12 055.900 so‘m

increase

44.250

13 572.530 so‘m

increase

109.870

144.160 so‘m

increase

0.990

12 055.900 so‘m

increase

44.250

5 соат аввал
Банк
100

Click акциядорларига 2026 йилда 160,6 млрд сўм дивиденд ажратишга қарор қилган

Click акциядорлари 2026 йил давомида тўртта қарор билан жами 160,6 млрд сўмни дивиденд сифатида тақсимлашни маъқуллаган. Бу компаниянинг жорий йил биринчи ярмида олган қарийб 150 млрд сўмлик соф фойдасидан 7 фоиз кўп. Дивидендларнинг бир қисми эса аввалги даврларда тўпланган тақсимланмаган фойда ҳисобидан ажратилган.

Click акциядорларига 2026 йилда 160,6 млрд сўм дивиденд ажратишга қарор қилган

Бу ҳақда компания томонидан очиқланган корпоратив маълумотларда келтириб ўтилган.

Йилнинг биринчи дивиденд қарори 15 январда қабул қилинган. Click’нинг 150,6 млрд сўмлик тақсимланмаган фойдасидан 36 млрд сўми акциядорларга йўналтирилган. Ҳар бир жойлаштирилган акцияга 1 800 сўмдан дивиденд белгиланган. Компанияда 20 млн дона акция мавжуд бўлиб, мазкур дивидендлар 16 мартгача тўлиқ тўланган.

18 мартда акциядорлар яна 36 млрд сўм дивиденд ажратган. Бу сафар ҳам бир акцияга 1 800 сўмдан тўғри келган. Натижада Click’нинг ўша пайтдаги 114,6 млрд сўмлик тақсимланмаган фойдаси 78,6 млрд сўмгача камайган. Ушбу дивидендлар ҳам 17 майгача тўлиқ тўланган.

Май ойида дивиденд миқдори оширилган. 18 майдаги қарор билан 78,6 млрд сўмлик тақсимланмаган фойданинг 52,58 млрд сўми акциядорларга берилган. Бир акцияга дивиденд 2 629,06 сўмни ташкил этган, тўлов муддати 16 июлгача белгиланган.

Сўнгги дивиденд қарори 30 сентябрда қабул қилинган. Openinfo дивидендлар календарида Click акциялари бўйича яна 1 800 сўмдан тўлов белгиланган ва дивидендларни 28 ноябргача тўлаш кўзда тутилган. 20 млн дона акция ҳисобида бу яна 36 млрд сўмни ташкил қилади.

Шу тариқа, 2026 йилнинг ўзида қабул қилинган тўртта дивиденд қарори бўйича жами сумма 160,58 млрд сўмга етган. Бир акцияга йил давомида жами 8 029,06 сўм дивиденд ҳисобланган.

Click кимларга тегишли?

iHamkor маълумотларида Click акциялари етти нафар жисмоний шахс ўртасида тақсимлангани кўрсатилган. Энг катта улуш Иляс Азимовга тегишли — 35 фоиз. Азизилло Ғуломқодиров 25 фоиз, Илҳом Азимов 20 фоиз улушга эга. Баҳодир Абдуқодиров, Рустам Файзиев, Улуғбек Рустамов ва Жаҳонгир Усмоновнинг улуши эса 5 фоиздан.

User attachment

Мазкур акциядорлик таркиби юридик шахслар давлат реестрининг очиқ карточкасида алоҳида кўрсатилмаган. Бироқ у Openinfo’даги компаниянинг 2025 йилги расмий эмиссия ҳужжатига ҳам мос келади.

Тушум ошган, соф фойда эса камайган

Click’нинг 2026 йил биринчи ярим йиллик молиявий ҳисоботида соф тушум 437,58 млрд сўмни ташкил қилган. Бир йил аввал компания 353,44 млрд сўм тушум олган эди. Шу тариқа кўрсаткич 84,1 млрд сўмга ёки 23,8 фоизга ошган.

Бироқ соф фойда тушумдаги ўсишни такрорламаган. 2025 йил биринчи ярмидаги 154,68 млрд сўмлик соф фойда жорий йилнинг мос даврида 149,99 млрд сўмгача камайган. Натижада компаниянинг соф фойда маржаси 43,8 фоиздан 34,3 фоизгача тушган.

Бунга харажатларнинг тушумдан тезроқ ўсиши ҳам таъсир қилган. Click’нинг давр харажатлари 180,61 млрд сўмдан 254,4 млрд сўмгача ёки қарийб 41 фоизга кўпайган. Бошқа операцион харажатлар эса 38,66 млрд сўмдан 134,91 млрд сўмгача — қарийб 3,5 бараварга ошган.

Шу билан бирга, дивидендларнинг жами миқдорини фақат жорий йил фойдаси билан солиштириш тўлиқ манзарани бермайди. 30 июнь ҳолатига Click балансида 258,62 млрд сўм тақсимланмаган фойда мавжуд бўлган. Бу олдинги даврларда йиғилган ва кейинчалик акциядорларга тақсимланиши мумкин бўлган фойдани ҳам ўз ичига олади.

Pinkod.uz сайтида эълон қилинган материаллардан нусха кўчириш, тарқатиш ва бошқа шаклларда фойдаланиш фақат таҳририят ёзма розилиги билан амалга оширилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 15.10.2024 санасида №440126 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.

© 2026 Pinkod.uz.
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

18+