MobiUz’ни сотиб олишга 15 дан ортиқ компаниялар қизиқиш билдирмоқда
Давлат активларини бошқариш агентлиги маълум қилишича, MobiUz’ни сотиб олиш бўйича АҚШ, Европа, Яқин Шарқ, Кавказорти, Шарқий ва Марказий Осиё мамлакатлари ҳамда маҳаллий компаниялардан 15 дан ортиқ ариза келиб тушган.

Давлат активларини бошқариш агентлиги Universal Mobile Systems (MobiUz) мобил операторини хусусийлаштириш жараёни ҳақида ҳисобот берди.
Жорий йил июнь ойида бошланган очиқ савдо жараёнида стратегик ва молиявий консултантлар — Rothschild & Co. ва KPMG икки ой ичида 100 дан ортиқ потенсиал инвесторлар билан музокаралар ўтказди.
Белгиланган муддатга қадар АҚШ, Европа ва Яқин Шарқ мамлакатлари, Кавказорти, Шарқий ва Марказий Осиё ҳудудларидан ҳамда маҳаллий компаниялардан жами 15 та ариза келиб тушди.
Аризалар молиявий имкониятлар, АҚШ, Европа Иттифоқи ва халқаро ташкилотлар санксиялар рўйхатларида йўқлиги каби мезонларга кўра кўриб чиқилди. Консултантлар барча номзодларни навбатдаги босқич — мажбуриятга эга бўлмаган таклифлар (NBO) тақдим этиш жараёнига ўтказишни тавсия этди.
Кейинги босқичда иштирокчилар билан махфийлик тўғрисида келишув имзоланади ва уларга актив бўйича ахборот меморандуми ҳамда бошқа ҳужжатлар тақдим этилади. Консултантлар NBO босқичида қатнашиш тартиби ҳақида батафсил маълумотни жараён хатлари орқали етказади.
Мажбуриятга эга бўлмаган таклифлар 2025-йил 15-октабр соат 23:59 (Тошкент вақти)га қадар қабул қилинади. Шу билан бирга, Давлат активларини бошқариш агентлиги рақобатни ошириш мақсадида қизиқиш билдириш аризаларини қабул қилишни давом эттиради.
Қўшимча маълумот учун:
- oleg.pushkarev@rothschildandco.com
- fara.babaev@rothschildandco.com
- ssandykbayeva@kpmg.com
- sh.oxunov@davaktiv.uz
Mobiuz ҳақида
Universal Mobile Systems – Mobiuz бренди остида GSM, UMTS ва 4G LTE технологияларида мобил алоқа ва мобил интернет хизматларини кўрсатади. 2024 йилда компаниянинг соф тушуми 2,086 триллион сўмни ташкил этган, абонентлар сони эса 7,8 миллион нафарга етган.
UMS дастлаб Ўзбекистон ҳукумати ва Россиянинг МТС компанияси ўртасидаги келишув асосида ташкил этилган. 2016 йилда МТС ўз улушини сотган. 2018 йилдан компания Рақамли ишонч жамғармасига тегишли бўлган. Жамғарма 2021 йилда тугатилгач, UMS компаниясининг эгалик ҳуқуқи Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигига ўтган.
2025 йил 9 июн куни Давлат активларини бошқариш агентлиги Universal Mobile Systems (Mobiuz) компанияси устав капиталидаги 100 фоиз давлат улушини хусусийлаштириш жараёнини бошлаганини маълум қилди.
Маълумотларга кўра, Ўзбекистон Mobiuz мобил алоқа операторини 300 млн долларга сотишни режалаштирмоқда. Bloomberg манбаларининг маълум қилишича, жараёнга Яқин Шарқ ва Европадан инвесторлар жалб қилиниши мумкин.