Суд UPay тўлов тизими эгаси “Мароқанд” АЖни банкрот деб топди
Тошкент туманлараро иқтисодий суди UPay тўлов тизимига эгалик қилувчи “Мароқанд” акционерлик жамиятини банкрот деб топди. Ҳозирда компанияга нисбатан тугатиш бўйича суд иш юритуви бошланган. “Мароқанд” АЖ 2022 йилда Humans финтех экотизими томонидан тўлиқ сотиб олинган эди.

Тошкент туманлараро иқтисодий суди “Мароқанд” акционерлик жамиятини тўловга қобилиятсиз, яъни банкрот деб топди.
Суднинг тегишли ҳал қилув қарори 2026 йил 2 февраль куни чиқарилган. Ҳозирда компанияни тугатиш бўйича суд иш юритуви бошланган.
“Мароқанд” АЖ UPay тўлов тизимига эгалик қилади. UPay шахсий молиявий маблағларни бошқариш, давлат хизматлари, мобил алоқа, интернет ва ўйинлар учун тўловларни амалга ошириш, банк карталари ўртасида пул ўтказиш ҳамда электрон ҳамёнларни тўлдириш имконини берувчи тўлов сервиси ҳисобланади.
Компания 2018 йилда ташкил этилган бўлиб, 2022 йилда Humans финтех экотизими томонидан тўлиқ сотиб олинган.
2024 йил октабр ойида Марказий банк томонидан “Мароқанд” АЖга тегишли тўлов ташкилоти лицензияси 6 ой муддатга тўхтатилган эди. Бунга компания орқали қимор ўйинлари учун тўловлар қабул қилингани сабаб қилиб кўрсатилган. Белгиланган чеклов муддати 2025 йил апрель ойида бекор қилинган.
Эслатиб ўтамиз, 2025 йил май ойида Humans Mobile Ltd Ўзбекистон ҳукуматига қарши халқаро арбитраж судига мурожаат қилган эди.
Орадан бир неча ой ўтиб, 2025 йил октябрь ойида Humans МЧЖ банкрот деб топилди.
Шундан сўнг, декабрь ойининг илк дам олиш кунларида ўзбекистонлик фойдаланувчиларнинг Humans иловасига уланган банк карталаридан уларнинг розилигисиз пул маблағлари ечиб олингани ҳақида хабарлар тарқалди.
Мазкур ҳолат юзасидан ишлар ҳозирда Ички ишлар органлари томонидан ўрганилмоқда. Фуқаролардан юзага келган ҳолатлар бўйича тегишли тартибда мурожаат қилиш сўралган.
Humans ва унинг атрофидаги муҳим воқеалар ҳақида батафсил:









