2026 йил охиригача Миллий инвестиция жамғармасининг 30 фоизгача акциялари IPO’га чиқарилади
Давлат иштирокидаги корхоналар ва тижорат банкларида кузатув кенгашлари таркибидаги мустақил аъзолар улуши 50 фоизга етказилади.

Президент давлат иштирокидаги корхоналар ва тижорат банклари фаолиятининг самарадорлигини оширишга қаратилган қарорни қабул қилди.
Ҳужжатга мувофиқ, корхона ва банкларда корпоратив бошқарув маданиятини ривожлантириш, замонавий бошқарув усулларини кенг жорий этиш белгиланди. Хусусан, жамиятлар кузатув кенгашларида мустақил аъзолар улуши 50 фоизга етказилади.
2026 йил якунига қадар Миллий инвестиция жамғармаси устав капиталидаги 30 фоизгача акциялар пакети халқаро ва маҳаллий фонд бозорларида бирламчи оммавий таклиф (IPO) орқали жойлаштирилади.
Шунингдек, жамғарма улуши мавжуд бўлган жамиятлар бўйича ҳисобланган дивидендларни уларнинг ўз ихтиёрида қолдиришни назарда тутувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилиш тақиқланади.
Давлат активларини бошқариш агентлигига иқтисодиётдаги ўрни ва улуши, молиявий натижалар, бизнес-режа кўрсаткичларининг бажарилиши ҳамда бошқа муҳим маълумотларни мунтазам тақдим этиш тартиби жорий этилади.
Ўзбекистон ва хусусийлаштириш
Маълумот учун, Миллий инвестиция жамғармаси 2024 йилда ташкил этилган. 2025 йил 1 майдан бошлаб унинг бошқаруви Franklin Templeton компаниясига топширилган. Хорижий инвестиция компанияси айни пайтда давлат корхоналарини IPO жараёнларига тайёрламоқда.
Аввалроқ Навоий кон-металлургия комбинати (НКМК) Ўзбекистон ва Буюк Британияда иккита IPO ўтказишга тайёргарлик кўраётгани ҳақида хабарлар берилганди. Давлат корхонаси қарзларни ҳам инобатга олган ҳолда тахминан 20 миллиард долларлик баҳолашга эришишни кутмоқда.
Бироқ, Bloomberg хабарига кўра, НКМКнинг IPO жараёни кечикиши мумкин. Ҳукумат олтин қазиб олувчи компания ИПЎдан сўнг давлат бюджетига тўланадиган йирик дивидендлар қисқариб кетишидан хавотир билдирмоқда. Шу сабабли 2026 йил бошида ўтказилиши режалаштирилган IPO амалга ошмай қолган бўлиши мумкин.
Шунингдек, 2026 йилда Ўзбекистонда бирорта давлат банкининг хусусийлаштирилиши кутилмайди.
Янгиланган “Ўзбекистон-2030” стратегиясига кўра, жорий йилда улар сони 9 та даражасида сақланиб қолади. 2027 йилда улар 7 тага, 2028 йилда 6 тага, 2029 йилда 5 тага ва 2030 йилда 4 тага қисқартирилиши режалаштирилган.









