12 654.130 so‘m

increase

67.720

14 817.990 so‘m

increase

59.170

161.180 so‘m

increase

0.760

12 654.130 so‘m

increase

67.720

20 июнь, 13:43
Иқтисодиёт

Ўзбекистон иқтисодиёти барқарор ўсишда давом этмоқда, аммо ислоҳотлар жадаллашиши керак — ХВЖ

Халқаро валюта жамғармаси ҳисоботида мамлакатнинг иқтисодий ўсиши олқишланган бўлса-да, иқтисодиётда давлат иштирокининг ҳануз юқорилиги ва ташқи хатарлар асосий муаммолар сифатида кўрсатилган.

Ундан ташқари, ташкилот Ўзбекистонга Марказий банк мустақиллигини мустаҳкамлашни ҳам тавсия қилмоқда.

Ўзбекистон иқтисодиёти барқарор ўсишда давом этмоқда, аммо ислоҳотлар жадаллашиши керак — ХВЖ
Фото: AI / Pinkod.uz

2025 йил 16 июнь куни Халқаро валюта жамғармаси Ўзбекистон билан IV-модда бўйича йиллик консультацияни якунлади

Ҳисоботга кўра, 2024 йилда мамлакатда реал ЯИМ 6,5%, 2025 йил I чорагида эса 6,8% га ўсган. Ўсиш асосан кучли ички талаб, хусусий истеъмол ва инвестициялар билан боғлиқ.

Шу билан бирга, энергетика секторида нархларни либераллаштириш бўйича амалга оширилган ислоҳотлар 2024 йил май ойида инфляцияни 10,6 фоизга олиб чиққан. Бироқ 2025 йил апрель ҳолатига бу кўрсаткич 10,1 фоизгача пасайгани кузатилган.

Жорий ҳисоб балансидаги тақчиллик 2024 йилда ЯИМга нисбатан 2,6 фоиз пунктга қисқарган ҳолда 5 фоиз атрофида бўлган. Бунга кучли пул ўтказмалари, олтиндан ташқари экспорт ҳажмининг ошиши ва 2023 йилдаги бир марталик импорт тўлқинининг ортга қайтишини сабаб қилиб кўрсатиш мумкин. Халқаро захиралар эса 2026 йил охиригача 9,2 ойлик импортни қоплай оладиган даражада сақланиши прогноз қилинмоқда.

Фискал интизом борасида ҳам муҳим натижалар қайд этилгани таъкидланган. 2024 йилда консолидациялашган бюджет тақчиллиги 1,7 фоиз пунктга қисқариб, ЯИМга нисбатан 3,2 фоизни ташкил этди. Бироқ, кенгайтирилган давлат сектори даражасида кутилганидан юқори миқдорда қарз олиш ва сарф-харажатлар кузатилган.

ХВЖ прогнозига кўра, 2025–2026 йилларда реал ЯИМ ўсиши ҳар йили 6% атрофида бўлади, инфляция эса 2027 йилга келиб 5% гача тушади.

Шунга қарамай, ташқи савдо ноаниқлиги, товар нархлари ва давлат сектори мажбуриятлари хавф омиллари сифатида қолмоқда. ХВЖ тузилма ислоҳотларини жадаллаштириш, давлат иштирокини камайтириш ва молиявий секторни мустаҳкамлаш зарурлигини таъкидлади.

Ижроия кенгаши баҳоси

IMF директорлар кенгаши Ўзбекистоннинг иқтисодий трансформациядаги саъй-ҳаракатларини олқишлади. Шу билан бирга, улар давлатнинг иқтисодиётдаги роли ҳануз юқори эканлигини ва бу хусусий сектор ривожини чеклаб, макроиқтисодий барқарорликка хавф туғдириши мумкинлигини қайд этди.

Директорлар фискал консолидация соҳасида эришилган ютуқларни эътироф этаркан, солиқ базасини кенгайтириш, бюджет харажатларини самарали ташкил этиш, ва давлатнинг юқори даромадли даврларда (масалан, олтин нархининг ўсиши фонида) протсиклик сиёсатдан сақланишини таъминлаш муҳимлигини таъкидлади. Маълумот учун, Марказий банк 2025 кетма-кет уч ойдан бери жаҳон миқёсида олтин сотиш бўйича етакчи бўлиб келмоқда

Шунингдек, давлат корхоналари ва давлат-хусусий шерикликлардан келиб чиқадиган фискал хатарларни мониторинг қилиш ва уларни бошқариш тизимини мустаҳкамлаш зарурати ҳам кўрсатиб ўтилган.

Марказий банк мустақиллиги

Марказий банк фаолияти ҳам ижобий баҳоланди. Инфляцияни жиловлашга қаратилган қатъий сиёсат, пул-кредит сиёсатининг маълумотларга асосланганлиги ва алмашув курсининг мослашувчанлигини ошириш бўйича режаларга ижобий баҳо берилди. Директорлар Марказий банк мустақиллигини мустаҳкамлаш ва AML/CFT тизимини ривожлантириш бўйича тавсиялар бердилар. Бироқ, ХВЖ апрель ойидаги банклардаги омонат ставкаларининг оммавий равишда туширилишига қандай муносабат билдиргани номаълум. Жамоатчилик ўша пайтда мазкур синхрон ўзгариш маъмурий аралашув натижаси бўлиш мумкинлигини тахмин қилган эди

Банк секторида эса назорат, муаммоли активларни таснифлаш, носоз кредитларни бошқариш ва давлат банкларининг тижоратлаштирилишини тезлаштириш лозимлиги таъкидланди. Хусусийлаштириш жараёнлари эса халқаро стандартларга мувофиқ олиб борилиши керак.

Pinkod.uz сайтида эълон қилинган материаллардан нусха кўчириш, тарқатиш ва бошқа шаклларда фойдаланиш фақат таҳририят ёзма розилиги билан амалга оширилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 15.10.2024 санасида №440126 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.

© 2025 Pinkod.uz.
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

18+