Солиқ қўмитаси тадбиркорларнинг картадан-картага тушумларини текширишни бошлади
Солиқ қўмитаси айрим тадбиркорлар савдо тушумларини картадан-картага ўтказмалар орқали қабул қилиб, уларни солиқ ҳисоботларида акс эттирмаётган ҳолатларни ўрганмоқда. Аниқланган яширин даромадлар бўйича солиқ тўловчиларга хабарномалар юборилмоқда.

Солиқ қўмитаси тадбиркорларнинг P2P ўтказмалари орқали савдо тушумларини қабул қилиш ҳолатларини таҳлил қилмоқда. Бу ҳақда қўмита матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, айрим тадбиркорлар савдо амалиётларини P2P — картадан-картага пул ўтказмалари орқали амалга оширмоқда. Бундай операциялар орқали тушган даромадларнинг бир қисми солиқ ҳисоботларида акс эттирилмагани сабабли давлат бюджетига тушиши лозим бўлган маблағлар тўлиқ шаклланмай қолмоқда.
Шу муносабат билан солиқ органлари юридик шахсларда раҳбарлик лавозимида ишловчи ходимларнинг банк пластик карталарига келиб тушган маблағлар бўйича таҳлилий ўрганишлар олиб бормоқда.
Ўрганишлар давомида солиқ ҳисоботларида кўрсатилмаган даромадлар аниқланган тақдирда, улар бўйича белгиланган тартибда чоралар кўрилади ҳамда солиқ тўловчиларга хабарномалар юборилади.
“Бу жараён жазолаш ёки босим ўтказишга эмас, балки иқтисодий адолатни таъминлаш, яширин айланмаларни қисқартириш ҳамда қонун доирасида фаолият юритаётган тадбиркорларни қўллаб-қувватлашга қаратилган”, — дейилади қўмита хабарида.
Солиқ қўмитаси барча тадбиркорлик субъектларини амалдаги қонунчиликка риоя қилишга, савдо тушумларини тўлиқ расмийлаштиришга ва уларни солиқ ҳисоботларида ҳаққоний акс эттиришга чақирди.
Қўмита таъкидича, шаффоф иқтисодиёт ишончли давлат, кучли жамият ва барқарор келажакнинг муҳим пойдевори ҳисобланади.









