Йил бошида электромобиллар бозори рекорд даражада ўсди
Январь ойида Ўзбекистонда маҳаллий ва импорт қилинган янги енгил автомобиллар савдоси ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 7,2 фоизга ўсиб, 28,6 минг донани ташкил этди.
Бу вақтда электромобиллар савдоси 9 фоизга ошиб, 6,1 минг донани ташкил этди. Бирламчи бозорда эса реализация ҳажми 45,3 фоизга ўсиб, ушбу сегмент бозор умумий ўсишининг асосий драйверига айланди.

Январь ойида маҳаллий ишлаб чиқарилган ва импорт қилинган янги енгил автомобиллар савдоси ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 7,2 фоизга ўсиб, 28,6 минг донани ташкил этди.
Ҳудудлар кесимида энг юқори савдо фаоллиги Бухоро, Қашқадарё, Фарғона ва Сурхондарё вилоятларида кузатилди. Шу билан бирга, янги енгил автомобиллар сотуви Самарқанд ва Хоразм вилоятларида, шунингдек Тошкент шаҳрида ўтган йилга нисбатан пасайди.
Маҳаллий ишлаб чиқарилган янги автомобиллар сегментида савдолар ўтган йил январь ойига нисбатан 11 фоиздан ортиқ ўсиб, 24 минг дондан зиёдни ташкил этди. Айни пайтда, хорижий ишлаб чиқарилган янги автомобиллар реализацияси қарийб 4,4 минг донани ташкил этиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 10 фоизга камайди.
Электромобиллар бозор ўсишининг асосий драйвери
Январь ойида электромобиллар савдоси 9 фоизга ошиб, 6,1 минг донани ташкил этди. Ҳудудий кесимда сотувларнинг асосий қисми Тошкент шаҳри ҳиссасига тўғри келиб, пойтахтда 3,7 мингта электромобиль сотилди. Бу умумий ҳажмнинг 62 фоиздан ортиғини ташкил этади.
Шунингдек, электромобиллар бозорида сезиларли ўсиш Самарқанд (3,5 баробар), Наманган (2,4 баробар), Сурхондарё (5 баробар) ҳамда Хоразм (3 баробар) вилоятларида қайд этилди.
Айни пайтда, электромобилларнинг бирламчи бозори рекорд даражада — 45,3 фоизга ўсиб, 4,7 минг донани ташкил этди.









