Хусусийлаштирилиши кутилаётган MobiUz 2025 йилда 173,6 млрд сўм соф фойда олди
MobiUz мобил алоқа оператори 2025 йил якунлари бўйича 173,6 млрд сўм соф фойда қайд этди. Бир йил ичида мазкур кўрсаткич қарийб 39 бараварга ошган.

MobiUz мобил алоқа оператори 2025 йил якунлари бўйича 173,6 млрд сўм соф фойда олди. Бу ҳақда компания ҳисоботида келтириб ўтилган.
Ҳисоботга кўра, 2025 йил давомида компаниянинг жами тушуми 2,5 трлн сўмни ташкил этган. Бу кўрсаткич 2024 йилга нисбатан 19 фоизга ошган.
Маҳсулот ва хизматларнинг реализация таннархи йил давомида 1,6 трлн сўмни ташкил этди. Натижада компаниянинг ялпи фойдаси 863,1 млрд сўмга етди. Бу эса ўтган йилга нисбатан қарийб 15 фоизга кўпдир.
MobiUz 2025 йилда давлат бюджетига жами 235,3 млрд сўм солиқ тўлаган. Бу кўрсаткич билан у хизмат кўрсатиш соҳасидаги корхоналар орасида 9 ўринни эгаллаган. Тўланган солиқларнинг 64,1 млрд сўмлик қисми фойда солиғи ҳисобига тўғри келади.
Барча харажатлар ва солиқ тўловлари чиқариб ташлангач, 2025 йил якунида компаниянинг соф фойдаси 173 млрд 606 млн сўмни ташкил этди. Таққослаш учун, 2024 йилда компания соф фойдаси атиги 4,3 млрд сўм бўлган. Шундай қилиб, бир йил ичида соф фойда қарийб 39 бараварга ошган.
MobiUz ва уни хусусийлаштириш
9 июн куни Давлат активларини бошқариш агентлиги Universal Mobile Systems (Mobiuz) компанияси устав капиталидаги 100 фоиз давлат улушини хусусийлаштириш жараёнини бошлаганини маълум қилди.
Маълумотларга кўра, Ўзбекистон Mobiuz мобил алоқа операторини 300 млн долларга сотишни режалаштирмоқда. Bloomberg манбаларининг маълум қилишича, жараёнга Яқин Шарқ ва Европадан инвесторлар жалб қилиниши мумкин.
Шунингдек, агар Mobiuz бошқа операторлар билан бирлашиш эҳтимоли юзага келса, давлат потенциал харидорни қўллаб-қувватлашга тайёрлигини билдирган.
Дастлаб компанияни харид қилишга 15 нафар инвестор қизиқиш билдирган эди. Ҳозирги вақтда эса MobiUz’ни сотиб олиш учун уч нафар талабгор ўзаро рақобатлашмоқда.









