11 934.240 so‘m

decrease

-75.030

13 591.910 so‘m

decrease

-96.260

152.980 so‘m

decrease

-0.770

11 934.240 so‘m

decrease

-75.030

21 дақиқа аввал
Иқтисодиёт
40

Ўзбекистоннинг ташқи савдо тақчиллиги 7,5 млрд долларга етди

2026 йилнинг январь–май ойларида Ўзбекистоннинг ташқи савдо айланмаси 32,8 млрд долларни ташкил этиб, бир йил аввалгига нисбатан 3,7 фоизга ошди. Бироқ экспортнинг 15,5 фоизга қисқариши ва импортнинг 20,8 фоизга ўсиши натижасида ташқи савдо тақчиллиги 7,5 млрд долларга етди. Олтин ҳисобга олинмаган экспорт эса қарийб 30 фоизга кўпайган.

Ўзбекистоннинг ташқи савдо тақчиллиги 7,5 млрд долларга етди
Фото: AI/Pinkod.uz

Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, жорий йилнинг дастлабки беш ойида Ўзбекистоннинг ташқи савдо айланмаси 32 млрд 765,5 млн долларни ташкил этди. Бу 2025 йилнинг мос давридагидан 1,2 млрд доллар ёки 3,7 фоизга кўп.

Ҳисобот даврида экспорт ҳажми 12 млрд 638,1 млн долларни, импорт эса 20 млрд 127,4 млн долларни ташкил қилди. Экспорт 2,3 млрд долларга ёки 15,5 фоизга камайган бўлса, импорт 3,5 млрд долларга ёки 20,8 фоизга ошди.

Савдо тақчиллиги 4,4 баравар кенгайди

Экспорт ва импорт ўртасидаги фарқ натижасида Ўзбекистоннинг ташқи савдо баланси 7 млрд 489,3 млн долларлик манфий сальдо билан шаклланди.

Таққослаш учун, 2025 йил январь–май ойларида савдо тақчиллиги 1 млрд 702,6 млн долларни ташкил этган эди. Шу тариқа, бир йил ичида манфий сальдо қарийб 5,8 млрд долларга кўпайиб, 4,4 баравар кенгайди.

Бунга бир томондан олтин экспортининг кескин камайиши, иккинчи томондан машина ва ускуналар, озиқ-овқат, ёқилғи ҳамда кимё маҳсулотлари импортининг ўсиши таъсир кўрсатган.

Олтин экспорти қарийб 5 млрд долларга камайди

Январь–май ойларида Ўзбекистон 1 млрд 503,8 млн долларлик номонетар олтин экспорт қилди. Ўтган йилнинг мос даврида бу кўрсаткич 6 млрд 492,1 млн долларни ташкил этган.

Натижада олтин экспорти бир йил ичида қарийб 5 млрд долларга ёки 76,8 фоизга қисқарди. Унинг жами экспортдаги улуши ҳам 43,4 фоиздан 11,9 фоизгача тушди.

Шу билан бирга, олтин ҳисобга олинмаган товарлар экспорти 6,5 млрд долларга етиб, ўтган йилга нисбатан 29,4 фоизга ошди. Бу олтиндан ташқари экспорт йўналишларида ўсиш сақланиб қолаётганини кўрсатади.

Хизматлар экспорти 4,6 млрд долларга етди

Экспортдаги энг юқори ўсишлардан бири хизматлар соҳасида кузатилди. Январь–май ойларида хизматлар экспорти 4 млрд 588,6 млн долларни ташкил этиб, бир йил аввалгига нисбатан 34,9 фоизга ошди.

Хизматлар жами экспортнинг 36,3 фоизини ташкил қилди. Унинг таркибида:

  • сафарлар ва туризм хизматлари — 2 млрд 244,2 млн доллар;
  • транспорт хизматлари — 1 млрд 660,4 млн доллар;
  • телекоммуникация, компьютер ва ахборот хизматлари — 441,8 млн доллар;
  • бошқа тадбиркорлик хизматлари — 93,1 млн долларни ташкил этди.

Туризм хизматлари хизматлар экспортининг 48,9 фоизини, транспорт хизматлари эса 36,2 фоизини эгаллади.

Тўқимачилик экспорти 20 фоизга ошди

Ўзбекистон январь–май ойларида 1,3 млрд долларлик тўқимачилик маҳсулотларини экспорт қилди. Бу 2025 йилнинг мос даврига нисбатан 20,1 фоизга кўп.

Тўқимачилик маҳсулотлари жами экспортнинг 10 фоизини ташкил этди. Экспорт таркибида тайёр тўқимачилик маҳсулотлари 50,8 фоиз, ип-калава эса 32,3 фоиз улушга эга бўлди.

Саноат товарлари экспорти 18 фоизга ошиб, 1,9 млрд долларга, турли хил тайёр маҳсулотлар экспорти эса қарийб икки баравар ўсиб, 1,1 млрд долларга етди.

Хусусан, кийим-кечак ва уларнинг анжомлари экспорти 520,7 млн долларни ташкил этиб, 34,8 фоизга ўсди.

Мева-сабзавот экспортидан 635,8 млн доллар тушди

Дастлабки беш ойда Ўзбекистон 736 минг тонна мева ва сабзавот экспорт қилди. Экспортнинг жисмоний ҳажми 0,8 фоизга камайганига қарамай, унинг қиймати 2,7 фоизга ошиб, 635,8 млн долларга етди.

Мева ва резаворлар экспорти 162,2 млн долларни, сабзавотлар экспорти эса 138,5 млн долларни ташкил этди.

Экспорт қилинган асосий маҳсулотлар орасида:

  • қуритилган узум — 53,2 млн доллар;
  • карам — 51,5 млн доллар;
  • пиёз — 48,9 млн доллар;
  • гилос — 37,1 млн доллар;
  • мош — 30,4 млн доллар;
  • қуритилган олхўри — 26,7 млн доллар;
  • помидор — 22,7 млн доллар;
  • қуритилган ўрик — 22,7 млн доллар қайд этилди.

Анор экспорти 7,5 минг тоннага етиб, ундан 11,1 млн доллар даромад олинган.

Импортнинг учдан бирини машина ва ускуналар ташкил этди

Ўзбекистоннинг умумий импорти 20,1 млрд долларга етди. Шундан 18,1 млрд доллари товарлар, 2,1 млрд доллари хизматлар импортига тўғри келди.

Импорт таркибида энг катта улуш машина ва транспорт асбоб-ускуналарига тегишли бўлди. Ушбу тоифадаги импорт 20,5 фоизга ошиб, 6 млрд 660,3 млн доллар ёки жами импортнинг 33,1 фоизини ташкил этди.

Жумладан:

  • автомобиллар ва транспорт воситалари — 1 млрд 552,1 млн доллар;
  • автомобиль қисмлари ва анжомлари — 723,1 млн доллар;
  • йўловчи автомобиллари — 599,8 млн доллар;
  • электр машиналари ва жиҳозлари — 1 млрд 156,2 млн доллар;
  • саноат машиналари ва уларнинг деталлари — 979 млн доллар;
  • махсус ишлаб чиқариш ускуналари — 967,4 млн доллар;
  • телекоммуникация ускуналари — 653,9 млн долларни ташкил этди.

Йўловчи автомобиллари импорти 84,4 фоизга, телекоммуникация ускуналари 81,7 фоизга, компьютер ва маълумотларни қайта ишлаш қурилмалари импорти эса қарийб икки баравар ошган.

Озиқ-овқат импорти 42 фоизга кўпайди

Озиқ-овқат маҳсулотлари ва тирик ҳайвонлар импорти 2 млрд 312,5 млн долларга етиб, ўтган йилга нисбатан 42,3 фоизга ошди. Унинг умумий импортдаги улуши 9,8 фоиздан 11,5 фоизга кўтарилди.

Асосий озиқ-овқат импорти:

  • дон ва ундан тайёрланган маҳсулотлар — 632,5 млн доллар;
  • гўшт ва гўшт маҳсулотлари — 393,6 млн доллар;
  • шакар, асал ва шакар маҳсулотлари — 296,4 млн доллар;
  • мева ва сабзавотлар — 284 млн доллар;
  • чой, қаҳва, какао ва зираворлар — 214,3 млн доллар;
  • сут маҳсулотлари ва тухум — 158,1 млн долларни ташкил қилди.

Дон маҳсулотлари импорти 63,5 фоизга, шакар импорти 51,1 фоизга, гўшт импорти эса 46,9 фоизга ошди.

Газ ва бензин импорти кескин ошди

Минерал ёқилғи ва мойлаш материаллари импорти 31,7 фоизга ўсиб, 1 млрд 861,3 млн долларга етди.

Шундан:

  • нефть ва нефть маҳсулотлари — 1 млрд 7,3 млн доллар;
  • табиий ва сунъий газ — 724,7 млн доллар;
  • бензин — 373,4 млн доллар;
  • дизель ёқилғиси — 226,8 млн доллар;
  • суюлтирилган газ — 68,2 млн долларни ташкил этди.

Табиий газ импорти 84,1 фоизга, бензин импорти эса 85,1 фоизга ошган.

Хитой билан савдо 7,7 млрд долларга яқинлашди

Ўзбекистон 185 дан ортиқ мамлакат билан савдо алоқаларини амалга оширди. Ташқи савдо айланмасида энг катта улуш Хитой ва Россия ҳиссасига тўғри келди.

Йирик савдо ҳамкорлари:

  • Хитой — 7 млрд 650,9 млн доллар;
  • Россия — 5 млрд 774,5 млн доллар;
  • Қозоғистон — 2 млрд 267 млн доллар;
  • Туркия — 1 млрд 197,8 млн доллар;
  • Афғонистон — 915,8 млн доллар;
  • Франция — 771,9 млн доллар;
  • Жанубий Корея — 747,8 млн доллар;
  • БАА — 746,6 млн доллар.

Хитой Ўзбекистон ташқи савдосининг 23,4 фоизини, Россия 17,6 фоизини, Қозоғистон эса 6,9 фоизини шакллантирди.

Экспорт бўйича Россия 1 млрд 881,4 млн доллар билан биринчи ўринни эгаллади. Ундан кейинги ўринларда Хитой — 1 млрд 158,2 млн доллар ва Афғонистон — 817,8 млн доллар қайд этилди.

Импортда эса Хитойнинг улуши 32,3 фоиз ёки 6 млрд 492,7 млн долларни ташкил қилди. Россиядан 3 млрд 893,1 млн долларлик, Қозоғистондан эса 1 млрд 693,4 млн долларлик товар ва хизматлар импорт қилинган.

Pinkod.uz сайтида эълон қилинган материаллардан нусха кўчириш, тарқатиш ва бошқа шаклларда фойдаланиш фақат таҳририят ёзма розилиги билан амалга оширилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 15.10.2024 санасида №440126 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.

© 2026 Pinkod.uz.
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

18+