Жаҳон бозорида олтин нархи рекорд даражага етди
Жаҳон бозорида олтин нархи 3 508 долларга етиб, тарихий рекордни янгилади. Мутахассислар бу жараённи АҚШда Федерал резерв тизими (Fed) асосий ставкани пасайтириши мумкинлиги ва долларнинг заифлашуви билан боғламоқда.

Жаҳон бозорида олтин нархи тарихий рекордни янгилади. 2 сентябрь, сешанба кунги савдоларда қимматбаҳо металлнинг бир унцияси 3 508 долларгача кўтарилди. Бу кўрсаткич апрель ойида қайд этилган рекорддан ҳам юқори.
Олтин нархининг ўсишига АҚШда Федерал резерв тизими (Fed) асосий ставкани пасайтириши мумкинлиги ҳақидаги кутилмалар сабаб бўлмоқда. Бу декабрдан буён илк маротаба фоиз ставкасини тушириш эҳтимоли бўлиб, бозорларга Fed’нинг янада юмшоқ сиёсат юритиши мумкинлигини кўрсатди.
Анъанага кўра, олтин сиёсий ва иқтисодий ноаниқлик даврида “хавфсиз актив” сифатида юқори талабга эга бўлади. Айниқса фоиз ставкалари паст бўлса, ушбу талаб янада кучаяди.
Шунингдек, долларнинг жаҳон бозорида заифлашуви ҳам нарх ўсишига таъсир қилаётган муҳим омиллардан бири саналади.
Goldman Sachs прогнозларига кўра, 2025 йилда олтин нархи 3 700 доллар атрофида бўлиши кутилмоқда. Компания стратегик мутахассиси Лина Томаснинг таъкидлашича, йил давомида нарх 3 650–3 950 доллар оралиғида савдо қилиниши мумкин.
Citibank ҳам аввалги салбий прогнозини ижобий томонга ўзгартириб, кейинги чоракда олтин нархи 3 500 доллар атрофида барқарор сақланишини кутмоқда.
Олтин нархининг юқорилаши Ўзбекистон учун ҳам муҳим. Мамлакат айнан нарх энг юқори бўлган даврларда олтин экспортини амалга оширган, нарх пасайганида эса сотиб олишни афзал кўрган.