11 963.230 so‘m

increase

50.850

13 970.660 so‘m

increase

97.500

155.350 so‘m

increase

1.960

11 963.230 so‘m

increase

50.850

2 соат аввал
Иқтисодиёт
62

Uzdunrobita (MTS-Oʻzbekiston): Ўзбекистондаги энг йирик алоқа операторларидан бирининг кўтарилиши, қулаши ва мамлакатдан чиқиб кетиши

2000 йиллар бошидан 2012 йилга қадар Uzdunrobita (Россиянинг MTS гуруҳи таркибидаги компания) Ўзбекистон мобил алоқа бозорининг етакчиларидан бири бўлиб, ўзининг жадал ривожи, кенг тармоқ қамрови ва агрессив маркетинги билан бозорда муҳим ўрин эгаллаган. Бироқ 2012 йилда компания тарихидаги энг кескин бурилиш содир бўлди: айбловлар, суд жараёнлари, лицензияларнинг бекор қилиниши ва активларнинг мусодара қилиниши MTS’нинг Ўзбекистондаги фаолиятига нуқта қўйди.

Uzdunrobita (MTS-Oʻzbekiston): Ўзбекистондаги энг йирик алоқа операторларидан бирининг кўтарилиши, қулаши ва мамлакатдан чиқиб кетиши
Фото: AI/Pinkod.uz

Янги мустақил Ўзбекистондаги “Америка орзуси” (1991–2000)

1991 йилнинг август ойида Жоржия штатининг Перри шаҳридан тиш шифокори, кўз шифокори, суғурта агенти, муҳандис ва 37 ёшли биржа брокери Браян Л. Бовен Совет Иттифоқининг сўнгги кунларида Тошкентга учиб келишди. Улар мамлакатда  “International Communications Group” (ICG)ни ташкил этиб, қўшма корхонанинг 45 фоиз улушини ўзларига олишди. Ўзбекистон Алоқа вазирлиги эса 55 фоиз улушни сақлаб қолган ҳолда, ускуналар, офислар ва муҳандисларни бепул тақдим этди. Уздунробитаънинг ташкил топиши айнан шундай бўлган эди. 

Узбектелеком — Уздунробита — Письма о Ташкенте
Фото: My.tashkent.uz / Уздунробита биноси 1990 йиллар

Мазкур алоқа компанияси Ўзбекистон тарихидаги биринчи ҳисобланади. Бозорда илк ўйинчи эканлиги туфайли Uzdunrobita’нинг ишлари тезда юришиб кетади. Компания биринчи фойдасини 1993 йилда топади. 1996 йилга келиб эса компаниянинг бир йиллик тушуми 50 млн долларга етади. Ўша даврлардаги абонентлар сони 7 минг нафарни, ишчилар сони 224 нафарни ташкил қилди. Бу АҚШ элчихонаси томонидан "Ўзбекистондаги ягона муваффақият ҳикояси" деб таърифланган.

Кейинчалик (2000 йилларга келиб) покистонлик инвесторлар Америка улушининг бир қисмини 2 млн доллар нақд пул ва Покистондаги таксофон компаниясининг акциялари эвазига сотиб олишди.

Гулнора Каримованинг рейдерлик ҳужуми (2001–2004)

Ҳаммаси мамлакат биринчи раҳбарининг қизи Гулнора Каримова телекоммуникация соҳасини ўзига олишга қарор қилганда ўзгарди. 2001 йил охирида у ICG президенти Шаҳид Ферозга юзланиб, ундан 20% улуш талаб қилди. Агар талаблари бажарилмаса у лицензияни бекор қилиб, компанияни йўқ қилиш билан таҳдид қилди.

Бир неча ой ичида Каримова давлатнинг 31% улушини ўзининг Гибралтар ва Дубайдаги оффшор компанияларига (Swisdorn Ltd, Revi Holdings) ўтказишни уюштирди ҳамда бунинг учун бир сўм ҳам тўламади. 2002–2003 йилларга келиб, у ишончли вакиллар орқали компанияни тўлиқ назоратга олди. Бошқарувни қўлга олгач, пуллар сохта консалтинг шартномалари, “лоббичилик” тўловлари ва нархи ошириб кўрсатилган битимлар орқали унга оқиб келди. Ёлғиз Huawei компаниясининг ўзи тармоқ ускуналари учун тўловларни унинг сохта фирмалари (шелл companies) орқали ўтказган. 

МТСга сотув: Битим ниқоби остидаги 420 млн долларлик пора (2004–2012)

Қуйида АҚШ адлия вазирлигидан олинган суд иши ҳужжатидан бир қисм келтириб ўтилади: 

US V. Gulnara Karimova and Bekhzod Akhmedov

Коррупсион схемани давом эттириш мақсадида AKHMEDOV ва KARIMOVA кўплаб тўловларни амалга оширган ҳамда уларни KARIMOVA назоратидаги айрим компаниялар ҳамда офшор компаниялар номига очилган бир нечта банк ҳисоблари орқали “ювган”. Коррупсион транзаксияларнинг кўпи давом этаётган пора бериш схемасини қўллаб-қувватлаш ва унинг даромадларини яшириш мақсадида Ню-Ёрк шаҳридаги молия муассасаларидаги корреспондент банк ҳисобларига юборилган ва улардан ўтказилган.

2004 йилда Каримова 74% улушни Россиянинг "Мобильные ТелеСистемы" (МТС) компаниясига тахминан 121–126 млн долларга сотди. МТС бу нарх пораларни ўз ичига олгани учун атайлаб оширилганини билар эди. Каримова қолган 26% улушни ўша пайтдаги танишига тегишли бўлган Swisdorn Ltd (Гибралтар) орқали ўзида сақлаб қолади.

2007 йилда МТС ўзининг сотиб олиш ҳуқуқидан фойдаланди ва қолган улуш учун Каримовага 250 млн доллар тўлади. Бу ҳар бир акция учун дастлабки баҳодан олти баравар кўп эди.

Бундан ташқари бошқа маблағлар ҳам талаб қилинган бўлиб, қўшимча тўловлар қуйидагиларни ўз ичига олган:

  • Мавжуд бўлмаган 4G лицензияси учун унинг “Tammaron” компаниясига 21,2 млн доллар “депозит”;
  • Каримова назорат қилган кичик ташқи реклама фирмаси “Колорит Дизайн” учун 40 млн доллар (асл қиймати тахминан 13 млн доллар бўлган);
  • 3G/LTE частоталари, рақамлар блоклари ва “ҳайрия” ҳомийлиги учун яна юзлаб миллионлар.

Кейинчалик АҚШ Адлия вазирлиги хулосалари МТС ва унинг шўъба корхоналари 2004 йилдан 2012 йилгача Ўзбекистон бозорига кириш, фаолият юритиш ва кенгайиш учун Каримовага тахминан 420 млн доллар пора тўлаганини тасдиқлади (ҳужжат матни Pinkod ихтиёрида мавжуд).

МТС даври: Ўзбекистон алоқа бозоридаги гегемония (2004–2012)

2004 йилда Россиянинг телекоммуникация гиганти MTS’нинг Ўзбекистон бозорига кириб келиши соҳада ҳақиқий инқилоб яратди. 2006 йилда амалга оширилган тўлиқ ребрендингдан сўнг, компания шунчаки номини ўзгартирмади, балки ўз иш услубини тубдан янгилади. Агар авваллари уйали алоқа фақат бойлар ва тадбиркорлар учун “элита” хизмати ҳисобланган бўлса, MTS агрессив маркетинг ва арзонлаштирилган тарифлар орқали уни оддий халқ учун кундалик эҳтиёжга айлантирди.

Натижалар ўзини узоқ куттирмади. 2006 йилда атиги 250 минг атрофида бўлган абонентлар базаси 2007 йилга келиб кескин сакраш қилди ва 1,85 млнга етди. Бу даврда компания рақобатчилари (асосан Beeline ва Ucell’ни) технологик жиҳатдан ҳам “чангида қолдириб кетди”. MTS 2007 йилда барча акцияларни тўлиқ сотиб олиб, компаниянинг ягона эгасига айлангач, инвестиция киритишни янада кучайтирди.

Технологик етакчилик компаниянинг асосий қуроли эди. Улар нафақат Тошкентда, балки вилоятларда ҳам энг кенг қамровга эга эди. 2010 йилга келиб, MTS МДҲ давлатлари орасида биринчилардан бўлиб Ўзбекистонда 4G (LTE) тармоғини (2.6 ГГц ва 700 МГц частоталарида) ишга туширди. Бу ўша давр учун жуда катта янгилик эди.

2012 йилга келиб, “MTS-Ўзбекистон” ўз қудратининг чўққисига чиқди. 9,5 млндан ортиқ абонентга эга бўлган компания мамлакат мобил алоқа бозорининг қарийб ярмини (40–50 фоизини) назорат қилар эди. Унинг даромадлилиги шу даражада юқори эдики, бутун МТС Гуруҳининг глобал миқёсдаги даромадининг 3,5 фоизи айнан Ўзбекистон ҳиссасига тўғри келарди. Бу пайтда компания Ўзбекистондаги энг йирик ва қудратли бизнес тузилмасига айланиб улгурганди.

“Бир уришда белигача”: тўсатдан ва шафқатсиз қулаш (2012 йил ёзи)

2012 йилнинг бошларига келиб Ўзбекистон телекоммуникация бозорида мисли кўрилмаган таранглик юзага келди. Гулнора Каримованинг ўзининг дахлсизлигини йўқота бошлаган эди. Шу вақтда МТС раҳбарияти Каримовага тегишли тузилмаларнинг навбатдаги, янада каттароқ миқдордаги ноқонуний тўлов (“ўлпон”) талабларини рад этишга журъат қилди. Жавоб зарбаси эса кутилганидан ҳам шиддатли ва шафқатсиз бўлди.

Ҳаммаси 2012 йил июнь ойида солиқ рейдлари, раҳбарларнинг сўроқ қилиниши ва ҳужжатларнинг мусодара қилиниши билан бошланди. Расмий айблов жуда жиддий эди: компания гўёки ноқонуний станциялар ўрнатган ва катта миқдордаги солиқ тўловларидан қочиб келган.

Энг асосий воқеа 2012 йил 17 июль оқшомида содир бўлди. Компания алоқа лицензияси аввалига 10 кунга тўхтатилди. Соат 18:00 атрофида бутун мамлакат бўйлаб 9,5 миллион абонентнинг телефонларида тармоқ сигнали йўқолди. 

Бу нафақат оддий аҳоли, балки бизнес, банк тизими ва транспорт логистикаси учун ҳам ҳақиқий фалокат эди. Одамлар оммавий равишда Ucell ва Beeline офисларига ёпирилиб, сим-карта олиш учун соатлаб, баъзан кунлаб навбатда туришди. Рақобатчи тармоқлар бундай юкламани кўтара олмай, алоқа сифати кескин тушиб кетди.

Август ойига келиб, суд “қоидабузарликлар бартараф этилмагани”ни важ қилиб, барча лицензияларни бутунлай бекор қилди. Сентябрда Uzdunrobita банкрот деб эълон қилиниб, унинг млрд долларлик инфратузилмаси, бинолари ва ускуналари давлат фойдасига мусодара қилинди. Бош директор ва Гулнора Каримованинг “ўнг қўли” ҳисобланган Беҳзод Аҳмедов Интерпол қидирувига берилишидан олдинроқ Россияга қочиб кетишга улгурди, бироқ компаниянинг ўрта бўғин раҳбарларидан бир қанчаси ҳибсга олинди ва турли муддатларга озодликдан маҳрум этилди.

Халқаро можаро ва рекорд даражадаги $850 млнлик жарима (2012–2019)

Бу воқеа Ўзбекистон чегарасидан чиқиб, глобал коррупция можаросига айланди. АҚШ Адлия вазирлиги ва Қимматли қоғозлар комиссияси (SEC) ишга аралашди. Негаки MTS акциялари Ню-Ёрк фонд биржасида савдо қилинар ва улар АҚШнинг “Хорижда коррупция амалиётлари тўғрисида”ги қонунини (FSPA) бузганликда гумонланаётган эди.

Тергов давомида маълум бўлдики, MTS, TeliaSonera (Ucell) ва VimpelCom (Beeline) Ўзбекистон бозорига кириш учун Гулнора Каримовага алоқадор бўлган Гибралтардаги “Takilant” каби оффшор фирмаларига юзлаб миллион доллар пора ўтказган. 

2019 йил март ойида MTS бу ишни ёпиш учун АҚШ ҳукуматига 850 миллион доллар тўлашга рози бўлди. Бу ўша вақтда бир давлатдаги порахўрлик иши бўйича тарихдаги энг йирик жарима эди. 

MTS’нинг қисқа қайтиши ва якуний видолашув (2014–2016)

2014 йилда кутилмаган сиёсий келишув юз берди. Халқаро арбитраж судларидаги даъволарини тўхтатиш эвазига МТСга бозорга қайтишга рухсат берилди. Эски инфратузилма базасида “Universal Mobile Systems” (UMS) қўшма корхонаси тузилди (50,01% — MTS, 49,99% — Давлат).

UMS opens new office in Jizzakh

Лекин бу “иккинчи нафас” узоққа чўзилмади. АҚШдаги терговларнинг босими ва Ўзбекистон бозоридаги ўзгарган вазият туфайли, MTS бу активдан қутулишни маъқул кўрди. 2016 йил августида руслар ўз улушини Ўзбекистон ҳукуматига рамзий суммага (баъзи манбаларга кўра 1 доллар эвазига, лекин катта қарз мажбуриятларидан қутулиш шарти билан) сотиб, мамлакатни бутунлай тарк этишди. УМС тоълиқ давлат тасарруфига ўтди ва 2018 йилда “MobiUz” бренди остида қайта иш бошлади.

Кутилаётган хусусийлаштириш

2025 йил 9 июнь куни Давлат активларини бошқариш агентлиги Universal Mobile Systems (Mobiuz) компанияси устав капиталидаги 100 фоиз давлат улушини хусусийлаштириш жараёнини бошлаганини маълум қилди.

Маълумотларга кўра, Ўзбекистон Mobiuz мобил алоқа операторини 300 млн долларга сотишни режалаштирмоқда. Bloomberg манбаларининг маълум қилишича, жараёнга Яқин Шарқ ва Европадан инвесторлар жалб қилиниши мумкин.

Жорий йил июнь ойида бошланган очиқ савдо жараёнида стратегик ва молиявий консултантлар — Rothschild & Co. ва KPMG икки ой ичида 100 дан ортиқ потенсиал инвесторлар билан музокаралар ўтказди.

Белгиланган муддатга қадар АҚШ, Европа ва Яқин Шарқ мамлакатлари, Кавказорти, Шарқий ва Марказий Осиё ҳудудларидан ҳамда маҳаллий компаниялардан жами 15 та ариза келиб тушди


Бонус: Ўзбекистондаги алоқа компаниялари кимларга тегишли?

Beeline

Beeline Uzbekistan - Официальный сайт

Очиқ манбаларга кўра, компания таъсисчиси — Unitell МЧЖ. Улушлар қуйидагича тақсимланган:

  • 70%VEON Uzbekistan Holding B.V.,
  • 30%VEON Central Asia B.V.

Uztelecom

Humans “Ўзбектелеком” тармоғидан фойдаланяпти, лекин қарзини тўламаяпти — расмий баёнот

1992 йилда ташкил этилган компаниянинг 94,55% улуши давлатга тегишли. Акцияларнинг:

  • 67,17% — Иқтисодиёт ва молия вазирлигига,
  • 25% — Миллий инвестиция жамғармасига,
  • қолган қисми эса бошқа субъектларга тегишли.

Ucell

Ucell returns more than 97 million soums to subscribers

Операторнинг 100% улуши Digital Holding МЧЖга қарашли. Улушлар таркиби:

  • 49% — Давлат активларини бошқариш агентлиги,
  • 46,1%Digital Инвест МЧЖ,
  • 4,9% — Ким Вадим Анатолевич.

Perfectum

Perfectum представляет новые полугодовые тарифы категорий Business и ...

Операторнинг таъсисчиси — Rubicon Wireless Communication МЧЖ. Улушлар қуйидагича:

  • 50% — Абдумалик Иминов,
  • 37,5%IMC-Capital МЧЖ,
  • 12,5% — Камрон Акбаров.

Маълумот учун, 2024 йил 31 декабрь ҳолатида UZCARD акциядорларининг улуши қуйидагича бўлган:

  • “IMC-Capital” МЧЖ — 75%

  • Камрон Анварович Акбаров — 25%

Аммо ҳозирда давлат реестрида компания акциядорлари рўйхати ёпиб қўйилган.

Humans МЧЖ

Humans’га тегишли Upay фаолиятига қўйилган чеклов бекор қилинди

Компаниянинг 100% улуши Humans Companies АЖга тегишли. Унинг илдизлари Сингапурда рўйхатдан ўтган Humans Mobile Ltd.га бориб тақалади. Қизиғи, компания бир қатор давлат органлари ва ташкилотлари билан турли муаммоларга дуч келяпти. Батафсил қуйида:

  1. Humans билан нималар содир бўлмоқда?
  2. Humans 2024 йилда рекорд миқдорда зарар кўрди.

Pinkod.uz сайтида эълон қилинган материаллардан нусха кўчириш, тарқатиш ва бошқа шаклларда фойдаланиш фақат таҳририят ёзма розилиги билан амалга оширилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 15.10.2024 санасида №440126 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.

© 2025 Pinkod.uz.
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

18+