11 785.300 so‘m

decrease

-9.700

13 695.700 so‘m

decrease

-3.010

136.130 so‘m

increase

0.330

11 785.300 so‘m

decrease

-9.700

1 соат аввал
Иқтисодиёт
86

Ўзбекистонда аҳоли жон бошига ЯИМ йил якунида 4,7 минг долларга етиши кутилмоқда — прогноз

2026 йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистонда аҳоли жон бошига ялпи ички маҳсулот 27,95 млн сўмни ташкил этди. 

Pinkod 2026 йилнинг биринчи ярмидаги натижалар ва аввалги йил динамикаси асосида ҳисоб-китоб қилди.

Унга кўра, аҳоли жон бошига ЯИМ йил якунида қарийб 57 млн сўм ёки 4,7 минг долларни ташкил этиши мумкин.

Ўзбекистонда аҳоли жон бошига ЯИМ йил якунида 4,7 минг долларга етиши кутилмоқда — прогноз

2026 йил январь–июнь ойларида Ўзбекистон ялпи ички маҳсулоти жорий нархларда 1 072,7 трлн сўмга етди. Ўтган йилнинг мос даврига нисбатан иқтисодиёт реал ҳисобда 8,5% ўсди. Аҳоли жон бошига ЯИМ эса 27,95 млн сўмни ташкил этиб, реал ҳисобда 6,6% га ошди. Бу 2022 йилдан буён биринчи ярим йилликдаги энг юқори реал ўсиш бўлди. 

Умумий иқтисодий ўсиш билан аҳоли жон бошига кўрсаткич орасидаги 1,9 фоиз пунктлик фарқ аҳоли сонининг ҳам ошиб бораётгани билан боғлиқ. Яъни иқтисодиёт 8,5% кенгайган бўлса-да, уни аҳоли сонига бўлганда реал ўсиш 6,6% ни ташкил қилган.

Таққослаш учун, 2025 йил якунида Ўзбекистонда аҳоли жон бошига ЯИМ 48,8 млн сўм бўлган. 2024 йилда бу кўрсаткич 41,3 млн сўм, 2023 йилда 34,7 млн сўм, 2022 йилда 29,2 млн сўм, 2021 йилда 24,7 млн сўм ва 2020 йилда 20,6 млн сўмни ташкил этган. 

Шу тариқа, 2020–2025 йилларда аҳоли жон бошига ЯИМ номинал ҳисобда 2,4 бараварга яқин ошган. Агар 2026 йил якунида кўрсаткич 57 млн сўмга етса, 2020 йилга нисбатан ўсиш қарийб 2,8 бараварни ташкил қилади.

Бироқ номинал ўсишнинг барчасини аҳолининг реал фаровонлиги ошиши сифатида талқин қилиш мумкин эмас. Чунки сўмдаги ЯИМ ҳажмига иқтисодиётнинг реал ўсишидан ташқари нархлар ва инфляция ҳам таъсир қилади. Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2025 йилда аҳоли жон бошига ЯИМ реал ҳисобда 5,7% ўсган бўлса, 2026 йилнинг биринчи ярмида реал ўсиш 6,6% ни ташкил этди. 

Долларда қанча бўлади?

Доллар ҳисобидаги кўрсаткич қайси курс қўлланишига қараб сезиларли фарқ қилади.

2026 йил бошидан сентябрь бошигача доллар курси ўртача 12 061 сўм атрофида шаклланган. Шу курс йил охиригача кескин ўзгармаса, 57 млн сўмлик аҳоли жон бошига ЯИМ қарийб 4,73 минг долларни ташкил қилади. 2026 йилда ҳозиргача доллар курсининг энг юқори даражаси 12 320 сўм, энг пасти эса 11 765 сўм атрофида қайд этилган.

7 сентябрь ҳолатидаги Марказий банк расмий курси эса 1 доллар учун 11 785,30 сўмни ташкил этмоқда. Фақат шу курс билан ҳисобланганда 57 млн сўм қарийб 4,84 минг долларга тенг бўлади. 

Бироқ йиллик ЯИМнинг доллар эквивалентини ҳисоблашда бир кунлик курс эмас, йил давомида шаклланган ўртача курс муҳимроқ ҳисобланади.

Ҳукуматнинг аввалги макроиқтисодий ҳисоб-китобларида эса 2026 йил учун доллар курси ўртача 13 725 сўм бўлиши прогноз қилинган. Шу курс билан 57 млн сўмлик аҳоли жон бошига ЯИМ қарийб 4,15 минг долларни ташкил қилади. 

Амалдаги вазият эса ҳукуматнинг аввалги курс прогнозидан сезиларли фарқ қилмоқда. Йилнинг дастлабки саккиз ойида доллар ўртача 12,1 минг сўм атрофида бўлиб, сентябрь бошида 11,8 минг сўмгача тушган. Шунинг учун курс йилнинг қолган қисмида кескин кўтарилмаса, 2026 йил якунидаги аҳоли жон бошига ЯИМнинг доллар эквиваленти ҳукумат прогнози асосидаги 4,15 минг доллардан юқори чиқиши мумкин. 

57 млн сўмлик прогноз қандай ҳисобланди?

57 млн сўмлик кўрсаткич расмий ҳукумат ёки Миллий статистика қўмитаси прогнози эмас. Ҳисоб-китоб 2026 йилнинг биринчи ярмидаги натижа ва олдинги йилнинг биринчи ярим йилликдан тўлиқ йилга ўтиш динамикаси асосида шакллантирилган.

2025 йил якунида аҳоли жон бошига ЯИМ 48,8 млн сўмни ташкил этган. 2026 йилнинг биринчи ярмида эса кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан номинал ва реал ҳисобда юқорироқ бўлиб турибди. Шу динамика иккинчи ярим йилликда ҳам давом этса, йил якунида аҳоли жон бошига ЯИМ 57 млн сўм атрофида шаклланиши мумкин.

Иқтисодий ўсишга ҳозирча энг катта ҳисса саноат ва хизматлар томонидан қўшилмоқда. 2026 йилнинг биринчи ярмида хизматлар ялпи қўшилган қийматнинг 50,8%ини, саноат 26,5%ини, қишлоқ, ўрмон ва балиқчилик хўжалиги 15%ини, қурилиш эса 7,7%ини шакллантирди. Ахборот ва алоқа хизматлари 23,2%, ташиш ва сақлаш 15,8%, савдо 15%, қурилиш эса 13,7% ўсди. 

Аҳоли жон бошига ЯИМ аҳолининг бевосита даромадини англатмайди. Ушбу кўрсаткич мамлакатда яратилган жами ялпи ички маҳсулотни ўртача йиллик аҳоли сонига бўлиш орқали ҳисобланади. Шу сабабли 57 млн сўмлик кўрсаткични бир кишининг йиллик даромади ёки иш ҳақи сифатида талқин қилиш нотўғри. 

Pinkod.uz сайтида эълон қилинган материаллардан нусха кўчириш, тарқатиш ва бошқа шаклларда фойдаланиш фақат таҳририят ёзма розилиги билан амалга оширилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 15.10.2024 санасида №440126 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.

© 2026 Pinkod.uz.
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

18+