Humans билан нималар содир бўлмоқда?
Humans МЧЖ устидан Asia Alliance Bank ҳам катта миқдордаги қарздорликни ундириш учун судга даъво киритган. Octobank эса компанияни банкрот деб топиб, фаолиятини тўхтатмаган ҳолда тугатиш бўйича ариза тақдим этган.

Asia Alliance Bank Humans’ни молиявий мажбуриятлари юзасидан судга берган. Бу ҳақда банк матбуот хизмати хабар берди.
Humans МЧЖ ва Humans Companies АЖ компаниялар гуруҳи Asia Alliance Bank АТБ олдида бир қатор мажбуриятларга эга. Тузилган шартномалар шартлари мунтазам равишда бузилганлиги ва ўз зиммасига олинган мажбуриятлар бажарилмаганлиги сабабли, Asia Alliance Bank АТБ 65 млрд сўмдан ортиқ қарздорликни ундириш бўйича Humans компанияси устидан судга даъво аризалари киритди, дейилади банк хабарда.
Тегишли ишларни суд инстанцияларида кўриш жараёнида Asia Alliance Bank томонидан 65 млрд сўмдан ортиқ қарздорликни ундириш бўйича даъво аризалари киритилган.
Банк конструктив мулоқот учун очиқ бўлиб қолиши ва юзага келган вазиятга ўз позицияси бўйича тушунтириш беришга тайёрлигини маълум қилди.
Octobank Humans МЧЖни банкрот деб топиш бўйича ариза киритган
Adolat.sud.uz порталидан олинган маълумотга кўра, 14 октябр куни Тошкент туманлараро иқтисодий судида ATB Octobank талаби билан Humans МЧЖни умумий асосларда банкрот деб топиб, фаолиятини тўхтатмаган ҳолда тугатиш бўйича иш бошлаш кўриб чиқилган.
Octobank вакили суддан Humans МЧЖни фаолиятини тўхтатмаган ҳолда тўловга қобилиятсиз деб топишни сўраган. Бунга сабаб сифатида Humans томонидан Octobank олдидаги мажбуриятлар тўланмай келаётгани кўрсатилган.
Humans вакили эса ўз навбатида бунга эътироз билдириб, қарздорликни тўлаш чоралари кўрилаётганини маълум қилган.
Суд қарорига кўра, қарздор Humans МЧЖ банкрот деб топилиб, унга нисбатан фаолиятини тўхтатмаган ҳолда тугатишга доир иш юритиш бошлансин, дея қарор қилинган.
“Ўзбектелеком” билан боғлиқ вазият
8 май куни Тошкент туманлараро иқтисодий судида “Ўзбектелеком” ва Humans ўртасидаги низо кўриб чиқилган. Суд ҳал қилув қарорига кўра, Humans ҳисобидан “Ўзбектелеком” фойдасига 497,7 млрд сўм асосий қарз ва 23,6 млрд сўмлик пеня ундирилиши белгиланган.
Octobank билан боғлиқ вазият
13 июнь куни Тошкент туманлараро иқтисодий судида Humans ва Octobank ўртасида низо кўриб чиқилган. Octobank Humans’дан даъво бўйича 500 млрд сўм талаб қилаётган эди. Суд ҳал қилув қарорига кўра, Humans’га Octobank олдидаги қарздорликни қоплаш мажбурияти юклатилган.
Шундан сўнг, Humans Octobank АЖ шартнома мажбуриятларини мунтазам равишда бажармагани учун унга қарши даъво тайёрлаётгани маълум қилганди.









