SQB 9 ойда 1,4 трлн сўм соф фойда кўрди
Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 584,3 млрд сўмга ёки 72,9 фоизга кўппоқдир.
Сентябрь ойида SQB’нинг 30 фоизлик улуши Миллий инвестиция жамғармасига ўтказилди.
Мазкур жамғарма Лондон ва Тошкент фонд биржаларида қўшма IPO ўтказиши кутилмоқда.

Ўзсаноатқурилишбанк (SQB) 2025 йилнинг январь–сентябрь ойларини ўз ичига олган молиявий ҳисоботини эълон қилди.
Ҳисоботга кўра, банкнинг соф фойдаси 1 трлн 386 млрд сўмни ташкил этиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 584,3 млрд сўмга (72,9 фоизга) ошган.
Мазкур натижа билан SQB мамлакатдаги энг кўп фойда олган банклар орасида иккинчи ўринни эгаллаши кутилмоқда, чунки НБУ ҳали ўз молиявий ҳисоботини эълон қилмаган.
Ҳисобот даврида банк 8 трлн сўмлик фоизли даромад ҳамда 5,2 трлн сўмлик фоизсиз даромад олган.
Ходимлар маоши ва бошқа операцион харажатлар учун 826,2 млрд сўм, даромад солиғи учун эса 243 млрд сўм сарфланган.
SQB фойдаси хусусийлаштириш олди сезиларли ошди
Ўзбекистон бир неча йиллардан бери Ўзсаноатқурилишбанкъни хусусийлштиришга ҳаракат қилиб келади.
Мамлакатнинг 2026-28 йилларга мўлжалланган Фискал стратегиясига кўра, бир қатор давлат банклари, жумладан SQB’ни хусусийлаштириш ҳам 2025 йилдан кейинга кўчирилган.
Сентябрь ойига келиб эса Саноатқурилишбанкънинг 30 фоизлик улуши Миллий инвестиция жамғармаси (UzNIF) бошқарувига ўтказилди. Мазкур жамғарма бошқаруви Franklin Templeton инвестиция компаниясига берилган.
Ҳозирги кунда UzNIF тахминан 1,7 миллиард долларлик активларни бошқармоқда. Жамғарма Лондон ва Тошкент фонд биржаларида қўшма IPO (бошланғич оммавий таклиф) ўтказиш имкониятини ҳам кўриб чиқмоқда.
Аввалроқ, Ҳамкорбанк 9 ойда қарийб 1,3 трлн сўм, Капиталбанк эса 1,1 трлн сўм соф фойда олгани хабар қилинган эди.