12 055.810 so‘m

increase

36.540

14 008.850 so‘m

increase

24.430

169.060 so‘m

increase

3.410

12 055.810 so‘m

increase

36.540

13 соат аввал
Бозор
61

Тошкентда 1 хонали уйлар ижараси бир йилда 14 фоизга, 2 хоналиларники эса 10 фоизга ошди

Айни пайтда 3 хонали уйлар 12,5 фоизга, 4 ва ундан ортиқ хонали уйлар эса 26,1 фоизга арзонлашди.

Ҳудудлар кесимида 1 хонали уйлар энг кўп Мирободда 32 фоизга, 2 хоналилар эса Олмазорда 12 фоизга қимматлашди. 

Шу билан бирга, 3 хонали уйлар ижарасида энг катта пасайиш Шайхонтоҳурда 21 фоиз, 4 ва ундан ортиқ хонали уйлар бўйича эса Яшнободда 35 фоизни ташкил этди.

Тошкентда 1 хонали уйлар ижараси бир йилда 14 фоизга, 2 хоналиларники эса 10 фоизга ошди
Фото: AI/Pinkod.uz

Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти Тошкент шаҳридаги уй-жой ижара бозорини OLX платформасидаги эълонлар асосида таҳлил қилди. Тадқиқот 2026 йил 1 апрелдан бошлаб кўчмас мулк олди-сотди битимлари нақд пулсиз ҳисоб-китоб шаклига ўтказилганидан кейинги даврни ҳам қамраб олади.

OLX платформасидаги 1,7 млндан ортиқ эълонлар асосида ўтказилган таҳлилга кўра, ислоҳотдан кейинги биринчи ойда пойтахтда уй-жой ижарасининг ўртача нархи март ойидаги $550 даражасида сақланиб қолган. Йиллик ҳисобда ҳам умумий ўртача ижара нархида сезиларли ўзгариш қайд этилмаган.

Бозордаги фаол ижара эълонлари сони ҳам деярли ўзгармаган. Апрель ойида Тошкент шаҳрида 22,8 мингта фаол ижара эълони мавжуд бўлган.

Шу билан бирга, ижара бозорида хоналар сонига қараб турлича динамика кузатилмоқда. Ликвидлиги юқори бўлган 1 ва 2 хонали квартиралар ижараси қимматлашган бўлса, 3 ва 4 хонали уйлар сегментида нархлар пасайган.

Хусусан, бир хонали квартиралар ижараси йил давомида 14,3 фоизга ошиб, ўртача $400 ни ташкил этган. Икки хонали уйлар ижараси эса 10 фоизга қимматлаб, $550 га етган. Аксинча, уч хонали уйлар ижараси 12,5 фоизга пасайиб, $700 ни, тўрт ва ундан ортиқ хонали уйлар ижараси эса 26,1 фоизга арзонлашиб, $850 ни ташкил қилган.

Туманлар кесимида 1 хонали уйлар ижараси энг кўп Миробод туманида ошган — 32 фоиз. Олмазор ва Сергелида ўсиш 17 фоизни, Чилонзор, Мирзо Улуғбек ва Яшнобод туманларида эса 14 фоизни ташкил этган.

Икки хонали уйлар сегментида энг сезиларли ўсиш Олмазорда қайд этилган — 12 фоиз. Яшнобод ва Чилонзорда ижара нархлари 11 фоизга, Мирзо Улуғбек туманида эса 10 фоизга ошган.

Уч хонали уйлар бўйича эса айрим марказий туманларда пасайиш кузатилган. Шайхонтоҳурда ижара нархи 21 фоизга, Мирободда 17 фоизга, Мирзо Улуғбекда 12 фоизга, Яккасаройда эса 10 фоизга арзонлашган.

Тўрт ва ундан ортиқ хонали уйлар сегментида энг катта пасайиш Яшнобод туманида қайд этилган — 35 фоиз. Мирзо Улуғбекда нархлар 27 фоизга, Олмазор, Чилонзор ва Яккасаройда эса 17 фоизга тушган.

Ҳудудлар кесимида энг юқори ижара нархлари ҳануз марказий туманларда сақланиб қолмоқда. Бир хонали уйлар бўйича энг қиммат ижара Миробод туманида кузатилган — ўртача $593. Шайхонтоҳурда бу кўрсаткич $550, Яккасаройда эса $500 атрофида шаклланган. Энг арзон 1 хонали уйлар Бектемирда $300, Олмазор, Сергели ва Учтепада эса $350 дан таклиф қилинмоқда.

Икки хонали уйлар бўйича Миробод ва Шайхонтоҳур туманлари етакчилик қилмоқда. Бу ҳудудларда ўртача ижара нархи $700 ни ташкил этган. Яккасаройда бу кўрсаткич $650, Мирзо Улуғбек, Юнусобод ва Яшнобод туманларида эса $550 атрофида. Бектемир ва Учтепада 2 хонали уйлар нисбатан арзон, ўртача $400 дан таклиф қилинмоқда.

Уч хонали уйлар сегментида ҳам энг юқори нархлар марказий туманларда қайд этилган. Мирободда ўртача ижара $1000, Шайхонтоҳурда $950, Яккасаройда $900 ни ташкил қилган. Энг паст нархлар Бектемирда $400, Сергелида $450, Учтепада эса $500 атрофида бўлган.

Тўрт ва ундан ортиқ хонали уйлар бўйича энг юқори ижара нархи Мирободда қайд этилган — $1100. Яккасаройда бу кўрсаткич $1000, Мирзо Улуғбек ва Шайхонтоҳур туманларида $800, Юнусободда $700, Яшнободда эса $650 атрофида шаклланган. Бектемирда мазкур сегментдаги уйлар энг арзон бўлиб, ўртача ижара нархи $400 ни ташкил этган.

Таҳлилга кўра, Тошкент ижара бозорида асосий талаб кичик ҳажмли ва ликвид уйлар томон силжимоқда. Шу сабабли 1 ва 2 хонали квартираларда нархлар ўсишда давом этган. Катта хонадонлар сегментида эса талаб нисбатан чеклангани боис 3 ва 4+ хонали уйлар ижарасида пасайиш кузатилган.

Pinkod.uz сайтида эълон қилинган материаллардан нусха кўчириш, тарқатиш ва бошқа шаклларда фойдаланиш фақат таҳририят ёзма розилиги билан амалга оширилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 15.10.2024 санасида №440126 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.

© 2026 Pinkod.uz.
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

18+