11 987.160 so‘m

increase

13.680

13 393.250 so‘m

decrease

-43.390

146.290 so‘m

decrease

-0.300

11 987.160 so‘m

increase

13.680

Якин 31 дақиқа ичида
Банк
50

Ўзбекистон ёки Қозоғистон: 9 ойда қаердаги банклар кўпроқ соф фойда олди?

2026 йилнинг тўққиз ойида Қозоғистон банклари Ўзбекистон банкларига нисбатан қарийб 3,2 баравар кўп соф фойда олди. 

Қозоғистонда банклар фойдаси йиллик ҳисобда 11,6 фоизга камайган бўлса, Ўзбекистонда 40,3 фоизга ошди. 

Шунга қарамай, Қозоғистондаги биргина Halyk Bank’нинг ўзи бутун Ўзбекистон банк тизимидан 22 фоиз кўпроқ соф фойда қайд этган. 

Pinkod икки давлат банкларининг тўққиз ойлик соф фойдаси ва капитал рентабеллигини таққослаб чиқди. 

Ўзбекистон ёки Қозоғистон: 9 ойда қаердаги банклар кўпроқ соф фойда олди?

2026 йилнинг январь–сентябрь ойларида Қозоғистон банкларининг соф фойдаси 1,812 трлн тенгени ташкил этди. Ўзбекистон тижорат банклари эса шу даврда 15,256 трлн сўм соф фойда олди. 

1 октябрдаги расмий валюта курслари бўйича ушбу суммалар тегишлича 4,11 млрд доллар ва 1,29 млрд долларга тенг. Шу тариқа, соф фойдадаги фарқ Қозоғистон фойдасига қарийб 2,82 млрд долларни ташкил қилмоқда.

КўрсаткичЎзбекистонҚозоғистон
Банклар сони35 та23 та
Январь–сентябрдаги соф фойда15,256 трлн сўм1,812 трлн тенге
Доллар эквивалентида1,29 млрд доллар4,11 млрд доллар
Соф фойданинг йиллик ўзгариши+40,3%−11,6%
Жами активлар, доллар ҳисобида88,5 млрд доллар174,2 млрд доллар
Капитал рентабеллиги — ROE14,1%22,7%

Жадвал регуляторлар маълумотлари ва Pinkod ҳисоб-китоблари асосида тузилди. Доллар эквивалентлари 2026 йил 1 октябрдаги расмий курсларда ҳисобланган: 1 доллар — 11 808,76 сўм ва 440,86 тенге.

Активларда икки баравар, фойдада уч баравардан кўп фарқ

1 октябрь ҳолатига Ўзбекистон банк тизимининг жами активлари 1 044,8 трлн сўмни ташкил қилган. Қозоғистонда эса бу кўрсаткич 76,8 трлн тенгега етган. Доллар ҳисобида қўшни мамлакат банк тизими қарийб икки баравар катта.

Соф фойдадаги тафовут эса 3,2 бараварни ташкил этмоқда. Демак, Қозоғистон банкларининг кўпроқ фойда олишини фақат активлар ҳажми билан тушунтириб бўлмайди.

Капитал рентабеллигида ҳам фарқ бор. Ўзбекистонда регулятор эълон қилган ROE бир йил ичида 11,8 фоиздан 14,1 фоизга кўтарилган. Қозоғистонда эса ушбу кўрсаткич 22,7 фоизни ташкил этган. ROE банк капиталига нисбатан қанча соф фойда олаётганини ифодалайди.

Ўзбекистонда ўсиш, Қозоғистонда пасайиш

Ўзбекистон банклари 2025 йилнинг январь–сентябрь ойларида 10,876 трлн сўм соф фойда олган эди. Жорий йилнинг шу даврида натижа 4,38 трлн сўмга яхшиланган.

Қозоғистонда эса пасайиш кўпчилик банкларда кузатилган. Halyk Finance таҳлилига кўра, мамлакатдаги 23 та банкдан 16 тасининг тўққиз ойлик фойдаси ўтган йилнинг мос даврига нисбатан камайган.

Секторнинг соф фоизли даромади атиги 1 фоизга ошиб, 3,162 трлн тенгени ташкил қилган. Соф комиссия даромадлари эса 25,5 фоизга камайиб, 356 млрд тенгега тушган. Бу банкларнинг комиссиялардан оладиган соф даромади сезиларли қисқарганини кўрсатади.

Энг кўп фойдани қайси банклар олди?

Ўзбекистонда тўққиз ойлик натижалар бўйича “Ипотека-банк” етакчи бўлди. Банк қарийб 175,5 млн доллар соф фойда қайд этган. Кейинги ўринларни 131,4 млн доллар билан Ўзмиллийбанк ва 125,4 млн доллар билан Ҳамкорбанк эгаллаган.

ЎринЎзбекистон банклариСоф фойда
1Ипотека-банк175,5 млн доллар
2Ўзмиллийбанк131,4 млн доллар
3Ҳамкорбанк125,4 млн доллар
4Капиталбанк111,2 млн доллар
5Ўзсаноатқурилишбанк102,2 млн доллар

Ушбу бешта банк биргаликда қарийб 645,7 млн доллар ёки тизим соф фойдасининг ярмини шакллантирган.

Қозоғистонда фойданинг анча катта қисми етакчи банкларда жамланган. Halyk Bank январь–сентябрда қарийб 1,57 млрд доллар, Kaspi Bank эса 793,2 млн доллар соф фойда олган.

ЎринҚозоғистон банклариСоф фойда
1Halyk Bank1 574,2 млн доллар
2Kaspi Bank793,2 млн доллар
3Bank CenterCredit365,2 млн доллар
4Otbasy Bank288,1 млн доллар
5ForteBank225,9 млн доллар

Мазкур бешта банк жами қарийб 3,25 млрд доллар соф фойда олган. Уларнинг сектор умумий фойдасидаги улуши 79 фоизни ташкил этади. Фақат Halyk ва Kaspi биргаликда 2,37 млрд доллар ёки жами фойданинг 57,6 фоизини шакллантирган.

Halyk Bank’нинг ўзи Ўзбекистон банк тизимининг жами натижасидан қарийб 22 фоиз кўп фойда олган. Ўзбекистондаги етакчи — “Ипотека-банк” билан таққослаганда эса фарқ қарийб 9 бараварни ташкил этади.

Шу билан бирга, миллий валютада ҳисобланганда Halyk Bankнинг соф фойдаси йиллик ҳисобда 4,6 фоизга камайган. Kaspi Bankда пасайиш 17,3 фоизни, Bank CenterCredit’да 19 фоизни, ForteBank’да эса 30 фоизни ташкил этган.

Кредитлар таркибида ҳам катта тафовут бор

Қозоғистон банклари кредитлашда аҳолига кўпроқ йўналтирилган. 1 октябрь ҳолатига иқтисодиётга ажратилган 43,1 трлн тенгелик кредитларнинг 26,7 трлн тенгеси ёки қарийб 62 фоизи жисмоний шахслар ҳиссасига тўғри келган.

Ўзбекистонда эса 659,1 трлн сўмлик кредит портфелининг 248,4 трлн сўми аҳолига ажратилган. Бу жами кредитларнинг 37,7 фоизига тенг. Қолган 62,3 фоиз юридик шахслар ҳиссасига тўғри келган.

Шу билан бирга, Қозоғистонда чакана кредитлаш суръати секинлашмоқда. Halyk Finance маълумотига кўра, аҳолига кредитлар йил бошидан 7,6 фоизга ошган. Ўтган йилнинг мос даврида ўсиш 16,2 фоиз бўлган эди.

Pinkod.uz сайтида эълон қилинган материаллардан нусха кўчириш, тарқатиш ва бошқа шаклларда фойдаланиш фақат таҳририят ёзма розилиги билан амалга оширилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 15.10.2024 санасида №440126 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.

© 2026 Pinkod.uz.
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

18+