Июль ойида Ўзбекистон олтин захиралари рекорд даражага етди
Июль ойида Ўзбекистон Марказий банки захираларидаги олтин қиймати 265 млн долларга кўпайиб, $38,68 млрдга етди ва тарихий рекордни янгилади.
Бундан ташқари, Марказий банк харид қилган қимматли қоғозлар қиймати 300 млн доллардан ортиққа ёки 42,7 фоизга ошиб, илк бор $1 млрдга етди.

Июль ойида Ўзбекистоннинг олтин-валюта захиралари бироз ошиб, $48,74 млрдга етди. Бу ҳақда Марказий банк ҳисоботида маълум қилинди.
Мазкур кўрсаткич ўтган ойга нисбатан $193,7 млнга юқори.
Ой давомида Марказий банк захираларидаги олтин қиймати $265 млнга ошиб, $38,68 млрдга етди ва навбатдаги рекорд даражани янгилади. Бу ўсиш олтин нархининг кўтарилиши ҳисобига юз берди, чунки захирадаги олтин ҳажми ўзгармади — 11,7 млн троя унция.
Кўрсаткичлар | 1 январь 2025 | 1 июль 2025 | 1 август 2025 |
Расмий захира активлари (млрд $) | 41,2 | 48,55 | 48,74 |
Олтин (млрд $) | 32,03 | 38,42 | 38,68 |
Соф ҳажми (млн троя унция) | 12,3 | 11,7 | 11,7 |
Хорижий валютадаги захира активлари (млрд $) | 8,6 | 9,56 | 9,5 |
Шу жумладан имматли қоғозлар | $101,7 млн | $708,8 млн | $1,01 млрд |
Шу билан бирга, мамлакатнинг валюта захиралари $63,3 млнга камайди. Август бошида уларнинг ҳажми $9,5 млрддан пастга тушди. Ушбу маблағ таркибига бошқа давлатлар марказий банкларидаги ва Халқаро валюта жамғармасидаги $1,05 млрд ҳамда хориждаги тижорат банкларидаги $7,42 млрд киради.
Бундан ташқари, Марказий банк харид қилган қимматли қоғозлар қиймати 300 млн доллардан ортиқ ёки 42,7 фоизга ошиб, илк бор $1 млрдга етди.
Аввалроқ Pinkod Ўзбекистон июнь ойида жаҳон миқёсида олтин харид қилиш бўйича етакчилик қилгани ҳақида хабар берганди. Жаҳон олтин кенгаши (World Gold Council) маълумотларига кўра, мамлакат Марказий банки бир ой ичида 9 тонна олтин харид қилиб, Марказий банклар орасида биринчи ўринни эгаллаган.