12 578.210 so‘m

decrease

-79.980

14 633.490 so‘m

decrease

-38.620

160.310 so‘m

decrease

-1.130

12 578.210 so‘m

decrease

-79.980

12 соат аввал
Бозор

Олтин нархи йил бошидан буён 26 фоизга кўтарилиб, 26 марта янги тарихий рекордни янгилади

Жаҳон олтин кенгаши ҳисоботига кўра, жорий йилнинг дастлабки олти ойида олтин нархи 26 фоизга ошди ва шу давр мобайнида 26 марта янги тарихий рекордни янгилади. 

Кенгашнинг баҳолашича, йилнинг қолган қисмида ҳам бозор барқарорлигини сақлаб қолади ва ҳатто салбий сценарийларда ҳам олтин нархи 3 000 доллар/унсиядан пастга тушмайди.

Олтин нархи йил бошидан буён 26 фоизга кўтарилиб, 26 марта янги тарихий рекордни янгилади
Фото: AI / Pinkod.uz

Жаҳон олтин кенгашининг (WGC) йил ўртасида эълон қилган ҳисоботига кўра, 2025 йилнинг дастлабки олти ойида олтин нархи 26 фоизга ошди ва шу давр мобайнида 26 марта янги тарихий рекордни янгилади. 

Бу кўрсаткич олтинни барча асосий инвестиция йўналишлари орасида энг самарали активга айлантирди.

Нархларнинг кескин ошишига бир неча омиллар, жумладан АҚШ долларининг заифлашуви, облигациялар даромадининг пастлиги ҳамда глобал миқёсда геосиёсий тангликларнинг кучайиши сабаб бўлди.

“Олтин барча йирик валюталарда қимматлашди ва глобал беқарорлик шароитида ўзининг ишончли актив эканини яна бир бор исботлади”, — дейилади WGC ҳисоботида.

Олтин савдолари

2025 йилнинг биринчи ярмида кунлик олтин савдоси ўртача 329 миллиард долларга етиб, рекорд даражани кўрсатди. Бу ҳажмга банклараро савдолар, фонд биржалари орқали амалга оширилган операциялар ҳамда олтин билан таъминланган биржа фондларига (ETF) бўлган талаб сабаб бўлди.

ETF’лар портфели йил бошидан бери 41 фоизга кенгайиб, умумий қиймати 383 миллиард долларга етди. Улар томонидан сақланаётган олтин захираси эса 397 тоннага ошиб, 3616 тоннани ташкил этди — бу кўрсаткич 2022 йил августидан бери энг юқори даражадир.

Марказий банклар ҳам олтин харид қилишни давом эттирди. Гарчи харидлар 2022 йилдаги рекорд даражадан паст бўлса-да, АҚШ долларидан қочиш ва валюта захираларини диверсификация қилиш ҳаракатлари сақланиб қолмоқда.

WGC таҳлилига кўра, АҚШ долларининг заифлашуви ва паст фоиз ставкалари олтиннинг даромадлилигига 7 фоиз, глобал хавф ва ноаниқликлар эса 4 фоиз даромад қўшган.

2025 йил АҚШ долларининг энг заиф бошланишларидан бири бўлди. Бу ҳолат, асосан, мамлакатнинг савдо сиёсатидаги ноаниқликлар ва ички сиёсий тангликлар билан боғлиқ хавотирлар фонида юзага келди. Шу сабабли кўплаб инвесторлар ишончли актив сифатида олтинга мурожаат қилмоқда.

“Савдо билан боғлиқ геосиёсий хавфлар нафақат тўғридан-тўғри, балки доллар курси, фоиз ставкалари ва бозор барқарорлигига ҳам таъсир кўрсатиб, олтинга бўлган талабни кучайтирмоқда”, — дейилади WGC баёнотида.

2025 йилнинг қолган қисмида олтин нархи 

Ҳисоботда олтиннинг йилнинг қолган қисмида қандай ҳаракатланиши бўйича прогнозлар ҳам берилган. 

Бозор таҳлилларига кўра, йилнинг кейинги ойларида глобал иқтисодиёт ўсиши суст бўлади, инфляция эса юқори бўлиб қолади. АҚШда инфляция даражаси йил охирига бориб 2,9 фоизга етиши мумкин.

Шунингдек, АҚШ Федерал Резерви йил якунигача фоиз ставкаларини 50 базавий пунктга камайтириши кутилмоқда. Бу ҳолат олтин бозорини барқарорлаштиради ва кичик ўсиш учун имкон яратади.

Ҳозирги шароит сақланиб қолса, нарх яна 0 дан 5 фоизгача ўсиши мумкин. Бироқ, агар жаҳон иқтисодиётида янги муаммолар, жумладан стагфляция ёки молиявий инқироз хавфи юзага келса, нарх 10–15 фоизгача кўтарилиши эҳтимоли мавжуд. Аксинча, геосиёсий можаролар юмшаб, иқтисодий фаоллик тикланса, олтин нархи 12–17 фоизгача пасайиши мумкин.

Шунга қарамай, WGC фикрига кўра, ҳатто салбий сценарийда ҳам олтин учун 3000 доллар/унция атрофида нарх “табиий қўллаб-қувватлаш” даражаси бўлиб қолади. Нархлар тушса, истеъмолчи талаби ортиб, бозорда қайта ишланган олтин миқдори камаяди.

Жаҳон олтин кенгаши ҳисоботини қуйидагича якунлаган: 

“Жаҳон иқтисодиётини олдиндан аниқ башорат қилиш қийин, аммо олтин асосий иқтисодий кўрсаткичлар ва глобал хавфсизлик муҳитини ҳисобга олган ҳолда, ҳали ҳам стратегик ва тактик инвестиция қарорларида муҳим ўрин эгаллайди”.

Pinkod.uz сайтида эълон қилинган материаллардан нусха кўчириш, тарқатиш ва бошқа шаклларда фойдаланиш фақат таҳририят ёзма розилиги билан амалга оширилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 15.10.2024 санасида №440126 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.

© 2025 Pinkod.uz.
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

18+