Ўзбекистон банклари 9 ойда қанча фойда олди?
2025 йилнинг 9 ойида Ўзбекистон банклари 10,9 триллион сўм фойда кўрди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 2,8 триллион сўмга ёки 34,5 фоизга кўпдир. Энг юқори натижани Ўзмиллийбанк, SQB, Ҳамкорбанк ва Капиталбанк кўрсатган бўлса, фойдаси энг кўп камайган банклар орасида TBC Bank ва Ипотека банк етакчилик қилди.

2025 йилнинг январь–сентябрь ойларида Ўзбекистон банк тизими умумий ҳисобда 10,9 триллион сўмлик соф фойда олди.
Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 2,79 триллион сўмга ёки 34,5 фоизга кўпдир (2024 йилнинг шу даврида 8,1 триллион сўм). Банклар кесимидаги соф фойда ҳақида Bankers.uz оператив маълумотларга таяниб хабар берди.
9 ой якунида фақат тўртта банкнинг соф фойдаси 1 триллион сўмдан ошди. Энг юқори натижани Ўзмиллийбанк қайд этиб, 1 триллион 449,7 миллиард сўмлик фойда олди.
Ундан кейинги ўринларда СҚБ 1 триллион 386 миллиард сўм, Ҳамкорбанк 1 триллион 267,8 миллиард сўм ва Капиталбанк 1 триллион 156,6 миллиард сўмлик фойда билан жойлашди.
.png)
Бу тўртта банкдан ташқари, ОФБ (793,5 млрд сўм), Ипак Йўли Банк (752,5 млрд сўм) ҳамда Трастбанк (616,9 млрд сўм) ҳам етакчи ўнталикда қайд этилган. Энг катта ўсиш БРБ банкида кузатилиб, унинг фойдаси 279,1 млрд сўм зарар ҳолатидан чиқиб, 386,9 млрд сўмга етган (яъни 666 млрд сўмлик ижобий ўзгариш).
Шунингдек, Алоқабанк (+237 млрд сўм), Анорбанк (+135,3 млрд сўм) ва KDB Bank Uzbekistan (+100,3 млрд сўм) ҳам сезиларли ўсишга эришган.
Ўтган йилнинг айни шу даврини зарар билан якунлаган Ҳаёт банк (10,8 млрд сўм) ва Аво банк (0,4 млрд сўм) бу йили соф фойда олганини алоҳида такидлаш керак.
Бироқ айрим банкларда соф фойда камайган. Хусусан, TBC Bank Узбекистаннинг фойдаси 244,1 миллиард сўмга, Ипотека банкники 86,8 миллиард сўмга, Туронбанкники 13,1 миллиард сўмга, Ziraat Банкники эса 11,3 миллиард сўмга қисқарган.
Ундан ташқари Янги банк (52,2 млрд) ва Апех банк (95,4 млрд) III чоракни зарар билан якунлади.









