11 823.690 so‘m

increase

45.170

13 797.060 so‘m

increase

63.310

139.740 so‘m

increase

0.780

11 823.690 so‘m

increase

45.170

28 дақиқа аввал
Иқтисодиёт
48

Ўзбекистонда муомаладаги нақд пул рекорд даражага етди

Ўзбекистонда муомаладаги нақд пуллар бир йил ичида 16,4 трлн сўмга кўпайиб, рекорд 76,3 трлн сўмга етди. Шу билан бирга, жами пул массаси 37,6 фоизга ошиб, 434,5 трлн сўмни ташкил этди.

Ўзбекистонда муомаладаги нақд пул рекорд даражага етди

Марказий банк маълумотларига кўра, 2026 йил 1 август ҳолатига Ўзбекистонда муомаладаги нақд пуллар ҳажми 76,3 трлн сўмни ташкил этди. Бу Марказий банкнинг 2013 йил февралдан бошланадиган статистик қаторидаги энг юқори кўрсаткич.

Нақд пул ҳажми бир ойда 1 трлн сўм ёки 1,4 фоизга ошган. Ўтган йилнинг шу давридаги 59,8 трлн сўмга нисбатан ўсиш 16,4 трлн сўм ёки 27,5 фоизни ташкил этди.

Йил бошидан буён муомаладаги нақд пуллар 7,8 трлн сўмга кўпайган. Таққослаш учун, 2026 йил бошида бу кўрсаткич 68,5 трлн сўм эди.

Айни пайтда, кенг маънодаги пул массаси — М2 ҳажми 434,5 трлн сўмга етди. Кўрсаткич июль ойида 9,4 трлн сўм ёки 2,2 фоизга, бир йил ичида эса 118,8 трлн сўм ёки 37,6 фоизга ошган.

Натижада нақд пуллар умумий пул массасидан секинроқ ўсди. Уларнинг М2 таркибидаги улуши бир йил ичида 19 фоиздан 17,6 фоизгача, яъни 1,4 фоиз пунктга қисқарди.

Жами пул массасининг 361,2 трлн сўми миллий валютадаги маблағларга тўғри келади. Уларнинг ҳажми бир ойда 7,3 трлн сўмга, бир йилда эса 109,1 трлн сўм ёки 43,3 фоизга кўпайган. Миллий валютадаги маблағлар ҳозир умумий пул массасининг 83,1 фоизини ташкил этмоқда.

Нақд пуллар ва миллий валютадаги талаб қилиб олингунча депозитларни бирлаштирувчи тор маънодаги пул массаси — М1 ҳажми 161,8 трлн сўмга етган. Бу бир ой олдингига нисбатан 1,4 трлн сўмга, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан эса 43,4 трлн сўм ёки 36,7 фоизга кўп.

М1 таркибидаги талаб қилиб олингунча депозитлар ҳажми 85,5 трлн сўмни ташкил этди. Улар июль ойида 384,6 млрд сўмга ошган бўлса, бир йиллик ўсиш 27 трлн сўм ёки 46,1 фоизга етди.

Миллий валютадаги бошқа депозитлар ҳажми эса 199,4 трлн сўмга етган. Асосан жамғарма ва муддатли маблағларни қамраб олувчи ушбу депозитлар бир ойда 5,9 трлн сўмга, бир йил ичида 65,7 трлн сўм ёки 49,1 фоизга кўпайди.

Шу тариқа, бир йиллик пул массаси ўсишининг 55 фоиздан ортиғи миллий валютадаги бошқа депозитлар ҳисобига шаклланган. Уларнинг жами М2 таркибидаги улуши 42,4 фоиздан 45,9 фоизгача ошди.

Хорижий валютадаги депозитларнинг сўмдаги эквиваленти 73,3 трлн сўмни ташкил этди. Кўрсаткич бир ойда 2,1 трлн сўм ёки 2,9 фоизга, бир йилда эса 9,7 трлн сўм ёки 15,3 фоизга кўпайган.

Бироқ хорижий валютадаги депозитлар сўмдаги пул ва депозитлардан секинроқ ўсди. Натижада уларнинг умумий пул массасидаги улуши бир йил ичида 20,1 фоиздан 16,9 фоизгача, яъни 3,3 фоиз пунктга камайди.

Марказий банк М2 таркибига банк тизимидан ташқаридаги нақд пуллар ҳамда аҳоли, хусусий сектор ва айрим ташкилотларнинг миллий ва хорижий валютадаги талаб қилиб олингунча, жамғарма ва муддатли депозитларини киритади. Кўрсаткичлардаги ўсиш номинал ҳисобланган бўлиб, нархлар ўзгариши таъсири чиқариб ташланмаган.

Pinkod.uz сайтида эълон қилинган материаллардан нусха кўчириш, тарқатиш ва бошқа шаклларда фойдаланиш фақат таҳририят ёзма розилиги билан амалга оширилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 15.10.2024 санасида №440126 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.

© 2026 Pinkod.uz.
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

18+