UzNIF акциялари нархи Тошкентда 40 фоиздан кўпроқга, Лондонда эса 10 фоизга қимматлашди
UzNIF акциялари Тошкент ва Лондон фонд бозорларида IPO нархидан юқори даражада савдо қилинмоқда.
Тошкент Республика фонд биржасидаги илк савдо кунида жамғарма акциялари энг кўп савдо қилинаётган активга айланди. Савдолар бошланганидан кейин қисқа вақт ичида битимлар ҳажми 1,2 млрд сўмдан ошиб, битта акция нархи эса 6,20 сўмдан кўтарилди.
Бу дастлабки жойлаштириш нархига нисбатан 40,6 фоизлик ўсишни англатади. Лондон фонд биржасида эса UzNIF GDR’лари $27,50 нарх билан очилиб, IPO нархидан 10 фоиз юқори савдога чиқди.

Тошкент Республика фонд биржасида Ўзбекистон миллий инвестиция жамғармаси (UzNIF) акциялари билан савдолар илк кундаёқ сезиларли ўсиш билан бошланди. Буни биржа котировкалари маълумотларидан кўриш мумкин.
Аввалроқ UzNIF акциялари билан савдолар 18 майдан бошланиши маълум қилинганди. Савдоларнинг биринчи кунида деярли икки соат ичида битимлар ҳажми 1,2 млрд сўмдан ошди.

Хабар тайёрланаётган вақтда UzNIF акциялари фонд бозорида энг кўп савдо қилинаётган актив бўлиб турибди. Ҳозирда битта UzNIF акцияси нархи 6,20 сўмни ташкил қилмоқда. Савдолар давомида энг юқори нархи 7,50 сўм бўлган.
Савдоларнинг илк кунида акция нархи 24 фоизга ошган. Дастлабки жойлаштириш нархига нисбатан эса ўсиш 40,6 фоизни ташкил қилмоқда. IPO давомида 12 млрд сўмгача бўлган буюртмалар учун битта акция 4,41 сўмдан таклиф қилинган эди.
Акцияларни қандай сотиб олиш мумкин?
UzNIF акцияларини сотиб олиш учун инвестор аввало брокерлик ҳисобварағи очиши керак. Чунки жисмоний шахс фонд биржасида бевосита ўзи савдо қила олмайди — акциялар брокер орқали харид қилинади. Брокер мижоз топшириғи асосида унинг номидан ва ҳисобидан қимматли қоғозлар билан битим тузувчи профессионал иштирокчи ҳисобланади.
Бунинг учун инвестор Тошкент фонд биржаси аъзоси бўлган брокерлардан бирини танлайди. Брокер танлангач, у билан шартнома тузилади ва брокерлик ҳисобварағи очилади. Одатда бунинг учун шахсни тасдиқловчи ҳужжат ва СТИР етарли бўлади.
Масалан, бозорда Jett, GoInvest каби мобил иловалар орқали брокерлик ҳисобини масофадан очиш, ҳисобга пул киритиш ва акцияларни сотиб олиш имконияти мавжуд.
Ҳисоб очилгандан кейин инвестор брокерлик ҳисобига маблағ киритади. Шундан сўнг брокернинг савдо тизими, мобил иловаси ёки шахсий кабинети орқали UzNIF акцияларини қидиради. UzNIF акциялари Тошкент фонд биржасида UZNF тиcкери остида савдога қўйилган, оддий акция коди эса UZ705898 ҳисобланади.
Кейинги босқичда инвестор нечта акция олмоқчи эканини ва қандай нархда харид қилишини белгилайди. Агар бозорда шу нархда сотувчи мавжуд бўлса, буюртма бажарилади ва акциялар инвестор портфелида акс этади. Агар мос нархда сотувчи топилмаса, буюртма бажарилмай қолиши ёки қисман бажарилиши мумкин.
Лондондаги кўрсаткичлар
Лондонда эса UzNIF акциялари GDR шаклида чиқарилган эди. 18 май куни Ўзбекистоннинг йирик давлат активларидан бири илк бор Лондон фонд биржасида глобал инвесторлар савдосига чиқди. Мазкур тадбирда Президент администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева ҳам иштирок этмоқда.

18 май куни Лондон фонд биржасида савдолар UzNIF GDR’лари учун $27 нарх билан очилди. Бу IPO нархи — $25 га нисбатан 10 фоизлик ўсишни англатади. Умумий савдолар давомида GDR’ларнинг энг юқори нархи $28,03 гача кўтарилган (15 май куни).









