12 055.900 so‘m

increase

44.250

13 572.530 so‘m

increase

109.870

144.160 so‘m

increase

0.990

12 055.900 so‘m

increase

44.250

1 соат аввал
Иқтисодиёт
82

3,4 млрд долларга қурилган Uzbekistan GTL хусусийлаштириш арафасида. Заводнинг молиявий ҳолати қандай?

Корхонанинг жорий молиявий натижалари ҳозирча очиқланмаган, бироқ унинг хорижий кредитлар бўйича асосий қарз қолдиғи 838,2 млн долларни ташкил этмоқда. 

Завод 1 млрд долларлик узоқ муддатли шартномага ҳам эга, уни IPO орқали хусусийлаштириш имконияти кўриб чиқилмоқда. 

Pinkod очиқ манбалар асосида корхонанинг молиявий мажбуриятлари, йирик битимлари ва ишлаб чиқариш фаолиятига оид асосий маълумотларни жамлади. 

3,4 млрд долларга қурилган Uzbekistan GTL хусусийлаштириш арафасида. Заводнинг молиявий ҳолати қандай?

Ўзбекистондаги энг йирик саноат лойиҳаларидан бири бўлган Uzbekistan GTL заводини хусусийлаштириш жараёни бошланди. Бу ҳақда Давлат активларини бошқариш агентлиги директори Соҳибжон Муродов 8 октябрь куни ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, корхонани хусусийлаштириш концепцияси ишлаб чиқилган. Ҳозирда заводнинг молиявий-хўжалик фаолиятини аудитдан ўтказиш, ишлаб чиқариш ва молиявий кўрсаткичларига салбий таъсир кўрсатаётган омилларни аниқлаш ишлари олиб борилмоқда.

Бироқ матбуот анжуманида заводнинг жорий молиявий натижалари, жумладан, даромади, харажатлари ва соф фойдаси ҳақида маълумот берилмади.

Шу муносабат билан Pinkod очиқ манбалардаги маълумотлар асосида Uzbekistan GTL’нинг қурилиш қиймати, кредит қарздорлиги, йирик шартномалари ва ишлаб чиқариш қувватларига оид асосий рақамларни жамлади.

Шунингдек, корхона хусусийлаштирилишининг мамлакат иқтисодиёти, хомашё етказиб берувчилар, ҳамкор ташкилотлар ва маҳсулот харидорларига эҳтимолий таъсири ўрганилмоқда.

Президентнинг 2025 йил 21 апрелдаги ПҚ-145-сонли қарорига мувофиқ, “Ўзбекнефтгаз” АЖга тегишли Uzbekistan GTL МЧЖнинг 100 фоиз улуши хусусийлаштирилиши белгиланган.

Дастлаб корхонани савдога чиқариш 2026 йилнинг иккинчи чорагига мўлжалланган эди. Бироқ октябрь ойига келиб завод ҳали оммавий савдоларга чиқарилмади.

Давактив раҳбарининг тушунтиришича, қарорда белгиланган муддат корхона айнан шу вақтгача сотилиши шартлигини англатмайди. Заводни сотишдан аввал унинг молиявий ҳолати ўрганилиши ва зарур тайёргарлик ишлари якунланиши керак.

Uzbekistan GTL IPO’га ҳам чиқарилиши мумкин

Давлат активларини бошқариш агентлиги корхона акцияларини бирламчи оммавий жойлаштириш (IPO) имкониятини ҳам кўриб чиқмоқда.

Соҳибжон Муродовнинг айтишича, бир қатор йирик халқаро ташкилотлар агентликка мурожаат қилиб, Uzbekistan GTL’нинг IPO’сида иштирок этишга қизиқиш билдирган.

Агентлик раҳбари IPO амалга оширилган тақдирда корхонадаги кичик улушларни харид қилишни истовчи инвесторлар ҳам бўлишини таъкидлаган.

Ҳозирча хусусийлаштириш қандай механизм асосида ўтказилиши, корхонанинг қанча улуши инвесторларга таклиф қилиниши ҳамда IPO муддати маълум эмас.

Шунингдек, заводнинг жорий молиявий натижалари ҳам матбуот анжуманида очиқланмади. Давактив ушбу маълумотларни кейинчалик алоҳида эълон қилишини билдирган.

3,42 млрд долларлик заводнинг қанча қарзи қолган?

Қашқадарё вилоятида жойлашган Uzbekistan GTL заводи 2021 йил декабрь ойида ишга туширилган. Корхона табиий газни қайта ишлаб, суюқ ёқилғи ва нефть-кимё маҳсулотларини ишлаб чиқаришга ихтисослашган.

Завод қурилишининг умумий қиймати 3,42 млрд долларни ташкил этган. Шундан қарийб 2,3 млрд доллари давлат кафолати остида жалб қилинган хорижий кредитлар ҳисобидан молиялаштирилган.

Uzbekistan GTL’нинг расмий маълумотларига кўра, 2026 йил 16 июнь ҳолатига хорижий кредитларнинг қайтарилмаган асосий қарз қолдиғи 838,2 млн долларни ташкил этган.

Бу дастлаб жалб қилинган 2,3 млрд долларлик кредитларнинг қарийб 36,4 фоизига тенг. Бошқача айтганда, кредитларнинг тахминан 1,46 млрд долларлик қисми қайтарилган.

Энг йирик кредитор Хитой Давлат тараққиёт банки бўлиб, унинг дастлабки 1,2 млрд долларлик кредитидан 483,6 млн доллар қарз қолган.

Корея Экспорт-импорт банки (KEXIM) олдидаги қарз 201,5 млн долларни, K-SURE суғуртаси билан таъминланган кредитлар бўйича қарздорлик эса 112,8 млн долларни ташкил этган.

Шу билан бирга, мазкур рақамлар кредитларнинг фақат асосий қарз қолдиғини ифодалайди. Фоизлар ва бошқа шартномавий мажбуриятлар ҳисобга олинганда корхонанинг умумий молиявий мажбуриятлари бундан юқори бўлиши мумкин.

Завод АҚШ компанияси билан 1 млрд долларлик келишувга ҳам эга

Uzbekistan GTL фаолияти билан боғлиқ йирик битимлардан яна бири 2023 йил май ойида АҚШнинг Air Products компанияси билан тузилган.

Қиймати 1 млрд доллар бўлган келишувга мувофиқ, Air Products завод таркибидаги синтез-газ ишлаб чиқариш ва бошқа саноат газлари билан боғлиқ қувватларни сотиб олган.

Америка компаниясининг АҚШ Қимматли қоғозлар ва биржалар комиссиясига (SEC) тақдим этган ҳисоботида ушбу келишув 15 йилга мўлжаллангани кўрсатилган.

Шартномага кўра, Air Products мазкур қувватларни ишлатиб, “Ўзбекнефтгаз”га зарур маҳсулотларни етказиб беради. Бунинг эвазига компания ишлаб чиқарилган маҳсулотга бўлган ҳақиқий талабдан қатъи назар, ҳар ой белгиланган тўловни олади.

Шартнома муддати тугагач, Ўзбекистон томони ушбу ишлаб чиқариш қувватларини қайта сотиб олиш ҳуқуқига эга.

Air Products’нинг 2025 йил 30 сентябрь ҳолатига молиявий ҳисоботида Ўзбекистондаги мазкур операция билан боғлиқ молиявий дебиторлик қарзи 1 млрд доллар миқдорида акс эттирилган.

Шу сабабли заводни хусусийлаштиришда нафақат унинг хорижий кредитлари, балки узоқ муддатли шартномалар доирасидаги мажбуриятлари ҳам муҳим аҳамиятга эга бўлиши мумкин. 

Заводнинг ишлаб чиқариш қуввати қанча?

Uzbekistan GTL йилига 3,6 млрд куб метр табиий газни қайта ишлашга мўлжалланган.

Лойиҳа кўрсаткичларига кўра, завод йилига 724 минг тонна дизель ёқилғиси, 307 минг тонна авиация керосини, 437 минг тонна нафта ва 53 минг тонна суюлтирилган газ ишлаб чиқариш имкониятига эга.

Бироқ ушбу рақамлар заводнинг лойиҳавий қувватини англатади, амалдаги ишлаб чиқариш ҳажмларини эмас.

2025 йил декабрь ойида “Ўзбекнефтгаз” корхона ишга туширилганидан тўрт йил ўтиб тўлиқ қувватга чиққанини маълум қилган эди. Шу билан бирга, технологик камчиликлар ва режадан ташқари тўхташлар билан боғлиқ муаммолар сақланиб қолаётгани қайд этилган.

Компания 2026 йилда ишлаб чиқариш ҳажмини 15–20 фоизга ошириш вазифасини қўйган.

Pinkod.uz сайтида эълон қилинган материаллардан нусха кўчириш, тарқатиш ва бошқа шаклларда фойдаланиш фақат таҳририят ёзма розилиги билан амалга оширилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 15.10.2024 санасида №440126 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.

© 2026 Pinkod.uz.
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

18+