Click, payme ёки Paynet: 9 ойда ким кўпроқ соф фойда олди?
2025 йилнинг январь–сентябрь ойларида Ўзбекистон тўлов хизматлари бозорида компаниялар фойдаси сезиларли ўсишни қайд этди. Paynet соф фойдасини 59 фоизга, payme 54 фоизга, Click эса 31 фоизга оширди.

Ўзбекистондаги етакчи тўлов ташкилотлари бўлган Click, Payme ва Paynet 2025 йилнинг январь–сентябрь ойлари бўйича молиявий ҳисоботларини тақдим этди. Pinkod ушбу маълумотларга асосланиб компанияларнинг даромад ва фойда ўсишини таҳлил қилди.
Paynet — 330,5 млрд сўм
Paynet АЖ эса 2025 йилнинг дастлабки тўққиз ойида 330,5 млрд сўм соф фойда қайд этди. Бу ўтган йилга нисбатан 59,1 фоизга ёки 122,9 млрд сўмга кўп.
Компаниянинг даромадлари 1,2 трлн сўмга етиб, 55,3 фоизга ўсди. Paynet 9 ойда 49,6 млрд сўмлик даромад солиғи тўлади.
payme — 287,3 млрд сўм
payme АЖ 2025 йилнинг тўққиз ойлигида 287,3 млрд сўм соф фойда олган. Мазкур кўрсаткич ўтган йилга нисбатан 53,7 фоизга юқорироқ.
Компания даромадлари 534,2 млрд сўмга етган, бу эса 56,3 фоизлик ўсишни англатади. payme ҳисобот даврида 4,8 млрд сўм солиқ тўлаган.
Click — 235,7 млрд сўм
Click АЖ ҳисобот даврида 235,7 млрд сўм соф фойда қайд этди. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 56,4 млрд сўмга ёки 31,4 фоизга кўп.
Компания даромадлари 549,1 млрд сўмни ташкил этиб, 30,4 фоизга ўсди. Шу даврда Click 899 млн сўм даромад солиғи тўлаган.









