Ўзбекистонда факторинг хизматлари ҳажми 6,6 трлн сўмга етди
Бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 8 баробар ошган. Дебиторлик хизматларининг 93 фоизи тижорат банклари орқали амалга оширилган. Шу даврда Капиталбанк, Асака банк ва SQB факторинг хизматларини кўрсатишда етакчи банклар бўлди.

2025 йилнинг III чорагида Ўзбекистонда кредит ташкилотлари томонидан жами 6,6 трлн сўмлик факторинг хизматлари кўрсатилди.
Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 8 баробарга кўпдир. Бу ҳақда Марказий банкнинг тегишли ҳисоботида маълум қилинган.
Ушбу хизматларнинг 6,1 трлн сўми (93%) тижорат банклари, 453 млрд сўми (7%) эса микромолия ташкилотлари ҳиссасига тўғри келган.
Кўрсатилган факторинг хизматларининг 50 фоизи рақамли факторинг хизматлари ҳиссасига тўғри келади.
Жорий йилнинг июнь ва июль ойларида 1,1 трлн сўмдан, сентябрь ойида эса 849 млрд сўм миқдорида факторинг хизматлари кўрсатилди. Таққослаш учун, 2024 йилдаги энг юқори кўрсаткич декабрь ойида қайд этилган бўлиб, 630 млрд сўмни ташкил этган.
Банклар тақсимоти
2025 йилнинг 9 ойи давомида тадбиркорларга давлат улуши мавжуд тижорат банклари томонидан 3,4 трлн сўм, хусусий банклар томонидан эса 2,7 трлн сўмлик факторинг хизматлари тақдим қилинган. Энг кўп операциялар давлат улуши мавжуд банклар ҳиссасига тўғри келган. Жумладан:
- Асака банк — 1 трлн сўм (шундан 508 млрд сўм электрон платформа орқали);
- Ўзсаноатқурилишбанк — 735 млрд сўм (695 млрд сўм электрон шаклда);
- Ўзмиллийбанк — 659 млрд сўм (450 млрд сўм рақамли хизматлар орқали).

Шунингдек, хусусий банклар орасида факторинг хизматлари бўйича Капиталбанк 1,2 трлн сўм (шундан 31 млрд сўм электрон платформа орқали), Hamkorbank 564 млрд сўм (246 млрд сўм рақамли шаклда) ва Asia Alliance Bank 252 млрд сўм (143 млрд сўм электрон кўринишда) билан етакчилик қилган.
Фоиз ставкалари
Кредит ташкилотлари кесимида фоиз ставкалари қуйидагича бўлган:

Ҳудудлар кесимида
Ҳудудлар кесимида факторинг хизматлари асосан Тошкент шаҳри (2,9 трлн сўм ёки 43,6%) ва Андижон вилояти (1,5 трлн сўм ёки 23,2%) ҳиссасига тўғри келган. Шунингдек, Тошкент вилоятида 506 млрд сўм, Фарғонада 345 млрд сўмлик хизматлар қайд этилган.

Энг паст натижалар эса Сурхондарё (39 млрд сўм), Сирдарё (33 млрд сўм) ва Жиззах (28 млрд сўм) вилоятларида кузатилган.
Ташкилий шакл бўйича
Мижозларнинг ташкилий шакли бўйича таҳлилда факторинг хизматларининг катта қисми масъулияти чекланган жамиятлар томонидан олинган. Уларнинг улуши 3,8 трлн сўм (58%)ни ташкил этади. Акциядорлик жамиятларига 1,6 трлн сўм (24,6%), чет эл капитали иштирокидаги корхоналарга 933 млрд сўм (14,2%), хусусий ва оилавий корхоналар ҳамда фермер хўжаликларига 210 млрд сўм (3,2%) миқдорида хизмат кўрсатилган.
Айланма бўйича
Тадбиркорлик субъектлари айланмаси бўйича тузилма ҳам катталашиб бораётган корхоналар устуворлигини кўрсатади. Жами факторинг хизматларининг:
- 4 фоизи — айланмаси 1 млрд сўмгача бўлган субъектларга,
- 7 фоизи — айланмаси 1–10 млрд сўм бўлганларга,
- 18 фоизи — 10–100 млрд сўм айланмали корхоналарга,
- 71 фоизи эса йиллик айланмаси 100 млрд сўмдан ортиқ йирик субъектларга тўғри келган.
Муддат ва миқдори бўйича
Факторинг муддати бўйича хизматларнинг 31 фоизи 30 кунгача бўлган қисқа муддатли операциялардан иборат. 61–90 кунлик хизматлар 2,2 трлн сўм билан энг катта улушни (33%) ташкил этади. Қолган қисми 31–60 кун (1,1 трлн сўм), 91–120 кун (0,7 трлн сўм) ва 121–180 кун (0,6 трлн сўм) оралиқларида тақсимланган.

Битим миқдорлари бўйича энг катта улуш йирик операцияларга тўғри келади. 1 млрд сўмдан 5 млрд сўмгача бўлган факторинг хизматлари 2,7 трлн сўмни, 5 млрд сўмдан юқори суммалардаги хизматлар яна 2,7 трлн сўмни ташкил этган. Кичик миқдорли — 100 млн сўмгача бўлган битимларнинг улуши эса бор-йўғи 1 фоиз.









