Олтин нархида пасайиш кузатилмоқда
Олтин нархи савдоларда бир унция учун $3 316 гача тушиб кетди. Маълумот учун, Citibank 2026 йилга бориб олтин нархи $2 500–$2 700 оралиғига тушиши мумкинлигини билдирган. Бу эса 1 грамм соф олтиннинг ҳозирги $107 дан $80 гача арзонлашиши эҳтимолини англатади.

Жаҳон бозорида олтин нархи пасайиш тенденциясини кўрсатмоқда. Бу ҳолатга АҚШ президенти Доналд Трамп томонидан Эрон ва Исроил ўртасида ўт очишни тўхтатиш ҳақидаги баёнот асосий сабаб сифатида тилга олинмоқда.
Олтин нархи савдоларда бир унция учун $3 316 гача тушиб кетди. Хабар тайёрланаётган пайтда қимматбаҳо метал $3 322 дан савдо қилинмоқда.

Аввалроқ геосиёсий тангликлар кучайгани фонида олтин — хавфсиз инвестиция воситаси сифатида — жаҳон бозорида катта талабга эга бўлиб, йил бошидан бери нархлар 27 фоизга ошган эди. Нархларнинг кескин ўсишига Трамп давридаги бож сиёсати, глобал иқтисодий хавотирлар ва марказий банкларнинг фаол харидлари ҳам сабаб бўлган.
Аммо эндиликда дунёнинг етакчи молиявий институтларидан бири — Citibank олтин нархларида пасайиш бошланганини тахмин қилмоқда. Банк ўзининг қисқа муддатли прогнозини бир унция учун $3 500 дан $3 300 га, ўрта муддатли прогнозини эса $3 000 дан $2 800 га туширди.
Citi мутахассисларига кўра, 2025 йилнинг учинчи чорагигача олтин нархи $3 100–$3 500 оралиғида бўлиши мумкин. Бунга геосиёсий хавфларнинг босилиши, АҚШ бож сиёсатидаги ноаниқликлар ҳамда федерал бюджет билан боғлиқ муаммолар таъсир кўрсатади. 2026 йилнинг иккинчи ярмида эса нархлар бир унция учун $2 500–$2 700 оралиғига тушиб кетиши эҳтимоли мавжуд.
Нархлар пасайиши Ўзбекистонга ҳам таъсир кўрсатмоқда
Глобал тенденцияларнинг Ўзбекистон ички бозорига ҳам таъсири сезилмоқда. Марказий банк маълумотларига кўра, айни пайтда банкларда сотилаётган 5 граммли олтин қуймаси нархи 6 миллион 959 минг сўмни ташкил қилмоқда. 1 грамм олтин эса 1 миллион 391 минг 800 сўмдан баҳоланмоқда.
Банклардаги олтин қуймалари нархи қуйидагича:
- 5 грамм — 6 959 000 сўм
- 10 грамм — 13 917 000 сўм
- 20 грамм — 27 835 000 сўм
- 50 грамм — 69 587 000 сўм
- 100 грамм — 139 174 000 сўм
Олтин қуймаларини банклардан сотиб олиш имконияти мавжуд. Банкларнинг манзиллари ва батафсил маълумотларни Марказий банк расмий сайтидан топиш мумкин.