12 581.970 so‘m

increase

84.220

14 698.260 so‘m

increase

39.650

157.750 so‘m

increase

0.960

12 581.970 so‘m

increase

84.220

04 август, 18:07
Бозор

Citibank яқин уч ой ичидаги олтин нархи бўйича прогнозини $3 500 гача оширди

Citibank олтин нархи бўйича аввалги салбий прогнозини ижобий томонга ўзгартирди.

Банк мутахассислари нархлар яқин уч ой ичида бир унция учун $3 500 гача кўтарилишини кутмоқда.

Бу бир грамм соф олтин нархи $112 гача чиқиши мумкинлигини билдиради.

Citibank яқин уч ой ичидаги олтин нархи бўйича прогнозини $3 500 гача оширди
Фото: AI / Pinkod.uz

Citigroup ўзининг олтин нархи бўйича илгари билдирган салбий (пессимистик) прогнозини қайта кўриб чиқди. Бу ҳақда банк ҳисоботига таяниб Bloomberg хабар берди.

Эндиликда Cити таҳлилчилари, АҚШ иқтисодиёти заифлашаётгани ва бож ставкалари инфляцияни кучайтираётгани фонида, олтин нархи яқин орада рекорд даражага чиқишини кутмоқда.

“2025 йилнинг иккинчи ярмида АҚШ иқтисодий ўсиши ва тарифларга боғлиқ инфляция хавотирлари юқори бўлиб қолади. Бу эса заифлашган доллар билан биргаликда олтин нархининг янги рекорд даражага чиқишига туртки беради”, — дейилади банк баёнотида.

Банк олтиннинг яқин уч ой ичидаги нарх бўйича прогнозини $3 300 дан $3 500 га кўтарди. Бу бир грамм соф олтин нархи $112 гача чиқиши мумкинлигини билдиради. 

Шунингдек, таҳлилчиларнинг фикрича, кейинги чоракларда олтин бир унцияси $3 300 дан $3 600 гача бўлган оралиқда савдо қилиниши мумкин. Бу прогноз АҚШ импорт божлари кутилгандан юқори даражада белгиланиши билан боғлиқ.

Маълумот учун, айни пайтда жаҳон бозорида 1 грамм соф олтин $108 атрофида савдо қилинмоқда. 

Мазкур прогноз Citi’нинг июнь ойидаги позициясидан анча фарқ қилади. Ўшанда банк яқин чоракларда олтин нархи $3 000 дан паст бўлишини тахмин қилганди.

Citibank’нинг аввалги прогнози билан бу ерда танишиб чиқиш мумкин. 

Олтин нархининг кўтарилишига сабаб сифатида, аввало, АҚШ долларининг сезиларли даражада заифлашганини кўрсатилмоқда. Reuters хабарига кўра, бу ҳолат мамлакатда янги иш ўринлари камайгани билан боғлиқ. Натижада бозор иштирокчилари Федерал захира тизими (FED) сентябрь ойида асосий фоиз ставкасини пасайтиришига 81 фоиз эҳтимол билан қарамоқда.

Хабар тайёрланаётган пайтда Ўзбекистон банкларидаги 5 граммлик олтин қуймаси нархи 7 млн 34 минг сўмни ташкил қилмоқда.  

Банк, шунингдек, FED ва статистик хизматларга бўлган ишончнинг пасайгани, ҳамда Россия–Украина уруши билан боғлиқ геосиёсий хавфларнинг ортгани каби омилларни ҳам таъкидлаб ўтди.

Анъанага кўра, олтин сиёсий ва иқтисодий ноаниқлик шароитида “хавфсиз актив” сифатида катта талабга эга бўлади. Айниқса фоиз ставкалари паст бўлса, бу талаб янада ортади.

Cити ҳисоб-китобларига кўра, 2022 йил ўртасидан буён олтинга бўлган глобал талаб қарийб учдан бирга ошган. Бу эса 2025 йил иккинчи чорагига келиб, олтин нархининг деярли икки баравар кўтарилишига сабаб бўлган.

Банкнинг айтишича, бу ўсишга асосий сабаблар – сармоядорлар томонидан кучли талаб, марказий банкларнинг мўътадил миқдорда олтин харид қилиши ва юқори нархларга қарамай, заргарлик маҳсулотларига талабнинг барқарор қолганидир.


Аввалроқ Pinkod Goldman Sachs йил охиридаги олтин нархи бўйича прогнозини $3 700 га кўтаргани ҳақида хабар берган эди

Pinkod.uz сайтида эълон қилинган материаллардан нусха кўчириш, тарқатиш ва бошқа шаклларда фойдаланиш фақат таҳририят ёзма розилиги билан амалга оширилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 15.10.2024 санасида №440126 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.

© 2025 Pinkod.uz.
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

18+