Олтин нархи $3 400 дан юқорига чиқди
Жаҳон бозорида олтин нархи бир унция учун $3 400 дан ошиб, ҳафталик максимал даражада $3 444 га етди. Нархларнинг кўтарилишига АҚШнинг Японияга ва Филиппинга бож жорий этиш эҳтимоли сабаб бўлган.

Жаҳон бозорида олтин нархи бир унция учун $3 400 дан юқорига кўтарилди.
Биржада нарх максимал даражада $3 444 га етди. Сўнгги бир ҳафта ичида қимматбаҳо металл нархи 2,5 фоиздан кўпроққа ошди.
Нархларнинг ошишига АҚШ президенти Доналд Трампнинг Япония ва Филиппинга бож жорий этиш бўйича эълон қилган баёноти асосий омил бўлди. Унга кўра, ушбу давлатларга мос равишда 15 ва 19 фоизлик божлар киритилиши мумкин.
Хабар тайёрланаётган вақтда олтин биржаларда $3 427 атрофида савдо қилинмоқда.
Жаҳон Олтин Кенгашининг (WGC) йил ўртасида эълон қилган ҳисоботига кўра, 2025 йилнинг дастлабки олти ойида олтин нархи 26 фоизга ошган ва шу давр ичида 26 марта янги тарихий рекордни янгилаган. Бу эса олтинни барча асосий инвестиция йўналишлари орасида энг самарали активга айлантирди.
Сўнгги ойларда олтин нархи $3 300 атрофида сақланиб келаётган бўлса-да, жорий ҳафтадаги ўсиш апрель ойида қайд этилган $3 500 лик рекорддан атиги $70 га кам.
Ўзбекистонда олтин нархлари
Ўзбекистон Марказий банки 2025 йил 23 июль ҳолатига кўра қуйидаги олтин қуймалари нархини эълон қилди:
- 5 грамм – 7 116 000 сўм
- 10 грамм – 14 232 000 сўм
- 20 грамм – 28 463 000 сўм
- 50 грамм – 71 158 000 сўм
- 100 грамм – 142 316 000 сўм
Олтин қуймаларини банклардан сотиб олиш имконияти мавжуд. Банкларнинг манзиллари ва батафсил маълумотларни Марказий банк расмий сайтидан топиш мумкин.
Прогнозлар
Олтин нархининг келгуси ҳолати юзасидан турли молиявий институтлар қарама-қарши фикр билдирмоқда. Масалан, Citibank 2025 йил охири ёки 2026 йилда олтин нархи бир унция учун $3 000 дан пастга тушиб кетиши мумкинлигини таъкидламоқда.
Бошқа томондан, Жаҳон олтин кенгаши глобал ноаниқликлар давом этса, олтин нархи яна 5 фоизга ошиши мумкинлигини билдирган. Ҳатто вазият барқарорлашган тақдирда ҳам, ташкилот фикрича, нарх $3 000 дан пастга тушмайди.