга, электр энергияси эса 9,6 фоизга қимматлашди. Шунингдек, метан ва бензин нархларида ҳам ўсиш кузатилди.
Натижада июнь ойида истеъмол нархлари 0,6 фоизга ошди, йиллик инфляция эса май ойидаги 5,5 фоиздан 6,4 фоизгача тезлашди.

2026 йил июнь ойида Ўзбекистонда истеъмол нархлари ой давомида 0,6 фоизга ошди. Йиллик инфляция май ойидаги 5,5 фоиздан 6,4 фоизгача тезлашди. Ой давомида умумий нархлар ўсишига асосан кўмир, электр энергияси, тармоқ гази ва ёқилғи нархларининг қимматлашиши таъсир қилди.
Июнда энг катта ўсиш кўмир нархида кузатилди. Илгари аҳолига тартибга солинадиган нархларда сотилган кўмир 2,1 баробарга қимматлашди. Бу омилнинг ўзи ойлик инфляцияга 0,48 фоиз пункт таъсир кўрсатган. Қўмита изоҳига кўра, 2026 йил июнидан кўмир ижтимоий аҳамиятга эга стратегик товарлар рўйхатидан чиқарилган ва унинг нархларини давлат томонидан тартибга солиш бекор қилинган.
Коммунал тарифларда ҳам сезиларли ўсиш қайд этилди. Республика бўйича ўртача ҳисобда электр энергияси 9,6 фоизга, тармоқ гази эса 10,7 фоизга қимматлашди. Электр энергияси ойлик инфляцияга 0,22 фоиз пункт, тармоқ гази эса 0,16 фоиз пункт ҳисса қўшган.
Ёқилғи нархларида ҳам ўсиш кучли бўлди. Июнда пропан нархи 11,3 фоизга, метан 8,8 фоизга қимматлашди. Бензин нархлари эса ой давомида ўртача 3,9 фоизга ошди. Хусусан, АИ-92 бензини 3,6 фоизга, АИ-95 6 фоизга, АИ-98 ва АИ-100 бензинлари 3,9 фоизга қимматлашган.
Озиқ-овқат маҳсулотлари орасида ҳам айрим товарлар нархи ошди. Гуруч ва гуруч оқшоғи 2,3 фоизга, гречка ва пастеризация қилинган сут 1,2 фоизга қимматлашган. Шакар, қўй гўшти ва суяксиз мол гўшти нархи 1 фоизга ошди. Тухум 0,8 фоизга, тирик ва совутилган балиқ нархлари эса ўртача 0,7 фоизга қимматлашди.
Мева-сабзавотлар орасида қимматлашган маҳсулотлар ҳам бор. Жумладан, сабзи бир ойда 6,5 фоизга, пиёз эса 3,6 фоизга қимматлашган.
Шу билан бирга, июнь ойида мавсумий омиллар ҳисобига мева-сабзавот маҳсулотларининг катта қисми арзонлашди. Энг катта пасайиш бақлажон нархида кузатилди — 46,6 фоиз. Помидор 38,3 фоизга, булғор қалампири 31,4 фоизга, тарвуз 26,3 фоизга, бодринг 25 фоизга арзонлашди.
Бундан ташқари, узум 18,7 фоизга, саримсоқпиёз 13,5 фоизга, картошка 12,8 фоизга арзонлаган. Карам нархи 5,6 фоизга, банан 5,9 фоизга, кўкатлар эса 4,4 фоизга пасайди.
Транспорт хизматларида такси нархлари 1,3 фоизга ошган. Бироқ айрим йўловчи ташиш хизматларида арзонлашув ҳам қайд этилди. Жумладан, темир йўл чипталари 0,3 фоизга, авиақатновлар эса 0,6 фоизга арзонлашди.









