Марказий банк 2026 йилда асосий ставкани пасайтирмайди — экспертлар
Марказий банкнинг октябрь сўровида қатнашган молия соҳаси экспертларининг 89 фоизи навбатдаги йиғилишдан сўнг асосий ставка 14 фоизда қолишини кутган. Шу билан бирга, экспертлар бир йилдан кейин ставкани 13,2 фоиз даражасида кўрмоқда.

Марказий банк 4 ноябрдаги йиғилишда асосий ставкани йиллик 14 фоиз даражасида сақлаб қолди. Регулятор ставкани 2025 йил мартида 13,5 фоиздан 14 фоизга кўтарган эди. Шундан бери у ўзгаргани йўқ.
Ставка бўйича йилнинг сўнгги йиғилиши 16 декабрга белгиланган. Агар Марказий банк декабрда ҳам ставкани 14 фоизда қолдирса, у 2026 йил давомида бирор марта ўзгармаган бўлади.
Ставка нега йил охирида ҳам 14 фоизда қолиши мумкин?
Йиллик инфляция августдаги 6,2 фоиздан сентябрда 6,4 фоизга, октябрда эса 6,5 фоизга кўтарилди. Базавий инфляция ҳам октябрда 5,5 фоиздан 5,6 фоизга чиқди. Умумий инфляция Марказий банкнинг 5 фоизлик мақсадидан 1,5 фоиз пункт юқори.
Аввалроқ Pinkod Марказий банк 2026 йил якуни учун инфляция прогнозини 6,5 фоиздан 7 фоизга оширгани ҳақида хабар берган эди. Регулятор буни юқори ички талаб, жаҳон бозоридаги энергия нархлари билан боғлиқ хатарлар ва айрим тартибга солинадиган нархларнинг режалаштирилган оширилиши билан изоҳлаган.
Йилнинг дастлабки тўққиз ойида Ўзбекистон иқтисодиёти 8,3 фоизга ўсди. Марказий банк баҳосига кўра, инвестициялар ва аҳолининг реал даромадлари ички талабни қўллаб-қувватламоқда. Талаб ишлаб чиқариш имкониятларидан юқори бўлиб тургани эса нархларга босимни сақлаб қолиши мумкин. Регулятор кейинги қарорларида инфляция динамикаси, кутилмалар ва нархларга таъсир қилаётган хатарларни ҳисобга олишини билдирган.
Экспертлар инфляция бўйича баҳосини оширди
Молия соҳаси экспертларининг келгуси 12 ой учун инфляция кутилмаси сентябрдаги 6,3 фоиздан октябрда 6,6 фоизга кўтарилди. Уч йилдан кейинги инфляция бўйича баҳо ҳам 5,2 фоиздан 5,3 фоизга чиқди.
Инфляция 2027–2028 йилларда 5 фоизлик мақсадга етишини кутган экспертлар улуши бир ойда 55 фоиздан 50 фоизга тушди. Марказий банк ноябрда янгилаган прогнозига кўра, инфляция 2027 йил якунига бориб 5 фоизгача пасайишини кутмоқда.
Экспертлар келаси йил иқтисодий ўсиш секинлашишини кутмоқда
Октябрь сўрови иштирокчилари реал ЯИМ ўсишини 2026 йилда 7,1 фоиз, 2027 йилда 6,7 фоиз даражасида баҳолаган. Марказий банкнинг ноябрдаги прогнози ҳар икки йил учун юқорироқ. Регулятор бу йил иқтисодиёт 8 фоиз атрофида, келаси йил эса 7–7,5 фоиз ўсишини кутмоқда.
Экспертлар номинал иш ҳақи бу йил 14 фоизга, келаси йил 13,3 фоизга ошишини кутмоқда. Уларнинг баҳосига кўра, 2027 йилда иш ҳақининг ўсиш суръати 0,7 фоиз пунктга секинлашади.









