12 831.810 so‘m

decrease

-25.540

14 606.450 so‘m

decrease

-66.360

163.750 so‘m

increase

0.300

12 831.810 so‘m

decrease

-25.540

1 кун аввал
Иқтисодиёт

Humans “Ўзбектелеком” тармоғидан фойдаланяпти, лекин қарзини тўламаяпти — расмий баёнот

“Ўзбектелеком” матбуот хизматининг хабар беришича, Humans 2020 йилдан бери ўз мобил тармоғини қурмай, компания инфратузилмасидан фойдаланиб келмоқда. 

Оператор Humans томонидан шартнома мажбуриятларининг мунтазам бузилгани ва катта миқдорда қарздорлик юзага келганини таъкидлаб, ушбу асосда судга даъво киритган.

Эслатиб ўтамиз, можаро миллий судлар билан чекланмай, халқаро арбитраж муҳокамасига ҳам чиқарилган.

Humans “Ўзбектелеком” тармоғидан фойдаланяпти, лекин қарзини тўламаяпти — расмий баёнот
Фото: AI / Pinkod.uz

2025 йил май ойида Humans Рақобат қўмитасидан “Ўзбектелеком”га нисбатан монополияга қарши иш очишни сўради. Компаниянинг билдиришича, давлат оператори қарздорлик туфайли Ҳуманс учун интернет тезлигини пасайтирган, хизматларга “монополь юқори нарх” белгилаган ва камситувчи шароитлар яратган.

Шу муносабат билан “Ўзбектелеком” телекоммуникация хизматлари операторининг матбуот хизмати расмий муносабат билдирди

Компания Humans виртуал оператори бошқа мобил алоқа компанияларидан фарқли равишда ўз тармоғини яратишга сармоя киритмаганини, шу сабабли 2020 йилдан буён “Ўзбектелеком”нинг мобил тармоғидан шартнома асосида фойдаланиб келаётганини маълум қилди.

“Ўзбектелеком”га кўра, оммавий ахборот воситаларида компаниянинг Humans’га нисбатан бозордаги устун мавқесидан фойдаланиб босим ўтказаётгани ҳақидаги хабарлар асоссиздир. Оператор ўз инфратузилмасига эга бўлиб, бошқа мобил алоқа компаниялари – Ucell, Beeline ёки Mobi.uz – билан ҳам шартнома асосида хизмат кўрсатиш имкониятига эга.

Амалдаги қонунчиликда фақат “Ўзбектелеком” инфратузилмасидан фойдаланиш мажбурияти назарда тутилмаган”, — дейилади хизмат хабарида.

“Ўзбектелеком” Ўзбекистонда интернет хизматларини аҳолига арзон ва қулай етказиш мақсадида қатор муҳим ишларни амалга ошираётганини билдирди. Хусусан, халқаро интернет каналлари ўтказувчанлигини кенгайтириш ҳисобига 2017–2024 йиллар давомида 1 Мбит/с учун интернет нархи оператор ва провайдерлар учун 40 баробарга арзонлаштирилган.

Бундан ташқари, компания Humans узоқ муддат давомида шартнома мажбуриятларини мунтазам равишда бузганини ва кўрсатилган хизматлар бўйича катта миқдорда қарздорлик тўламасдан қолганини қайд этди. Шу билан бирга, “Ўзбектелеком” истеъмолчилар ҳуқуқи бузилмаслиги учун Humans ёки бошқа оператор бўлишидан қатъи назар, фойдаланувчиларнинг тўлаган тўловларига мос хизматлар тақдим этилиши зарурлигини инобатга олган ҳолда хизмат кўрсатишни давом эттирганини таъкидлади.

Компания мавжуд қарздорликни ундириш ҳамда келгусидаги зарарларни камайтириш мақсадида судга даъво аризаси киритди. 2024 йил 8 май куни Тошкент шаҳар иқтисодий суди томонидан кўрсатилган хизматлар учун қарздорликни ундиришга оид қарор эълон қилинди.

“Ўзбектелеком”, шунингдек, жамоатчилик, тартибга солувчи органлар ва бизнес ҳамкорларини чалғитувчи, ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотлар тарқатилиши ҳолатларида ўз ишбилармонлик обрўсини ҳимоя қилиш мақсадида судга мурожаат қилиш ҳуқуқини сақлаб қолишини маълум қилди.

Баёнот якунида компания очиқлик, ҳалол рақобат ва амалдаги қонунчиликка риоя қилиш тамойилларига содиқлигини билдириб, бозордаги исталган иштирокчи, жумладан Humans компанияси билан, улар ўз мажбуриятларини виждонан бажарган тақдирда конструктив мулоқотга тайёр эканлигини таъкидлади.


Аввалроқ, Сингапурда жойлашган, Ўзбекистондаги Humans компаниясига эгалик қилувчи Humans Mobile LTD томонидан Ўзбекистон ҳукуматига қарши Жаҳон банкининг арбитраж марказида муҳокама жараёнлари бошланганлиги хабар қилинганди. Pinkod мақолада муаммонинг келиб чиқиш сабаблари ва воқеалар хронологиясини батафсил ёритган.

Кейинчалик, Марказий банк ҳам арбитраж жараёнининг расмий бошланганини тасдиқлади.

Pinkod.uz сайтида эълон қилинган материаллардан нусха кўчириш, тарқатиш ва бошқа шаклларда фойдаланиш фақат таҳририят ёзма розилиги билан амалга оширилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 15.10.2024 санасида №440126 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.

© 2025 Pinkod.uz.
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

18+