UzNIF бошқарувига “Ўзсаноатқурилишбанк”нинг 30 фоиз улуши ўтказилади, иккита банк эса портфелдан чиқарилади
Президентнинг қарорига мувофиқ, Франклин Темплетон бошқарувидаги Миллий инвестиция жамғармаси (UzNIF) портфелига ўзгариришлар киритилди.
“Ўзсаноатқурилишбанк”нинг 30 фоизлик давлат улуши жамғарма таркибига қўшилади, бир қатор банк ва компаниялар чиқарилади, айрим корхоналардаги улушлар эса оширилади.
Ўзгартиришлар натижасида жамғарма бошқарувидаги компаниялар сони 18 тадан 15 тага тушади.

19-сентабр куни Президент “Ўзбекистон Республикаси Миллий инвестиция жамғармаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-289-сон қарорини имзолади.
Мазкур қарорга мувофиқ, Fraklin Tempeton ишончли бошқарувидаги Миллий инвестиция жамғармаси (UzNIF) устав капиталига давлат улуши ўтказиладиган корхоналар ва банклар рўйхатига ўзгартиришлар киритилди.
Жамғарма портфелидаги давлат корхоналари сони 18 тадан 15 тага қисқарди. Жумладан, қуйидаги улушлар портфелдан чиқарилади:
- Uzbekistan Airports АЖ — 25%,
- “Микрокредитбанк” АТБ— 40%,
- “Бизнесни ривожлантириш банки” АТБ— 25%,
- “Ўзбекистон почтаси” АЖ — 25%.
Уларнинг ўрнига “Ўзсаноатқурилишбанк” АТБнинг 30 фоизлик давлат улуши жамғарма портфелига киритилади. Аввалроқ ушбу банкда давлат улушини 2025 йил якунига қадар 50% дан камайтириш мажбурияти белгиланган эди, эндиликда бу талаб бекор қилинди.

Шунингдек, қатор компаниялар бўйича жамғарма улуши оширилади:
- “Ўзбекгидроэнерго” АЖ — 20% дан 40% гача,
- “Темирйўлинфратузилма” АЖ — 25% дан 40% гача,
- “Ўзбекинвест” АЖ — 20% дан 30% гача.
Ўзбекистон ва IPO
Эслатиб ўтамиз, 1 майдан бошлаб Ўзбекистон Миллий инвестиция жамғармаси бошқаруви АҚШнинг Franklin Templeton инвестиция гуруҳига ўтказилган эди.
Ҳозирги кунда UzNIF тахминан 1,7 миллиард долларлик активларни бошқармоқда. Жамғарма Лондон ва Тошкент фонд биржаларида қўшма IPO (бошланғич оммавий таклиф) ўтказиш имкониятини ҳам кўриб чиқмоқда.
Franklin Templeton компанияси жорий йилда жамғарма бошқарувини ўз зиммасига олган ва ҳозирда STJ Advisors каби халқаро молиявий маслаҳатчилар билан ҳамкорликда ишламоқда.
Компания вакилларининг таъкидлашича, UzNIF акциялари Тошкент фонд биржасида ва хорижий биржалардан бирида жойлаштирилади. Ҳозирча қайси халқаро биржа танланиши аниқ эмас.
Аввалроқ Pinkod НКМК Ўзбекистон ва Буюк Британияда иккита IPO ўтказишга тайёргарлик кўраётгани ҳақида ёзган эди.
Давлат корхонаси қарзларни ҳам ҳисобга олган ҳолда тахминан 20 миллиард долларлик баҳолашга эришишни кутмоқда.