Газ етиб бормаган ҳудудларда электр энергияси базавий меъёри 350 кВт·соатга оширилади
Электр энергияси ва табиий газни базавий меъёрдан ортиқ истеъмол қилиш билан боғлиқ харажатларнинг бир қисмини қоплаш муддати 2028 йил 1 апрелгача узайтирилиши режалаштирилмоқда.
Ушбу компенсация механизми орқали йилига 470 мингта эҳтиёжманд оилани қўллаб-қувватлаш кўзда тутилган.
Бундан ташқари, газ етиб бормаган ҳудудларда электр энергияси бўйича базавий меъёрни 200 кВт·соатдан 350 кВт·соатга ошириш таклифи ҳам маъқулланди.

Президент Шавкат Мирзиёев 6 октябрь куни куз-қиш мавсумида аҳолини, хусусан эҳтиёжманд оилаларни ижтимоий ҳимоя қилиш бўйича таклифлар билан танишди. Тақдимотда электр энергияси, табиий газ, кўмир ва коммунал хизматлар харажатларини қоплаш бўйича амалдаги ёрдам механизмларини кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.
Хусусан, иситиш мавсумида газлашмаган ҳамда табиий газ етиб бормаган ҳудудларда электр энергияси бўйича базавий меъёрни ойига 200 кВт·соатдан 350 кВт·соатга ошириш таклифи маъқулланди. Шу тариқа бундай ҳудудларда имтиёзли тариф бўйича ҳисобланадиган истеъмол ҳажми 150 кВт·соатга ёки 75 фоизга кўпайиши кўзда тутилмоқда.
Ҳозирда аҳолининг аксарияти учун электр энергиясининг дастлабки 200 кВт·соати 1 кВт·соат учун 650 сўмдан, 201 кВт·соатдан 500 кВт·соатгача бўлган қисми эса 900 сўмдан ҳисобланади. Мазкур тарифлар 2026 йил 1 июндан амал қилмоқда.
Тақдимотда Ижтимоий реестрга кирмаган, бироқ эҳтиёжманд ҳисобланган оилаларни қўллаб-қувватлаш мезонларини ҳам юмшатиш таклиф қилинди. Электр энергияси, газ, кўмир ва коммунал хизматлар харажатларини қоплашда оиланинг ҳар бир аъзосига тўғри келадиган даромад мезонини 1 млн 430 минг сўмгача ошириш кўриб чиқилди.
Президент матбуот хизматига кўра, бу ўзгариш ёрдам олувчи оилалар сонини яна 166 мингтага ошириши мумкин.
Бундан ташқари, электр энергияси ва табиий газни базавий меъёрдан ортиқ истеъмол қилиш билан боғлиқ харажатларнинг бир қисмини қоплаш муддатини 2028 йил 1 апрелгача узайтириш таклиф қилинди. Ушбу механизм орқали бир йил давомида 470 минг оилани қамраб олиш режалаштирилмоқда.
Амалдаги тартибда эҳтиёжманд оилаларга электр энергияси бўйича 200 кВт·соатлик базавий меъёрдан ортиқ истеъмол қилинган яна 150 кВт·соатгача бўлган қисм учун компенсация берилади. 2026 йил июнидан ушбу компенсациянинг максимал миқдори ойига 37,5 минг сўмни ташкил этади. Табиий газ учун эса иситиш мавсумида базавий меъёрдан ортиқ 250 куб метргача, бошқа даврларда 150 куб метргача истеъмол компенсация қилинади.
Шунингдек, шароити оғир маҳаллалардаги 3 мингта хонадонни иссиқлик жиҳатидан ҳимоялаш ҳамда энергия тежовчи ускуналар билан таъминлаш ишларини давом эттириш белгиланди. Декабрь ойида эҳтиёжманд оилаларга бир марталик моддий ёрдам ажратиш масаласини кўриб чиқиш ҳам таклиф қилинди.
Президент Ҳукуматга мазкур ёрдамлар учун маблағларни ўз вақтида йўналтириш, эҳтиёжманд оилаларни аниқлашда манзиллиликни таъминлаш ва маблағларнинг оилаларга етиб бориши устидан назоратни кучайтириш бўйича топшириқ берди.
Айни пайтда энергия ишлаб чиқарувчи ва етказиб берувчи корхоналарда бошқарув самарадорлигини ошириш, ортиқча харажатлар ҳамда тармоқлардаги йўқотишларни қисқартириш бўйича ҳам кўрсатмалар берилган.









