Yangi Bank’нинг бош офиси дастлабки баҳосидан 52 млрд сўм арзонга сотилди
Январь ойида лицензияси бекор қилинган Yangi Bank’нинг Тошкентдаги бош офиси 111,3 млрд сўмга аукционда сотилди. Дастлаб 163,3 млрд сўмга баҳоланган бинони Олмалиқ кон-металлургия комбинати ва Тикланиш ва тараққиёт жамғармасига тегишли компания сотиб олиш ҳуқуқини қўлга киритди.

Yangi Bank’нинг Тошкент шаҳридаги собиқ бош офиси 111,3 млрд сўмга сотилди.
9 ноябрь куни ўтказилган E-auksion савдоларида “KAPITAL LOYIHALAR GURUHI” МЧЖ ғолиб бўлди. Компания бинони 106 млрд сўмлик бошланғич нархидан 5 фоиз қимматроққа олишни таклиф қилган.
Бино дастлаб июнь ойида 163,3 млрд сўмга савдога чиқарилган, бироқ харидор топилмагани сабаб бир неча марта қайта аукционга қўйилган. Натижада унинг бошланғич нархи босқичма-босқич 106 млрд сўмгача туширилган.
Якуний савдо нархи дастлабки таклифдан 52 млрд сўм ёки қарийб 32 фоизга паст бўлди.
Савдо ғолиби бўлган “KAPITAL LOYIHALAR GURUHI” МЧЖ 2026 йил 3 апрелда ташкил этилган. Компаниянинг 50 фоиз улуши Олмалиқ кон-металлургия комбинатига, қолган 50 фоизи эса Тикланиш ва тараққиёт жамғармасига тегишли.
Қизиғи, компаниянинг юридик манзили ҳам сотиб олинаётган бино билан бир хил — Тошкент шаҳри, Амир Темур шоҳ кўчаси, 99-уй.
2017 йилда қурилган беш қаватли бинонинг умумий майдони 3 648 квадрат метрни ташкил этади. Унда 47 та хизмат хонаси мавжуд бўлиб, объект “Бодомзор” метро бекати ва Ўзмиллийбанк бош офиси яқинида жойлашган.
Савдо шартларига кўра, ғолиб компания аукцион якунланганидан кейин 15 иш куни ичида тўловни тўлиқ амалга ошириши керак.
Бинони сотишдан тушадиган маблағлар Yangi Bank’нинг тугатиш массасига киритилиб, кредиторлар олдидаги қарздорликни қоплашга йўналтирилади.
Эслатиб ўтамиз, Марказий банк 2026 йил 15 январда Yangi Bank’нинг лицензиясини чақириб олган эди. Бунга банк устав капиталининг белгиланган энг кам миқдорга етказилмагани ҳамда қонунчиликнинг айрим талаблари бажарилмагани сабаб бўлган.
Ўша вақтда банкнинг устав капитали 355 млрд сўмни ташкил этиб, 500 млрд сўмлик минимал талабдан 145 млрд сўмга кам бўлган. Банкнинг тақсимланмаган зарари эса 171 млрд сўмга етган.









