Humans 2024 йилда рекорд миқдорда зарар кўрди
Humans 2024 йилда 192,7 миллиард сўмлик соф зарар қайд этди — бу ўтган йилги фойдага нисбатан кескин пасайишдир.
Айни пайтда компания Марказий банк, “Ўзбектелеком” ва Octobank билан турли ҳуқуқий масалалар юзасидан низолашмоқда.
Жумладан, Pinkod ўрганган суд ҳужжатларига кўра, Humans’нинг “Ўзбектелеком” олдидаги қарзи 497,7 миллиард сўмни ташкил этади.

Humans Companies АЖ 2024 йил якуни бўйича аудитдан ўтган молиявий ҳисоботини эълон қилди. Ҳисоботга кўра, компания 192,7 млрд сўм соф зарар кўрган бўлиб, бу 2023 йилдаги 8,9 млрд сўмлик соф фойдага нисбатан 2263,3 фоиз йиллик пасайишни англатади.
Соф тушум йиллик ифодада 29,6 млрд сўмдан 31,3 млрд сўмга ошган бўлса-да, ялпи фойда 6,1 млрд сўмдан 2,9 млрд сўмга камайган. Компаниянинг узоқ муддатли кредит ва қарз мажбуриятлари 8,8 млрд сўмдан 79,6 млрд сўмга (+803,4%) кўпайган. Айни пайтда, қисқа муддатли қарзлар 4,1 млрд сўмдан 3,4 млрд сўмга (-16,4%) қисқарган.
Humans дуч келаётган муаммолар
Ўзбекистондаги Humans бизнесининг эгаси, Сингапурда рўйхатдан ўтган Humans Mobile Ltd. компанияси Ўзбекистон ҳукуматига қарши халқаро арбитраж судига даъво аризаси киритган.
Компания давлат органи ва ташкилотидан зарар учун компенсация сўрамоқда. Humans Mobile’нинг таъкидлашича, компанияга етказилган зарар Ўзбекистон Марказий банки ва “Ўзбектелеком” томонидан амалга оширилган ҳаракатлар натижасидир. Шу сабабли, кўрилган зарар учун компенсация талаб қилинмоқда.
“Ўзбектелеком” билан можаро
2025 йилнинг май ойида Humans компанияси “Ўзбектелеком” устидан Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасига расмий шикоят киритди. Шикоятга кўра, давлат оператори интернет хизматларини сунъий равишда чеклаб, компанияга нисбатан босим ўтказган ва монополь нархларни қўллаган.
Бунга жавобан “Ўзбектелеком” расмий баёнот бериб, бу айбловларни асоссиз деб атади. Компаниянинг айтишича, айнан Humans узоқ муддат давомида шартнома мажбуриятларини бузган ва кўрсатилган хизматлар учун катта миқдорда қарздорликни тўламаган.
Бундан ташқари, 8 май куни Тошкент туманлараро иқтисодий судида “Ўзбектелеком” ва Humans ўртасидаги низо кўриб чиқилган. Pinkod мазкур суд ишини ўрганди. Суд ҳал қилув қарорига кўра, Humans ҳисобидан “Ўзбектелеком” фойдасига 497,7 млрд сўм асосий қарз ва 23,6 млрд сўмлик пеня ундирилиши белгиланган.
Octobank билан зиддият
Octobank АЖ 2025 йил 13 июнь соат 18:00 дан бошлаб Humans Visa карталарига хизмат кўрсатиш тўхтатилишини эълон қилди. Бунга Humans томонидан шартнома мажбуриятларнинг мунтазам равишда бузилиши сабаб қилиб кўрсатилган.
Шунингдек, 13 июнь куни Тошкент туманлараро иқтисодий судида Humans ва Octobank ўртасида низо кўриб чиқилган. Octobank Humans’дан даъво бўйича 500 млрд сўм талаб қилаётган эди.
Суд ҳал қилув қарорига кўра, Humans’га Octobank олдидаги қарздорликни қоплаш мажбуриятини юклатилган.
Humans мазкур вазиятга ўз муносабатини билдириб ўтган. Унда, Humans Octobank АЖ шартнома мажбуриятларини мунтазам равишда бажармагани учун унга қарши даъво тайёрлаётгани айтилган.