12 004.750 so‘m

decrease

-16.570

13 691.420 so‘m

decrease

-42.940

157.110 so‘m

decrease

-0.530

12 004.750 so‘m

decrease

-16.570

Якин 1 соат ичида
Банк
23

Йирик P2P ўтказмаларини солиқ органларига бериш ғояси Конституцияга зид — Марказий банк

Марказий банк йирик P2P ўтказмалар бўйича маълумотларни солиқ органларига автоматик тақдим этишни назарда тутувчи таклиф Конституциянинг 41-моддасига зид бўлиши мумкинлигини билдирди. Регулятор бундай механизм банк сирига бўлган ишончни пасайтириши ва маблағларнинг норасмий муомалага ўтиш хавфини ошириши мумкинлигини таъкидламоқда.

Йирик P2P ўтказмаларини солиқ органларига бериш ғояси Конституцияга зид — Марказий банк
Фото: AI/Pinkod.uz

Марказий банк раиси ўринбосари Аброрхўжа Турдалиев ойлик йирик P2P ўтказмалар ҳақидаги маълумотларни солиқ органларига тақдим этиш бўйича таклиф фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларига таъсир қилиши мумкинлигини маълум қилди. Бу ҳақда Курсив Узбекистан нашри хабар берди.

Гап Солиқ қўмитаси томонидан ишлаб чиқилган қарор лойиҳаси ҳақида бормоқда. Унда жисмоний шахснинг битта картасига бир ой давомида бошқа шахсларнинг банк карталари ёки электрон ҳамёнларидан БҲМнинг 500 бараварига тенг ёки ундан ортиқ маблағ келиб тушса, банк ушбу маълумотни Солиқ қўмитасига тақдим этиши назарда тутилган эди.

Ҳозирги ҳисобда бу чегара 206 млн сўмни ташкил қилади.

Марказий банкка кўра, бундай тартиб нақд ва нақдсиз ҳисоб-китоблар ўртасидаги тафовутни янада кучайтириши мумкин. Регулятор ушбу механизм фуқароларни банк тизимидан фойдаланишдан кўра, нақд пулга ёки норасмий ҳисоб-китобларга қайтишга ундаши эҳтимолини истисно қилмаяпти.

Шунингдек, Марказий банк бундай ёндашув яширин иқтисодиёт улуши ошишига ҳам олиб келиши мумкинлигини қайд этди.

Конституциянинг 41-моддасида ҳар бир шахс мулкдор бўлишга ҳақлилиги, банк операциялари, омонатлар ва ҳисобварақлар сир тутилиши ҳамда мерос ҳуқуқи қонун билан кафолатланиши белгиланган.

Регулятор амалдаги қонунчилик доирасида банк сири ва шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш бўйича зарур техник ҳамда ташкилий чоралар мавжудлигини ҳам эслатди.

Марказий банк, шунингдек, 500 БҲМ миқдоридаги чегара нима сабабдан танлангани бўйича маълумотга эга эмаслигини билдирди. Регуляторнинг қайд этишича, мазкур лойиҳа Солиқ қўмитаси томонидан ишлаб чиқилган.

Аввалроқ Pinkod Солиқ қўмитаси P2P ўтказмалар ва омонатларга оид маълумотларни банклардан олишни назарда тутувчи қарор лойиҳасини ишлаб чиққани ҳақида ёзганди.

Жамоатчилик қандай эътироз билдирганди?

Таклиф эълон қилингач, лойиҳа жамоатчилик муҳокамасида кескин эътирозларга сабаб бўлди. Изоҳларнинг асосий қисми ҳужжатни ҳозирги кўринишда қабул қилмаслик, уни қайта ишлаш ёки банк маълумотларини фақат аниқ қонуний асос ва суд қарори мавжуд бўлганда олиш кераклиги ҳақидаги фикрлардан иборат бўлди.

Эътирозларда 500 БҲМдан ортиқ тушум ҳар доим ҳам тадбиркорлик даромади эмаслиги қайд этилган. Масалан, қарз қайтарилиши, автомобиль ёки уй-жой сотишдан тушган пул, даволаниш ёки таълим учун йиғилган ёрдам, тўй ва маросим харажатлари, дўстлар ёки ҳамкасблар ўртасидаги умумий ҳисоб-китоблар ҳам йирик P2P тушум сифатида кўриниши мумкин.

Шунингдек, фуқаролар бундай механизм аҳолининг банк карталари орқали ҳисоб-китоб қилишдан қочиб, нақд пулга қайтишига олиб келиши мумкинлигидан хавотир билдирган. Бу эса яширин иқтисодиётни қисқартириш ўрнига, маблағларнинг банк тизимидан ташқарига чиқиши ва банкларга бўлган ишонч пасайишига сабаб бўлиши мумкин.

Муҳокамаларда маълумотларнинг сизиб чиқиши, улардан ноқонуний фойдаланиш ва солиқ органларига ортиқча ваколат берилиши хавфи ҳам кўтарилган. Шу сабабли жамоатчилик вакиллари лойиҳани ҳозирги шаклда қабул қилмаслик ёки уни Конституция, банк сири ва шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш талаблари асосида қайта кўриб чиқишни таклиф қилган.

Pinkod.uz сайтида эълон қилинган материаллардан нусха кўчириш, тарқатиш ва бошқа шаклларда фойдаланиш фақат таҳририят ёзма розилиги билан амалга оширилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 15.10.2024 санасида №440126 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.

© 2026 Pinkod.uz.
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

18+