Солиқ ҳуқуқбузарликлари ҳақида хабар берганларга қанча пул берилгани маълум қилинди
Жорий йил бошидан солиқ ҳуқуқбузарликлари ҳақида 72 мингдан ортиқ мурожаат йўлланган.
Йирик солиқ тўловчилар бўйича ҳудудлараро солиқ инспекциясининг хабар беришича, 2024 йил январь-сентябрь ойларида “Солиқ” мобил иловасининг “Солиқ ҳамкор” тизими орқали солиқ ҳуқуқбузарликлари ҳақида 72 517 та мурожаат келиб тушган.
Шундан:
66 минг 016 таси харид чеки бермаслик;
3 минг 352 таси тўловни пластик карта орқали қабул қилмаслик;
156 таси пластик карта учун харид суммасини ошириш;
2 минг 993 таси бошқа турдаги ҳуқуқбузарлик ҳолатлари бўйича.
Мурожаатларнинг 39 минг 757 таси такрорий бўлганлиги ёки шикоят келиб тушган тадбиркорлик субъектида текширув давом этаётганлиги сабабли кўриб чиқилмаган.
Мурожаатлар асосида 26 минг 400 та сайёр солиқ текшируви ўтказилиб, 99,1 фоиз ҳолатда ҳуқуқбузарлик тасдиқланган.
Ҳуқуқбузарлик ҳолатлари бўйича хабар берган фуқароларга 25 минг 870 та ҳолат бўйича (ундирилган жарима суммасидан 20 фоиз) 17,2 миллиард сўм мукофот тўланган.