Ўзбекистон қарийб 2,5 млрд долларлик активлар бўйича Тошкент ва Лондон фонд биржасида ИПО ўтказмоқчи
Ўзбекистон Миллий инвестиция жамғармаси (UzNIF) Тошкент ва Лондон фонд биржаларида IPO ўтказишни режалаштирмоқда. Тахминан 2,44 млрд долларлик активларни бошқараётган жамғарма портфелига Uzbekistan Airways, Ўзбектелеком, Ўзбекгидроэнерго ва Ўзсаноатқурилишбанк каби йирик давлат компанияларидаги улушлар киради.

Ўзбекистон Миллий инвестиция жамғармаси (UzNIF) Тошкент ва Лондон фонд биржаларида IPO ўтказишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Президент Администрация раҳбари Саида Мирзиёева хабар берди.
Жараён халқаро инвестиция компанияси Франклин Темплетон томонидан мувофиқлаштирилмоқда. Ушбу ташаббус Ўзбекистоннинг халқаро молия бозорлари стандартларига мос ишлашини намойиш этиш ҳамда мамлакатнинг очиқ инвестиция муҳитига содиқлигини кўрсатишга қаратилган.

UzNIF Президент фармони билан 2024 йил август ойида ташкил этилган бўлиб, унинг асосий вазифалари Ўзбекистоннинг инвесторлар учун жозибадорлигини ошириш, капитал бозорини ривожлантириш, тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар оқимини кўпайтириш ҳамда портфелдаги давлат корхоналарида корпоратив бошқарувни такомиллаштиришдан иборат. Жамғарма ҳозирда 13 та компаниядаги миноритар улушларни бошқаради ва 2025 йил 31 декабрь ҳолатига кўра портфелининг соф актив қиймати (NAV) қарийб 2,44 млрд долларни ташкил этади.
Аввалроқ Президент фармони билан жамғарманинг устав капитали ҳамда портфель таркибида муҳим ўзгаришлар амалга оширилди. Унга кўра, портфелдаги компаниялар сони 15 тадан 13 тага қисқартирилди.
Маълумот учун, 2026 йил охиригача Миллий инвестиция жамғармасининг 30 фоизгача акцияларини IPO орқали жойлаштириш режалаштирилган. Бу жараён мамлакат капитал бозорини ривожлантириш ва халқаро инвесторларни жалб қилиш йўлидаги муҳим қадамлардан бири бўлиши кутилмоқда.









