Тошкентда иситиш ва иссиқ сув тарифлари 30 фоизга оширилиши мумкин
Ҳукумат қарори лойиҳасида марказлашган иситиш ва ҳисоблагич орқали ҳисобланадиган иссиқ сув учун янги тарифларни 1 ноябрдан жорий этиш таклиф қилинмоқда. Тошкентда иситишнинг кунлик нархи 1 квадрат метр учун 314 сўмга, иссиқ сувнинг 1 куб метри эса 11 607 сўмга етиши мумкин. Ҳисоблагичсиз иссиқ сув учун ойлик тўловни эса камайтириш кўзда тутилган.

Тошкент шаҳрида марказлашган иситиш ва ҳисоблагич орқали ҳисобланадиган иссиқ сув тарифлари 2026 йил 1 ноябрдан 30 фоизга оширилиши мумкин. Ҳисоблагичсиз иссиқ сув учун бир кишилик ойлик тўловни эса 13,3 фоизга камайтириш таклиф этилмоқда. Бу ҳақда жамоатчилик муҳокамасига қўйилган ҳукумат қарори лойиҳасидан маълум бўлди.
Лойиҳага кўра, Тошкентда иситиладиган майдоннинг 1 квадрат метри учун кунлик тариф амалдаги 241,44 сўмдан 314 сўмга кўтарилиши мумкин. Бу 72,56 сўм ёки 30 фоизга яқин ўсиш демакдир.
Масалан, 50 квадрат метр иситиладиган хонадоннинг 30 кунлик иситиш тўлови амалдаги тариф бўйича 362,2 минг сўмни ташкил қилади. Таклиф этилаётган тариф тасдиқланса, тўлов 471 минг сўмга етади. Фарқ бир ойда 108,8 минг сўм бўлади.
Ҳисоблагич орқали ҳисобланадиган иссиқ сувнинг 1 куб метри учун тўловни 8 928,67 сўмдан 11 607 сўмга ошириш таклиф этилган. Ойига 5 куб метр иссиқ сув ишлатадиган хонадон учун харажат тахминан 44,6 минг сўмдан 58 минг сўмга чиқади.
Ҳисоблагичсиз хонадонларда эса иссиқ сувнинг бир киши учун ойлик тўлови 52 303,39 сўмдан 45 330 сўмга тушиши мумкин. Бу қарийб 7 минг сўм ёки 13,3 фоизга камайишдир. Умумий душли ётоқхоналарда яшовчилар учун ҳам бир кишилик тўловни 38 908,16 сўмдан 33 720 сўмга пасайтириш кўзда тутилган.
Қарор ҳозирча лойиҳа бўлиб, ундаги тарифлар расман тасдиқланмаган.









