Янги қонун билан банкларни санация қилиш ва тугатиш тартиби белгиланди
Эндиликда тўловга қобилиятсиз ёки молиявий тизим учун хавф туғдирувчи банклар назорат остида соғломлаштирилади ёки белгиланган тартибда тугатилади. Ушбу жараёнларни мувофиқлаштириш ва бошқариш бўйича ваколатли регулятор сифатида Марказий банк белгиланди.

“Банкларни санация қилиш ва тугатиш тўғрисида”ги қонун қабул қилинди.
Мазкур қонун банк муассасаларини санация қилиш ва уларни тугатиш билан боғлиқ ҳуқуқий муносабатларни тартибга солади. Шунингдек, у банк гуруҳлари ва банк акциялари пакетларига эга бўлган холдинг тузилмаларига нисбатан ҳам қўлланилади.
Санация ва тугатиш жараёнларини мувофиқлаштирувчи ваколатли орган сифатида Ўзбекистон Республикаси Марказий банки белгиланган.
Банкни санация қилиш учун қуйидаги барча шартлар бир вақтнинг ўзида мавжуд бўлиши лозим:
- Банкнинг тўловга қобилиятсизлиги ёки юқори таваккалчилиги;
- Муаммони бошқа банклар ёки Марказий банк кўраётган чоралар орқали ҳал этишнинг имконсизлиги, ёхуд улар қўллангандан сўнг 6 ой ичида натижа бермаслиги;
- Банкнинг тизимли аҳамиятга эгалиги, ёки тизимли аҳамиятга эга бўлмаган банкни мажбурий тугатиш орқали белгиланган мақсадларга эришиб бўлмаслиги.
Марказий банк санация қилинаётган банкка махсус бошқарувчи тайинлаш ҳуқуқига эга. Санация қилиш воситаларига қуйидагилар киради:
- банк активлари ва мажбуриятларини сотиш;
- воситачи банкни тайинлаш;
- ҳисобварақлардан маблағларни олиш ёки уларни конвертация қилиш.
Баҳолаш ва хулоса бериш
Санация тўғрисида қарор қабул қилинишидан олдин, Марказий банк банкнинг активлари, мажбуриятлари ва балансдан ташқари маблағларини баҳолатади. Бу баҳолаш танлов асосида жалб этилган баҳоловчилар томонидан амалга оширилади.
Баҳоловчи қуйидагиларни ўрганади:
- банк активлари ва мажбуриятларининг қиймати;
- бухгалтерия баланси;
- зарур ҳолларда бошқа молиявий маълумотлар.
Баҳоловчи ўз хулосасида банкни соғломлаштириш мақсадга мувофиқлигини кўрсатади. Хулосада банк тугатилганда акциядорлар ва кредиторлар кўриши мумкин бўлган зарарлар билан улар ҳозирда кўраётган зарарлар ўртасидаги фарқ акс эттирилиши лозим.
Агар соғломлаштириш йўлидаги зарар тугатиш ҳолатига нисбатан кўпроқ бўлса, акциядор ва кредиторлар компенсация олиш ҳуқуқига эга бўлади. Компенсация миқдори банк тугатилган тақдирда юзага келиши мумкин бўлган зарарлар билан ҳақиқий кўрилган зарарлар ўртасидаги фарққа тенг бўлади.
Санация жамғармаси ва молиялаштириш манбалари
Санация жараёнини молиялаштириш учун Марказий банк ва Омонатларни кафолатлаш агентлиги қўшма қарор асосида Санация жамғармаси ташкил этади. Жамғарма қуйидаги манбалар ҳисобидан молиялаштирилади:
- қарзлар;
- давлат бюджети трансфертлари;
- грантлар;
- бошқа қонуний манбалар.
Жамғарма маблағларидан қуйидагилар учун фойдаланилади:
- банкка ёки воситачи банкка қарз ажратиш;
- мажбуриятлар бўйича кафолатлар бериш;
- активлар ва мажбуриятлар топширилишида/сотилишида кафолатлар тақдим этиш;
- актив ва мажбуриятлар қиймати ўртасидаги фарқни қоплаш.
Зарур ҳолларда, Марказий банк банкнинг шартномавий мажбуриятларини 6 ҳафтагача тўхтатиб туриш, операция ва транзаксияларни чеклаш, мажбуриятларни бекор қилиш ёки уларнинг шартларини ўзгартириш ҳуқуқига эга.
Банк фаолиятини тугатиш
Банклар фаолияти ихтиёрий ёки мажбурий тартибда тугатилиши мумкин.
Ихтиёрий тугатиш:
Агар банк тўловга қобилиятли бўлса ёки тўловга қобилиятсизлик хавфи юқори бўлмаса, у Марказий банк розилиги асосида ихтиёрий тугатилиши мумкин.
Мажбурий тугатиш:
Банк тизимли аҳамиятга эга бўлмаса ва “Банклар ва банк фаолияти тўғрисида”ги қонунда назарда тутилган ҳолатлар мавжуд бўлса, у мажбурий тугатилади. Бунда:
Марказий банк бошқаруви банкнинг лицензиясини чақириб олади;
Мажбурий тугатиш суд тартибида ёки суддан ташқари тарзда амалга оширилади;
Банк активлари ва мажбуриятлари бошқа банкка ўтказилади ёки активлар сотилади.