“Халқ банки” ва “Навоийазот” чиқарилди: UzNIF портфели таркибидаги компанияларда яна ўзгариш юз берди
UzNIF портфелидаги компаниялар сони 15 тадан 13 тагача қисқарди. Жамғарма устав капиталидан “Навоийазот” ва “Халқ банки”нинг мос равишда 25 фоиз ва 30 фоизлик улушлари чиқарилди. Шунингдек, портфелдаги “Ўзбектелеком”, “Ўзбекинвест” ва “Ўзсаноатқурилишбанк”нинг улушлари оширилди.

Аввалроқ 2026 йил охиригача Миллий Инвестиция жамғармасининг 30 фоиз акциялари IPO’га чиқарилиши режалаштирилаётгани хабар қилинган эди.
Президент имзолаган янги қарорга мувофиқ, жамғарма устав капитали ва портфель таркибида қатор муҳим ўзгаришлар амалга оширилади.
2025 йилда UzNIF портфелидаги компаниялар сони 18 тадан 15 тагача қисқартирилган эди. Ўша жараёнда Uzbekistan Airports АЖнинг 25 фоизи, “Микрокредитбанк” АТБнинг 40 фоизи, “Бизнесни ривожлантириш банки” АТБнинг 25 фоизи ҳамда “Ўзбекистон почтаси” АЖнинг 25 фоиз акциялари жамғарма таркибидан чиқарилган эди. Уларнинг ўрнига “Ўзсаноатқурилишбанк”нинг 30 фоизлик давлат улуши жамғарма портфелига киритилганди.
2026 йил бошига келиб эса портфелдаги компаниялар сони яна қисқариб, 15 тадан 13 тага туширилди. Хусусан, “Навоиязот”нинг 25 фоизи ва “Халқ банки”нинг 30 фоизи жамғарма устав капиталидан чиқарилиши белгиланди.
Шу билан бирга, айрим компаниялар бўйича жамғарма улуши оширилади:
- “Ўзбектелеком” — 25 фоиздан 30 фоизга
- “Ўзбекинвест” — 30 фоиздан 40 фоизга
- “Ўзсаноатқурилишбанк” — 30 фоиздан 40 фоизга
Айни пайтда жамғарма портфели қуйидагича шаклланган:
| T/r | Номланиши | Жамғарма улуши (%) |
| 1 | “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ | 40 |
| 2 | “Иссиқлик электр станциялари” АЖ | 25 |
| 3 | “Ўзбекгидроэнерго” АЖ | 40 |
| 4 | “Ўзбектелеком” АЖ | 30 |
| 5 | “Uzbekistan airways” АЖ | 25 |
| 6 | “Темирйўлинфратузилма” АЖ | 40 |
| 7 | “Ҳудудгазтаъминот” АЖ | 40 |
| 8 | “Тошшаҳартрансхизмат” АЖ | 25 |
| 9 | “Ўзбекистон МЕТ” АЖ | 40 |
| 10 | “Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси” АЖ | 40 |
| 11 | “Ўзбекинвест” АЖ | 40 |
| 12 | “Ўзсувтаъминот” АЖ | 40 |
| 13 | “Ўзсаноатқурилишбанк” АТБ | 40 |
Шунингдек, халқаро инвестиция компанияси Franklin Templeton’га (жамғарма бошқарувчиси) “Ўзбекинвест”ни хусусийлаштириш жараёнида иштирок этишга рухсат берилади.
Қарор билан яна бир муҳим норма жорий этилмоқда. Эндиликда жамғарма улуши мавжуд бўлган компаниялар бўйича ҳисобланган дивидендларни жамиятлар ихтиёрида қолдиришни назарда тутувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилиш тақиқланади. Яъни, ушбу компаниялар фойдаси бевосита акциядорлар манфаатини таъминлашга йўналтирилиши керак бўлади.









