12 212.790 so‘m

increase

43.380

14 411.090 so‘m

increase

51.190

159.520 so‘m

increase

0.570

12 212.790 so‘m

increase

43.380

4 соат аввал
FinLit
43

Ўзбекистонда исломий банклар нега йўқ эди ва энди нима ўзгаради?

Янги қонун исломий банклар учун алоҳида литцензия, солиқ тартиби, инвеститсион омонат институти ҳамда AAOIFI стандартлари асосида фаолият юритиш механизмини белгилаб бермоқда.

Ўзбекистонда исломий банклар нега йўқ эди ва энди нима ўзгаради?
Фото: AI/Pinkod.uz

Исломий молия тушунчаси

Исломий молия деганда ислом қонунларига мувофиқ амалга ошириладиган молиявий фаолият тизимини тушуниш керак.

Мазкур тизим ахлоқий ва ижтимоий масъулиятга асосланган инвестициялар, рискни шерикчилик асосида тақсимлаш ҳамда фоизнинг (рибо) тақиқланиши каби тамойилларига таянади. Ушбу модель анъанавий фоизли қарз асосидаги молиялаштиришдан фарқли равишда фойда ва зарарларни бўлишиш принципи асосида ишлайди.

Исломий молия анъанавий, фоизли қарзга асосланган молиялаштириш моделидан тубдан фарқ қилади. У фойда ва зарарларни бўлишиш (profit and loss sharing) тамойилига таянади. Яъни, молиялаштирувчи ва маблағ олувчи ўртасидаги муносабат кредитор–қарздор шаклида эмас, балки ҳамкорлик асосида қурилади.

Ислом молияси пулнинг ўзи мустақил қиймат манбаи эмас, деган эътиқодга асосланади. Пул реал иқтисодий фаолият – маҳсулот ишлаб чиқариш ёки хизмат кўрсатиш жараёнига боғланмагунча даромад келтирувчи восита сифатида кўрилмайди. Бошқача айтганда, шунчаки пулдан-пул ишлаб олиш мумкин эмас.

Шунингдек, исломий молия инвестицияларнинг ижтимоий жиҳатдан зарарли соҳаларга йўналтирилишини рад этади. Масалан, алкоголь, тамаки маҳсулотлари, қимор, ноқонуний фаолият ёки ахлоқий жиҳатдан номақбул соҳаларга сармоя киритиш тақиқланади.

Ўзбекистонда исломий молияга талаб

Сўнгги йилларда исломий молияга бўлган глобал қизиқиш ортиб борар экан, Ўзбекистон ҳам ушбу жараёндан четда қолаётгани йўқ.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, мамлакатда исломий банк тизимини жорий этиш камида 10 миллиард АҚШ доллари миқдорида қўшимча инвестицияларни жалб этиш имконини яратиши мумкин. Ушбу прогноз 2019 йилда ўтказилган Bank Expo тадбирида илгари сурилган бўлиб, бугунги иқтисодий шароит ва молиявий бозорлар кенгайиб бораётганини инобатга олсак, потенциал инвестиция ҳажми бундан ҳам юқори бўлиши эҳтимолдан холи эмас.

Аҳоли ва тадбиркорлар ўртасидаги талаб ҳам бу йўналишнинг истиқболли эканини кўрсатади. “Миллий тикланиш” демократик партияси маълумотларига кўра, БМТ Тараққиёт дастури (UNDP) томонидан ўтказилган сўровнома натижаларига кўра, аҳолининг 68 фоизи ҳамда тадбиркорларнинг 60 фоизи диний эътиқод сабабли анъанавий банк хизматларидан фойдаланишни истамаслигини билдирган.

Исломий молия ва анъанавий молия тизимининг фарқлари

Исломий молия тизими анъанавий молия билан бир вақтнинг ўзида бир қатор фарқли ва баъзи ўхшаш жиҳатлари мавжуд. Биринчи навбатда иккала молия тизими ўртасидаги фарқларга тўхталиш мақсадга мувофиқ бўлади. 

Иккала тизим ўртасидаги биринчи фарқ сифатида ушбу тизимлар қайси манбаларга асосланиши келтириб ўтиш керак. Ислом молияси ўз номидан сезилганидек ислом қоидаларига асосланган бўлади. Бунда манбалар сифатида Қурони карим ва сунна, шунингдек, ижмо ва қиёсга асосланган бўлади. Ҳар қандай кейинги чиқарилаётган қарор, молиявий маҳсулотлар ислом қоидаларига мос келиши шарт.

Анъанавий тизимда эса асосий манба сифатида қонунчилик кўрсатиб ўтилади. Бу тизимдаги шахслар қонунда тақиқланмаган исталган фаолият билан шуғилланиши ва худди шундай тақиқланмаган исталган йўл орқали даромад ҳамда фойда кўришлари мумкин.

Кейинги фарқларни тушуниш учун ислом молияси принципларига тўхталиб ўтиш керак.

Исломий молиянинг асосий принциплари учта муҳим чеклов ва битта асосий механизмга таянади.

Биринчидан, рибо (фоиз) тақиқланади. Яъни, пулни қарз бериб, устига олдиндан белгиланган фоиз олиш мумкин эмас. Даромад фақат реал иқтисодий фаолият орқали олиниши керак. Иккинчидан, ғарар (ноаниқлик) ман этилади. Шартномалар аниқ, шаффоф ва тушунарли бўлиши шарт.

Учинчидан, майсир (қимор) тақиқланади. Тасодиф ва соф спекуляцияга асосланган операцияларга рухсат берилмайди. Асосий механизм эса — фойда ва зарарни бўлишиш. Яъни, молиялаштирувчи ва тадбиркор рискни биргаликда кўтаради.

Шу тамойиллар исломий молияни анъанавий, фоизга асосланган тизимдан фарқлайди.

Нега Ўзбекистонда шу пайтгача исломий банклар мавжуд эмас?

Ўзбекистонда исломий банк ва унга оид хизматлар жорий этишдаги энг катта тўсиқлардан бири бу қонунчиликда исломий молия ёки исломий банкчиликка оид нормативлар белгилаб қўйилмаганидадир.

Бироқ 2026 йилда ушбу бўшлиқни бартараф этиш кутилмоқда. 5 февраль куни Ўзбекистон Сенати исломий банк фаолиятини жорий этишга қаратилган қонунни маъқуллади. Эндиликда ҳужжат президент томонидан имзоланиб, расмий эълон қилингач кучга киради.

Қонун билан икки кодекс ва етти қонунга исломий банк фаолиятини амалга оширишнинг ҳуқуқий асосларини белгилайдиган янги нормалар киритилмоқда.

Хусусан, исломий банк фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи алоҳида лицензия тури жорий этилиб, унга қўйиладиган талаблар белгиланмоқда. Мазкур лицензия банкларга тўлиқ исломий банк фаолиятини олиб бориш ёки бир вақтнинг ўзида ҳам анъанавий, ҳам исломий банк хизматларини кўрсатиш имконини беради.

Шунингдек, исломий молия фаолияти билан боғлиқ масалаларни мувофиқлаштириш мақсадида Марказий банк ҳамда исломий банк фаолиятини амалга оширувчи банкларда исломий молия кенгашларини ташкил этиш назарда тутилмоқда.

Бундан ташқари, Солиқ кодексига исломий молия операцияларини солиққа тортиш тартибини белгилайдиган алоҳида боб киритилмоқда. Унга мувофиқ, исломий молия фаолиятидан олинадиган даромадлар солиқ солиш мақсадида фоизли даромадларга тенглаштирилади. Шу билан бирга, банклар ва микромолия ташкилотлари томонидан мижозларга реализация қилинадиган товарларга қўйиладиган устамалар қўшилган қиймат солиғидан (ҚҚС) озод этилади.

Исломий банклардаги инвестицион омонатлар ва одатий банклардаги омонатлар фарқи

Сенатнинг ялпи мажлисида мазкур қонун лойиҳаси ҳамда унда белгиланган талаблар муҳокама қилинган эди. Муҳокамалар чоғида сенатор Икромхон Нажмиддинов “Банклардаги омонатларни ҳимоя қилиш кафолатлари тўғрисида”ги қонуннинг 3-моддасига киритилаётган “инвестицион омонат” тушунчаси, унинг амалдаги анъанавий омонатлардан фарқи ва нега алоҳида тур сифатида кўрсатилаётгани юзасидан савол берди.

Марказий банк раиси ўринбосари Аброр Турдалиевнинг таъкидлашича, инвестицион ва анъанавий омонатлар мутлақо икки хил молиявий инструмент ҳисобланади. Унинг тушунтиришича, исломий молия тамойиллари асосида фаолият юритувчи банклар фойдани тақсимлаш ва вакиллик шартномалари асосида жалб қиладиган маблағлар “инвестицион омонат” сифатида қайд этилади.

Анъанавий омонатларда эса омонат муддати ва фоиз ставкаси олдиндан белгиланади ҳамда даромад тўланиши кафолатланади. Исломий молия тизимида эса пул маблағлари инвестиция шаклида жойлаштирилади ва омонатчи банк билан биргаликда фойда ҳамда зарар рискларини бўлишади.

Шу боис, инвестицион омонат эгаси барча молиявий хавф-хатарларни банк билан тенг даражада зиммасига олади. Айнан мана шу омил сабабли ушбу турдаги омонатлар “Банклардаги омонатларни ҳимоя қилиш кафолатлари тўғрисида”ги қонун доирасида кафолатланмайди, дея изоҳ берган Марказий банк раиси ўринбосари.

Ўзбекистонда исломий банклар қайси стандартлар асосида фаолият олиб боради?

Ўзбекистонда исломий банклар фаолияти AAOIFI халқаро стандартлари асосида йўлга қўйилиши режалаштирилмоқда.

Марказий банк раиси ўринбосари Аброрхўжа Турдалиэвнинг тушунтиришича, ҳисобрақам очиш, улар бўйича тўловларни амалга ошириш, валюта айирбошлаш каби оддий банк операциялари аввалгидек умум қабул қилинган анъанавий тартибда бажарилади.

Исломий молияга оид операциялар бўйича эса Ўзбекистонда дастлаб 7 та асосий йўналишда стандартлар қабул қилиниши режалаштирилган. Марказий банк вакилининг айтишича, бу стандартлар асосан AAOIFI — “Исломий молия институтлари учун бухгалтерия ва аудиторлик ташкилоти” стандартларига таянган ҳолда ишлаб чиқилади.

Гап Муробаҳа, исломий ижара, музораба, вакала, мушорака, салам ва истисна молиявий операциялари ҳақида бормоқда. Айнан ушбу йўналишлар қонунда қайд этилган бўлиб, Марказий банк уларни дастлабки ва энг долзарб исломий молия инструментлари сифатида баҳоламоқда.

Келгусида исломий молия тизими ривожланиб бориши билан қўшимча операциялар бўйича ҳам янги стандартлар ишлаб чиқилиши мумкин. Бу эса мураккаброқ исломий молия маҳсулотларини жорий этишга асос бўлади.

Ўзбекистонда илк исломий банк қачон пайдо бўлади?

Янгиланган “Ўзбекистон-2030” стратегиясига кўра, 2030 йилга қадар камида учта тижорат банкида исломий молия хизматларини йўлга қўйиш режалаштирилмоқда.

Стратегияга мувофиқ, мамлакатда исломий молиянинг тўлиқ ҳуқуқий асосларини яратиш назарда тутилган.

Режаларга кўра, 2026 йилда Ўзбекистонда бирор банкда исломий молия хизматлари йўлга қўйилиши кутилмайди. Бу ҳолат айнан шу йилда қонунчилик базасини ишлаб чиқиш жараёни билан боғлиқ бўлиши мумкин. 2027–2028 йилларда бундай банклар сони 1 тага етади, 2029 йилда камида 2 тага, 2030 йилга бориб эса камида 3 тага етказилиши режалаштирилган.

Маълумот учун, микромолия ташкилотлари томонидан 2025 йилнинг 9 ойида кўрсатилган исломий молиялаштириш хизматлари қуйидагиларни ўз ичига олади:

  • муробаҳа (насия савдога асосланган молиялаштириш),
  • исломий ижара (ижара асосидаги молиялаштириш),
  • музораба (фойда тақсимлашга асосланган молиялаштириш).

Мазкур хизматларнинг умумий ҳажми 8,6 млрд сўм бўлиб, бу ўтган йилга нисбатан 14 баробар ўсишни англатади.


Муаллиф: Тошкент давлат юридик университети 
талабаси Диёрбек Қамбаров.

Pinkod.uz сайтида эълон қилинган материаллардан нусха кўчириш, тарқатиш ва бошқа шаклларда фойдаланиш фақат таҳририят ёзма розилиги билан амалга оширилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 15.10.2024 санасида №440126 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.

© 2026 Pinkod.uz.
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

18+