Ўзбекистон аҳолиси қандай мақсадлар учун кредит олмоқда?
Ўзбекистон аҳолиси кредит маблағларини асосан уй-жой, автомобиль ва истеъмол товарлари харидига йўналтирмоқда.
Марказий банк сўровномасига кўра, аҳолининг 73 фоизи кредит мажбуриятига эга бўлиб, уларнинг 64 фоизи тўловда молиявий қийинчиликка дуч келмоқда.
Ойлик кредит тўлови аксарият ҳолларда 6 миллион сўмгача бўлса-да, қарз муддати кўпинча 2−5 йилни ташкил қилади.

Аҳолининг катта қисми кредит қарзларини ўз вақтида тўлашда қийинчиликларга дуч келмоқда. Бу ҳақда Марказий банкнинг 2024 йил учун эълон қилинган молиявий барқарорлик шарҳида маълумот берилган.
Жорий йил бошида Марказий банк томонидан ўтказилган сўровнома орқали аҳолининг банк ва банкдан ташқари қарз мажбуриятлари бўйича молиявий юклама даражаси аниқланган.
Сўровда жами 3 546 нафар респондент иштирок этган. Уларнинг ярмида оиладаги аъзолар сони 4−5 кишини ташкил қилади. Сўров иштирокчилари асосан молия, таълим, қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш, савдо ва бошқа соҳаларда меҳнат фаолиятини олиб боради.
Улар орасида ўртача ойлик даромади 12 миллион сўмгача бўлган оилаларнинг улуши 78 фоизни ташкил этади. Шулардан 24 фоизи қўшимча даромадга эга бўлиб, уларнинг 56 фоизи қўшимча даромад сифатида ойига 4 миллион сўмгача маблағ топади.

Сўров натижаларига кўра, иштирокчиларнинг 73 фоизи ўзи ёки оила аъзолари орқали банк ёки банкдан ташқари кредит мажбуриятларига эга эканини билдирган. Уларнинг 64 фоизи банклардан қарздор бўлса, 19 фоизида банкдан ташқари манбалардан олинган қарзлар ҳам мавжуд.
Қарз маблағлари асосан уй-жой сотиб олиш ёки таъмирлаш, автомобиль хариди ҳамда истеъмол товарларини сотиб олиш учун жалб қилинган бўлиб, бу мақсадлар учун қарз олганлар улуши 43 фоизни ташкил этади. Тўй, даволаниш ёки хусусий тадбиркорлик учун қарз олганлар эса 5 фоизга ҳам етмайди.

Сўровда қатнашганларнинг 70 фоизи ойлик кредит тўлови 6 миллион сўмгача эканини билдирган. Уларнинг чорак қисми эса ҳар ой 2−4 миллион сўм тўлайди. Респондентларнинг 55 фоизида кредит муддати 2−3 йил, 5 йил ва ундан ортиқни ташкил этади.
64 фоиз аҳолининг таъкидлашича, улар кредит мажбуриятларини белгиланган муддатда тўлашда молиявий қийинчиликларга дуч келмоқда. Шунингдек, уларнинг ярмига яқини яқин 6 ой ичида тўлов қобилияти яхшиланишини кутаётганини билдирган. 41 фоиз иштирокчи ҳеч қандай ўзгариш бўлмаслигига ишонади, 11 фоизи эса вазият ёмонлашади деб ҳисоблайди.
Сўровдан маълум бўлишича, аҳоли орасида келгуси 6 ойда яна қарз олиш эҳтиёжи борлигини билдирганлар улуши 20 фоизни ташкил этган. Улар оладиган маблағларни асосан уй-жой хариди ёки таъмирлашга йўналтиришни режалаштирмоқда.
Марказий банк маълумотига кўра, банкдан ташқари қарзлар ҳам инобатга олинган ҳолда, банкларга кредит мажбуриятига эга респондентларнинг ўртача қарз юклама даражаси 73 фоизга тенг.