Илон Маск учар Tesla Roadster’ни тақдим этди
Tesla ва SpaceX муҳандислари ҳамкорлигида яратилган спорт электромобили реактив қурилмалар ёрдамида ҳавода манёвр бажара олади. Тақдимотда Roadster соатига қарийб 97 километр тезликка 0,81 сонияда чиққани кўрсатилди. Моделни ишлаб чиқариш 2028-йилда бошланиши режалаштирилмоқда.

Tesla АҚШнинг Техас штатида янги Roadster’ни намойиш қилди. Тақдимот давомида автомобиль эгри рампа бўйлаб ғилдираклари юқорига қараган ҳолатда ҳаракатланди, сўнг ҳавога кўтарилиб, айланди ва ерга қўнди. Намойишнинг бошқа қисмида эса машина бир нечта автомобиль устидан сакраб ўтди.
Tesla маълумотига кўра, янги моделда автомобиль остидаги ҳавони тортиб чиқарадиган вентиляторлар тизими қўлланган. Бу машинани сиртга босиб турувчи қўшимча куч ҳосил қилиб, унинг йўл билан илашишини яхшилайди.
Ҳавога кўтарилиш ва парвоз пайтидаги ҳаракатларни бошқариш учун эса совуқ газли реактив қурилмалар ишлатилади. Илон Маскнинг тушунтиришича, тизим юқори босим остида сақланадиган ҳаводан фойдаланади.
Roadster учта вариантда таклиф этилади:
- Performance — икки ўриндиқли базавий версия. Фаол аэродинамика ва автомобилни йўлга босиб турувчи тизим билан жиҳозланади.
- Thrust — икки ўриндиқли, орқа қисмига реактив қурилмалар ўрнатилган версия. Компания унинг соатига қарийб 97 километр тезликка бир сониядан кам вақтда чиқишини билдирмоқда.
- Rocket — бир ўриндиқли учар версия. Кузов атрофига ўрнатилган реактив қурилмалар юқорига кўтарилиш ва ҳавода айланиш имконини беради.

“Rocket” фақат таклиф асосида тақдим этилади. Tesla ушбу версиянинг умумий фойдаланишдаги йўлларда ҳаракатланиши учун рухсат олинмаганини қайд этган.

Компания автомобилнинг якуний нархини ҳозирча очиқламади. “Performance”ни олдиндан банд қилиш учун 50 минг доллар, “Thrust” учун эса 250 минг доллар депозит талаб этилади. Базавий версия бўйича дастлаб 5 минг доллар, қолган 45 минг долларни ўн кун ичида тўлаш керак. Бу автомобилнинг тўлиқ нархи эмас, уни банд қилиш учун тўлов ҳисобланади.









