Аҳолига газ етказиб бериш учун субсидиялар босқичма-босқич бекор қилинади — Иқтисодиёт ва молия вазирлиги
Ўзбекистонда аҳолига табиий газни паст нархларда етказиб бериш натижасида корхоналарга ажратиладиган бюджет субсидиялари кескин қисқартирилади.
2023 йилда ушбу мақсад учун 18 трлн сўм сарфланган бўлса, 2029 йилга бориб харажатларни 1,3 трлн сўмгача камайтириш режалаштирилган.
Субсидиялар тариф ислоҳотлари орқали камайтирилиши режалаштирилгани сабабли, бу табиий газ нархларининг босқичма-босқич оширилишига олиб келиши мумкин.

Бу ҳақда 2027–2029 йилларга мўлжалланган Фискал стратегияда назарда тутилган.
Гап аҳолига бевосита тўланадиган субсидия ҳақида эмас. Давлат табиий газни аҳолига унинг иқтисодий қийматидан паст тарифларда етказиб бериш натижасида таъминотчи корхоналарда юзага келган зарарни бюджет ҳисобидан қоплаб келмоқда.
Стратегияда қайд этилишича, 2024 йилда бошланган энергетика тарифлари ислоҳоти натижасида бу йўналишдаги бюджет харажатлари сезиларли қисқарган. Хусусан, 2023 йилда газ корхоналарининг зарарларини қоплашга 18 трлн сўм ажратилган бўлса, 2025 йилда бу кўрсаткич 7 трлн сўмни, 2026 йилда эса 5,9 трлн сўмни ташкил этган.
Келгуси уч йил учун қуйидаги миқдорлар белгиланган:
- 2027 йилда — 5 трлн сўм;
- 2028 йилда — 4 трлн сўм;
- 2029 йилда — 1,3 трлн сўм.
Шу тариқа, 2023–2029 йилларда аҳолига паст нархда етказилган газ учун бюджетдан ажратиладиган компенсация қарийб 16,7 трлн сўмга ёки 93 фоизга камаяди.
Шу билан бирга, табиий газ учун субсидиялар қисқартирилаётган бир пайтда, иссиқлик таъминоти корхоналарининг аҳолига паст тарифларда хизмат кўрсатишдан кўрган зарарини қоплаш харажатлари ошиб боради.
Бу мақсадга ажратиладиган маблағ 2025 йилдаги 3,5 трлн сўмдан 2029 йилда 4,3 трлн сўмга етказилади:
- 2025 йилда — 3,5 трлн сўм;
- 2026 йилда — 3,8 трлн сўм;
- 2027 йилда — 3,8 трлн сўм;
- 2028 йилда — 4 трлн сўм;
- 2029 йилда — 4,3 трлн сўм ажратилиши кўзда тутилган.
Натижада газ ва иссиқлик таъминоти бўйича жами компенсациялар 2026 йилдаги 9,7 трлн сўмдан 2029 йилда 5,6 трлн сўмгача камаяди.
Ҳукумат ёқилғи-энергетика соҳасидаги тариф ислоҳотларини бозор механизмлари асосида давом эттириш орқали мазкур субсидияларни босқичма-босқич бекор қилишни режалаштирмоқда. Бу умумий паст тарифлар ҳисобига барча истеъмолчиларни бирдек субсидиялашдан эҳтиёжманд оилаларни манзилли қўллаб-қувватлаш тизимига ўтишни англатади.
Бироқ Фискал стратегияда газ тарифлари кейинги йилларда қанча оширилиши ёки бюджет субсидияси айнан қачон тўлиқ бекор қилиниши кўрсатилмаган. Ҳужжатдаги прогнозга кўра, 2029 йилда ҳам ушбу мақсад учун 1,3 трлн сўм сақлаб қолинади.









